ЎзА Ўзбек

08.08.2018 12:25 Чоп этиш версияси

“Туркистон мўйловдори”ни Ўзбекистонга қайтармоқчи

“Туркистон мўйловдори”ни Ўзбекистонга қайтармоқчи

“Қизил китоб“га киритилган “Туркистон мўйловдори” балиғи Хитойга олиб кетилиб, кўпайтирилган. Бугунги кунда Хитойда саноат усулида кўпайтириладиган мазкур балиқнинг гўшти ширин, экспортбоп, маҳаллий балиқларга ўхшаб тез етишади.

Юртимизда аҳолининг балиқ маҳсулотига бўлган эҳтиёжини қондириш, тармоқда иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш, мазкур соҳада фаолият юритаётган хўжаликлар моддий-техник базасини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 6 апрелдаги “Балиқчилик тармоғини жадал ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида“ги қарори бу борада муҳим дастуруламал бўлиб хизмат қилмоқда.

“Ипотека-банк” акциядорлик тижорат ипотека банки қошида ташкил этилган Балиқчилик илмий-текшириш маркази балиқчилик соҳасида илмий ишларни амалга ошириш ва балиқчилик хўжаликларига илмий ишланмалар билан хизмат кўрсатиш билан биргаликда хорижлик ҳамкорлар билан кенг кўламли ишларни амалга оширмоқда.

Жумладан, жорий йилнинг июль ойида илмий марказ томонидан Хитой Халқ Республикасининг Харбин шаҳридаги Хэйлунцзян дарёси балиқчилиги илмий тадқиқот институти ва Уси шаҳридаги Чжэцзян провинциясида жойлашган Чучук сув балиқчилиги илмий тадқиқот маркази билан ҳамкорлик тўғрисидаги меморандум имзоланди.

Келишувга биноан, хитойлик етакчи олим ва мутахассислар мамлакатимизда балиқчилик соҳасида илмий тадқиқот ўтказишда ёрдам беради. Эндиликда балиқ етиштиришнинг интенсив технологияларини жорий этишда соҳадаги раҳбар ва мутахассислар малакаси оширилади. Тошкент давлат аграр университетининг балиқчилик факультетида таҳсил олаётган талабалар хитойлик мутахассислардан соҳа сир-асрорларини пухта ўзлаштиради.

Ўтган асрнинг 80-йилларида ҳам мазкур илмий тадқиқот институти билан шартнома имзоланган эди. Унга кўра, “Қизил китоб“га киритилган, ҳозирги кунда Амударёда яшовчи “Туркистон мўйловдори” балиғи Хитойга олиб кетилиб, кўпайтирилган. Бугунги кунда Хитойда саноат усулида кўпайтириладиган мазкур балиқнинг гўшти ширин, экспортбоп, маҳаллий балиқларга ўхшаб тез етишади.

– Замонавий технологиялар асосида балиқ етиштириш учун фермерларнинг малакасини оширишга катта эътибор қаратмоқчимиз. Меморандумга мувофиқ, “Туркистон мўйловдори”ни юртимизга олиб келиш режалаштирилган, – дейди марказ директори Дилмурод Шоҳимардонов. – Бу бизнинг иқлимга, сувга ва бошқа шароитларга мос балиқ ва хитойликлар томонидан севиб истеъмол қилинади. Мазкур балиқни етиштириб, Хитойга экспорт қилишимиз мумкин. Бундан ташқари, Хитой технологиясини Ўзбекистонда синов тарзида жорий қилиб, олимлар билан семинар-тренинг ташкил этиш ҳисобига ўзимизнинг ер-сув ресурсларидан самарали фойдаланган ҳолда балиқ етиштиришни кескин кўпайтириш ниятимиз бор.

Д.Шоҳимардоновнинг айтишича, хитойликлар мазкур балиқни яна Ўзбекистонга олиб келиб, ҳозирги кунда Бухоронинг табиий кўлларида овланаётган маҳаллий балиқлар билан чатиштириш орқали наслини яхшилашга қизиқиш билдирмоқда. Маҳаллий карп, оқ амур, оқ дўнгпешона, чипор дўнгпешона балиқларининг зотларини яхшилаш бўйича ҳам ҳамкорликда фаолият олиб бориш мўлжалланган.

Даврон Суннатов, ЎзА
13 023