ЎзА Ўзбек

13.07.2019 Чоп этиш версияси

Турмуш ўртоғи йўқолганидан ташвишланган эрнинг қилмиши фош бўлди

Турмуш ўртоғи йўқолганидан ташвишланган эрнинг қилмиши фош бўлди

Жиззах шаҳри Наврўз маҳалласида истиқомат қилувчи 1966 йилда туғилган фуқаро ички ишлар органига ариза билан мурожаат қилганда 20 май эди.

Ўз аризасида фуқаро Т.Ш шу йилнинг 1 май куни Тошкент шаҳри Яккасарой тумани Ш.Руставелли кўчасидаги уйлардан бирида доимий рўйхатда турган 1965 йил туғилган турмуш ўртоғи С.М уйидан пойтахтга бораман деб чиқиб кетиб, қайтиб келмагани маълум қилинган.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси жиноят қидирув бошқармасининг олиб борган тезкор қидирув, суриштирув ишлари давомида жиноят аломатлари топилди. Жиззах шаҳри "Наврўз" маҳалласи Ўзбекистон кўчасида яшовчи 1974 йилда туғилган фуқаро Т.Б.нинг кўрсатмасида акаси Т.Ш. турмуш ўртоғи С.М.ни ўлдирганлиги айтилди. Аёлнинг жасади А.Темур маҳалласи ҳудудидаги ер майдонига кўмганлиги маълум бўлди.

Айтилган жой холислар иштирокида кўздан кечирилганда аёл жинсига мансуб жасад топилди. Текширувларга кўра, марҳуманинг ўлимига “Тўмтоқ жисм билан етказилган бош мия ёпиқ жароҳати” сабаб бўлган.

Жиззах вилояти Ички ишлар бошқармаси ахборот мультимедиа гуруҳининг маълум қилишича, мазкур ҳолат бўйича жиноий иш очилган. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

3 923
И.Аввалбоев, ЎзА