ЎзА Ўзбек

18.10.2019 Чоп этиш версияси

Туну кун хизматга шай халоскорлар

Туну кун хизматга шай халоскорлар

Инсон ҳаёти тасодифларга тўла. Бу кўҳна замин не-не балою офатларни бошидан кечирмаган дейсиз. Дунёнинг айрим мамлакатларида рўй бераётган табиий ва техноген ёхуд экологик тусдаги офатлар ҳеч кимни бефарқ қолдирмайди. Республикамиз ҳудудини ҳам фавқулодда вазиятлардан холи, деб бўлмайди. Табиий офат қачон ва қай тарзда рўй беришини олдиндан башорат қилиш анча мушкул. Шунинг учун фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш, аҳолини олдиндан огоҳ этиш муҳим вазифалардан бири сифатида қаралаётгани бежиз эмас. Куну тун хизматга шай турган қутқарувчи-халоскорларимиз бу борада анча тажриба орттирган дейиш мумкин.

1989 йилда ташкил этилган Тез ҳаракат қилувчи республика кўп тармоқли маркази (ТҲҚРКТМ), аввало, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қошидаги Фавқулодда вазиятлар комиссияси тасарруфида бўлган. 1996 йилнинг март ойидан бошлаб эса ФВВнинг ажралмас бўғини сифатида фаолият кўрсатиб келмоқда.

Ҳозирги вақтда ТҲҚРКТМ ўз таркибига тоғ-қутқарув, радиацион, кимёвий ва биологик (бактериологик) муҳофаза, сувда қутқарув, техник-муҳандислик, моддий таъминот ва навбатчи-диспетчерлик гуруҳларини бириктирган.

Дастлаб ўз таркибига атиги 40 нафар қутқарувчини олган марказ бугунги кунга келиб юздан ортиқ малакали, юқори тоифали қутқарувчиларни, сифатли қутқарув хизмати кўрсатиш имкониятига эга бўлган махсус автотехникаларни ва замонавий ўқув моддий базасини жипслаштирган. Алалхусус, авария-қутқарув кучлари фаолияти анча жонланди.

Марказнинг фаолият кўлами анча кенг бўлиб, республика ҳудудидаги ўта муҳим ва тоифаланган, кимёвий, ёнғин ва портлаш хавфи мавжуд объектларда ҳамда жамоат масканларида, аҳоли пунктларида, кўп қаватли бино ва иншоотларда, шунингдек, тоғ шароити ҳудудларида ер ва қор кўчкилари, сел ва тошқин хавфи бўлган жойларда юзага келган фавқулодда вазиятлар оқибатларини бартараф этиш, жабрланган аҳолига биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш, хавф­сиз жойларга кўчириш ҳамда авария-қутқарув, қидирув-қутқарув ишларини олиб боришга йўналтирилган.

Cўнгги пайтларда қидирув-қутқарув кучларининг фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларнинг оқибатларини бартараф этишга бўлган асосий эътибори анча кучайтирилди. Қутқарувчиларнинг жанговар ва касбий тайёргарлик даражаси яхшилангани, вазирлик ва идораларнинг фуқаро муҳофазаси тузилмалари шахсий таркиби шакллантирилиб, уларни зарур асбоб-ускуналар билан таъминланганига ҳамда ўқув-моддий базани ривожлантиришга оид қатор тадбирлар амалга оширилди.

Энг муҳими, республикамиз ҳудудларида юзага келган авариялар, ҳалокатлар, табиий ва техноген тусдаги фавқулодда вазиятлар оқибатларини бартараф этишда кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирларни амалга ошириш, уларда авария-қутқарув, қидирув-қутқарув ишларини самарали ва тезкорлик билан олиб бориш, куч ва воситаларнинг доимий жанговар ҳолатини таъминлаш, фавқулодда вазиятлар юзага келганда ёки хавфи мавжуд бўлганда йирик ишлаб чиқариш корхоналари, идора, махсус хизматлар, Ички ишлар вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирликлари Тез тиббий ёрдам хизматлари билан ҳамкорликда олиб борилаётган ишлар ўзининг ижобий самарасини бераётир. Буни марказ фаолияти боғлиқ қуйидаги айрим вазиятларда кўриш мумкин.

