Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

19.09.2017 12:33 Чоп этиш версияси

Ҳуқуқбузарлар қўлга олинди

Қашқадарё вилоятида ҳар ҳафта пайшанба куни ўтказилаётган профилактика тадбирларида жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, уларни содир этилишидан олдин аниқлаш, аҳоли ўртасида тарғибот ишлари олиб боришда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар билан бирга, кенг жамоатчилик вакилларини ҳам жалб этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Бу борада Қашқадарё вилояти ИИБ транспортда жамоат хавфсизлигини таъминлаш бошқармаси томонидан ҳам муайян ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, мазкур бошқарманинг йўловчи поездларини кузатиш батальони 2-гуруҳ ходимлари томонидан йўловчи поездларда жамоат тартибини сақлаган ҳолда фуқаролар хавфсизлиги таъминланиб, йўловчиларнинг ўз манзилига соғ-саломат етиб бориши тўлиқ назоратга олинган. Йўл давомида фавқулодда ҳолатлар содир этилишининг олдини олиш мақсадида профилактика тадбирлари мунтазам йўлга қўйилган.

Жорий йилнинг 5 сентябрь куни 330-“Москва – Душанбе” транзит йўловчи поездини кузатиб келаётган ушбу гуруҳ ходимлари Ё.Чориев ва С.Жумаев томонидан Қарши шаҳри Гулбоғ кўчаси 37-уйда яшовчи 1989 йилда туғилган фуқаро А.Саодатов, Қарши шаҳри И.Мўминов кўчаси 25-уйда яшовчи 1997 йилда туғилган фуқаро О.Ҳазратқулов, Қарши шаҳри Масхаб кўчаси 20-уйда яшовчи 1985 йилда туғилган фуқаро М.Рўзиев содир этган қоидабузарлик аниқланди. Улар ўз ҳаётини хавф остига қўйиб, Навоий – Қарши йўналишининг 142-143-разъездлар оралиғида поездлар секинлашишидан фойдаланиб, ҳеч қандай чиптасиз поездга чиқади ва вагонларда ноқонуний савдо-сотиқ билан шуғулланаётган вақтда қўлга олинади. Ходимлар томонидан уларга нисбатан қонуний ҳужжатлар расмийлаштирилиб, вилоят ИИБ транспортда жамоат хавфсизлигини таъминлаш бошқармасига топширилди. Ушбу фуқароларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 144-моддасига асосан маъмурий баённома тузилиб, ҳуқуқбузарларнинг ҳар бирига нисбатан энг кам ойлик маошининг икки баробари миқдорида жарима солинди.

– Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 30 ноябрдаги “Темир йўлда ташиш хавфсизлигини таъминлашга қаратилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорига асосан, йўловчи ташиш вагонларида ташкил этилган ресторан ва буфетлар хизматчиларидан ташқари ҳеч қайси фуқарога савдо-сотиқ қилишга рухсат берилмайди, – дейди ИИБ транспортда жамоат хавфсизлигини таъминлаш бошқармаси йўловчи поездларини кузатиш батальони 2-гуруҳ командири, сержант Суннат Рўзиқулов. – Бунинг устига мазкур ҳуқуқбузарлар чиққан поезд қўшни давлатга тегишли бўлиб, унга нафақат бошқа фуқаролар, балки темир йўл вокзаллари хизматчиларига ҳам чиқиш тақиқланган. Афсуски, айрим фуқаролар мана шундай қонунга хилоф ҳаракатларни амалга ошириб, мавжуд қонун-қоидаларни қўпол равишда бузмоқда. Профилактика тадбирлари натижасида кейинги ойларда бу турдаги ҳуқуқбузарликлар камайишига эришилмоқда.

Профилактика куни тадбирлари турли ҳуқуқбузарликларни фош этиш билан бирга, фуқароларни қийнаётган муаммоларни аниқлаш ва уларни ўз вақтида бартараф қилишда ҳам ўз самарасини бермоқда. Ички ишлар идоралари ходимларининг халқ орасида бўлиши, хонадонма-хонадон юриши кўплаб ҳуқуқбузарлик ва жиноятларнинг олдини олишга хизмат қилмоқда.

Ўлмас Баротов, ЎзА
1 717






Все о погоде - Pogoda.uz