Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

20.09.2017 17:03 Чоп этиш версияси

Ҳуқуқий ахборотни тарқатиш такомиллашмоқда

Ўзбекистон Республикасининг жорий йил 7 сентябрда қабул қилинган "Ҳуқуқий ахборотни тарқатиш ва ундан фойдаланишни таъминлаш тўғрисида"ги қонуни фуқароларнинг ҳуқуқий ахборотдан фойдаланиши учун кенг имкониятлар яратди. Фарғонада бўлиб ўтган матбуот анжумани мазкур қонуннинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини аҳолига тушунтиришга бағишланди.

Тадбирда мамлакатимизда аҳолининг ҳуқуқий ахборотга бўлган эҳтиёжини таъминлаш, жамиятимизда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш, қонунийликни мустаҳкамлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётгани таъкидланди.

– Қонуннинг асосий мақсади ҳуқуқий ахборотни тарқатиш ва ундан фойдаланишни таъминлаш билан боғлиқ муносабатларни тартибга солишдан иборат бўлиб, унда ҳуқуқий ахборотдан фойдаланиш давлат томонидан кафолатланмоқда, – дейди вилоят адлия бошқармаси бўлим бошлиғи Ш.Холматов. – Шу билан бирга, қонунда давлат органлари, бошқа ташкилотлар ва мансабдор шахслар ҳар кимга ҳуқуқий ахборотдан фойдаланиш имкониятини белгиланган тартибда таъминлаши шарт экани, шунингдек, вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларининг ҳуқуқий ахборотни белгиланган тартибда, жумладан, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни юбориш, эълон қилиш, ўз расмий веб-сайтига жойлаштириш орқали тарқатиши белгилаб қўйилди. Яъни ҳуқуқий ахборотдан фойдаланувчилар ҳеч қандай тўсиқларсиз ҳуқуқий ахборотни излаш, олиш ва уни тарқатиш имкониятига эга бўлмоқда.

Қонуннинг яна бир жиҳати, ахборот-кутубхона ва таълим муассасалари, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, фуқароларнинг ҳам ҳуқуқий ахборотни тарқатиш ва ундан фойдаланишни таъминлашдаги ўрни ва иштироки белгиланди.

Анжуманда ушбу қонуннинг мазмун-моҳияти ва аҳамияти бўйича олиб бориладиган тарғибот-тушунтириш ишларини янада такомиллаштириш юзасидан фикр алмашилди. Иштирокчиларни қизиқтирган саволларга мутахассислар жавоб қайтарди.

Маъсуджон Сулаймонов, ЎзА
2 715






Все о погоде - Pogoda.uz