Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

06.04.2018 18:35 Чоп этиш версияси

Туркиялик шифокорлар Термизда

Туркиялик шифокорлар Термизда Сурхондарё вилоятида Ўзбекистон – Туркия саломатлик ҳафталиги бошланди.

Ҳафталик доирасида туркиялик профессорлар, пластик жарроҳлар, малакали шифокорлар Термиз шаҳридаги Сурхондарё вилояти кўп тармоқли болалар тиббиёт марказида Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларининг турли ҳудудларидан келган юз соҳасида туғма ва куйишдан кейинги асоратлари бўлган болаларни чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказмоқда.

3.jpg

6.jpg

– Қардош давлатдан келган профессорлар, тажрибали мутахассислар бир ҳафта давомида бемор болаларни қабул қилади, – дейди “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди Сурхондарё вилояти ҳудудий филиали бош мутахассиси М.Ҳафизова. – Тиббий кўрик жараёнида жарроҳлик амалиёти ўтказишни талаб этадиган юз соҳасида туғма ва куйишдан кейинги асоратлари бўлган болалар сараланиб, соғломлаштириш чоралари кўрилмоқда. Делегация аъзолари ташхис қўйиш ва даволашда ўзлари билан олиб келган дори-дармон ҳамда санитария-гигиена воситаларидан фойдаланаётир.

Чуқурлаштирилган тиббий кўрик давомида жарроҳлик амалиётини қўллаш ташхиси қўйилган бемор болалар вилоят кўп тармоқли болалар тиббиёт марказига жойлаштирилмоқда.

8.jpg

9.jpg

12.jpg

– Қизим Фарида бу йил 13 ёшга тўлади, – дейди Бойсун туманидан келган И.Рамозонова. – У бир ярим ёшида тасодифан ўнг қўлини куйдириб олган эди. Панжаларида чандиқ пайдо бўлиб қолди. Пластик операция қилдиришга маблағдан озгина қийналиб қолдик. Бугун умид билан хорижлик шифокорлар қабулига олиб келдим. Қизимни тиббий кўрикдан ўтказишди. Эртага шу ернинг ўзида жарроҳлик амалиёти билан ёрдам кўрсатишни айтишди. Бу таклифдан жуда қувондик. Касалхонанинг жарроҳлик бўлимига жойлашдик.

Ҳафталик 14 апрелгача давом этади.

Холмўмин Маматрайимов, Жонибек Қўзимуродов (сурат), ЎзА
6 661