МУБОЛАҒА ЭМАС, АЙНИ ҲАҚИҚАТ

1999 йилнинг 21 ноябрида эса “Қамчиқ” довонида рўй берган қор кўчкиси натижасида табиий офатдан жабрланган ўнлаб инсонларга қутқарув хизмати кўрсатилиб, уларнинг ҳаётини сақлаб қолишга эришилди. 2000 йилнинг кузида “Кўкдумалоқ” нефть қазиб чиқариш корхонасида ёнғин рўй берди. Ўша пайтлар чет эл оммавий ахборот воситалари ҳамма ёққа жар солиб, “Энди Ўзбекистонда ёқилғи тақчил бўлади. Оловни бартараф этишда Россиядан ёрдам сўрашибди”, дея бўҳтон ёғдирганди.

Ўшанда иккита йирик резервуардан чиққан алангани сўндириш учун марказнинг бир гуруҳ қутқарувчилари махсус хизматлар, ички ишлар вазирлиги, ёнғин хавфсизлиги ходимлари билан ҳамкорликда кеча-ю кундуз тер тўкиб хизмат қилгандилар. Шундай катта ёнғинни қисқа муддат ичида бартараф этилишини гўёки мўъжизага қиёс қилса арзигулик. Бундай хайрли ва савоб ишларнинг ҳар бирини санаб ўтадиган бўлсак, уларнинг бу борадаги ҳиссаси беқиёсдир.


Тез ҳаракат қилувчи республика кўп тармоқли маркази қутқарувчилари билан суҳбатлашар эканмиз, улар хизмат фаолияти давомида бир қанча қизиқарли ҳодисаларга дуч келишганини ҳам яшириб ўтирмади.

Уларнинг сўзларига қараганда, 1999 йилнинг июнь ойида Тошкент шаҳрининг Лисунов кўчаси бўйлаб ишга келаётган Темур Камолов 9 қаватли уйнинг учинчи қавати балконида ёнғин содир бўлаётганига кўзи тушади ва ўша томонга қараб югуради. Сўнг тутунга тўла хонадондан 9-10 ёшлар атрофидаги қизалоқни ташқарига олиб чиқади. Ўзи эса ёнғин авж олаётган хонадон балконига қайтиб кириб, уни бартараф этади.

Бундан кўринадики, чинакам қутқарувчилар фақат хизматдаги навбатчилик вақтида эмас, балки йўл-йўлакай дуч келган кўнгилсиз ҳодисаларга ҳам бефарқ бўлолмайдилар. Нажоткор деган шарафли номли оқлаш учун осон эмас.

– 1999 йилнинг октябрь ойининг охирлари эди, – дея ҳикоя қилади қутқарувчи йигитлардан бири. – Кеч соат йигирмаларда Бектемир тумани, Бинокор қўрғони ёнидан оқувчи Чирчиқ дарёси ўртасида айрим сабабларга кўра, ботиб қолган тракторлар ва унга тиркалган уловда 5 та одам бўлиб, уларни зудлик билан қутқариш зарурлиги тўғрисида марказ тезкор навбатчилик қисмига қўнғироқ бўлган эди. Воқеа юз берган жойга марказимиз қутқарувчилари, ўт ўчирув ва тез тиббий ёрдам бригадаси етиб бордик. Ҳақиқатан ҳам, қирғоқдан 35 метр нарида дарёнинг чуқур жойида 5 та трактор ва унга тиркалган улов ботиб қолган экан. Кузнинг охирги ойлари эмасми, ҳаво анчагина совуқ эди. Тезкор гуруҳ дарҳол шайланиб, ишга киришдик ва махсус сузиш мосламалари ёрдамида одамларни зудлик билан қирғоққа олиб чиқдик. Аён бўлишича, Ўрта Чирчиқ тумани “Янги турмуш” жамоа хўжалигига қарашли 5 та трактор билан Сирғалидаги “Вторчермет” заводига темир-терсак ташилган. Ҳайдовчилар қайтишда вақтни тежаш ва йўлни қисқартириш мақсадида дарёдан кечиб ўтмоқчи бўлишган экан.

Бу мисоллар Тез ҳаракат қилувчи республика кўп тармоқли маркази қутқарувчиларининг фаолиятидан оддий лавҳалар, холос. Тан олиш керакки, йирик ишлаб чиқариш корхоналарида рўй берган авариялар ёки йўл-транспорт ҳодисалари оқибатида содир бўлган аварияларда қутқарувчиларимиз бир неча марта қатнашиб, жабрланганларни машина ичидан олиб чиқдилар ва яқин орадаги касалхоналарга зудлик билан етказишда фаоллик кўрсатдилар.

МАШҚ ВА АМАЛИЁТ УЙҒУНЛИГИ

Ҳозирги вақтда марказ ўз таркибига тоғ-қутқарув, радиацион, кимёвий ва биологик (бактериологик) муҳофаза, сувда қутқарув, техник-муҳандислик, моддий таъминот ва навбатчи-диспетчерлик гуруҳларини жамлаган, бўлиб кечаю-кундуз хизматга шай туришибди. Қутқарув хизматини ҳар томонлама шакллантириш, ходимларнинг касбий маҳорати, малакасини йилдан-йилга такомиллаштириб боришни даврнинг ўзи тақозо этмоқда.

Марказнинг жанговар қобилиятини сақлашдаги узилмас боғламларидан бири бу радиацион, кимёвий ва биологик (бактериологик) муҳофаза гуруҳидир. РКБ(б)М гуруҳи ўз таркибига 16 нафар ҳарбий хизматчини ва 3 бирлик махсус автомобилни бириктирган бўлиб, жиҳозланиши ва имкониятлари борасида республикада энг олди поғоналарни эгаллаган.

Марказнинг асосий бўғинлардан яна бири – Сувда қутқарув гуруҳи бўлиб, таркибига тажрибали қутқарувчи-ғаввосларни бириктирган. Мазкур гуруҳ замонавий ғаввослик асбоб-анжомлари билан тўлиқ таъминланган. Бундан ташқари, уларга барча қутқарув воситалари билан жиҳозланган махсус автомобиллар ажратилган бўлиб, юклатилган вазифаларни тўлиқ бажариш имкониятига эга. Сўнгги йиллар статистикасига эътибор қаратадиган бўл­сак, гуруҳ шахсий таркиби сув ҳавзаларида жабрланган аҳолига ёрдам кўрсатиш мақсадида жами 100 дан ортиқ чиқишни амалга ошириб, кўплаб инсонлар ҳаёти сақлаб қолинганлигининг гувоҳи бўламиз.

Марказнинг тоғ-қутқарув гуруҳи асосий кучлардан бири бўлиб, у 2004 йилда ташкил этилди. Ҳозирги вақтда нафақат марказда, балки бутун тизимдаги шахсий таркиб сони ва техника жиҳатидан энг кучли гуруҳлардан бирига айланиб улгурди.

Марказ ходимлари 1997 йилнинг декабри ҳамда 1999 йилнинг январь ойларида “Қамчиқ” довонидаги қор кўчкиси натижасида жабрланганларни қидирув ва қутқарув, 1998 йил, май ва август ойларида эса Чимёнда йўқолиб қолган сайёҳларни қидириш ва қутқариш ишларида фаол иштирок этди. Шунингдек, 1999 йил, августда Абрамов музлигида метеопост эвакуцияси ишларида, Тошкент шаҳридаги 1999 йил февралида эса террорчилик ҳаракатлари оқибатларини бартараф этиш ҳамда 2002 йил март ойида Пскомдаги Тепар қўрғони қор кўчкиси натижасида қурбон бўлганларни қидириб топиш ҳам қутқарувчиларга осон кечмаган. 1998 йилнинг ноябр ойидаги Қумбель тоғида ретранслятор монтажи ишлари ҳам қутқарувчиларнинг иштирокисиз ўтмади. Бу рўйхатни яна давом эттириш мумкин.


ҲАМКОРЛИКДА ҲИКМАТ КЎП

Марказ ходимлари табиий ҳамда техноген хусусиятли фавқулодда вазиятларни бартараф этишда нафақат республикамиз, балки МДҲ давлатларида ҳам халоскорлик хизматларини аямадилар. Айниқса, Тожикистоннинг Конибодом станциясида содир бўлган темир йўл авариясида, Туркияда рўй берган кучли ер силкиниши оқибатларини бартараф этишда фаоллик кўрсатди. Туркиянинг Адапазари ва Сакария шаҳарларидаги мудҳиш зилзила оқибатларини бартараф қилишда дунёнинг 68 давлатидан қутқарувчилар иштирок этиб, шундан 8 та давлат вакилларининг меҳнатлари алоҳида эътироф этилган эди. Шу саккиз давлат орасида ўзбекистонлик қутқарувчиларнинг борлиги бизни беҳад қувонтирганди.

Шуни алоҳида эътироф этиш жоизки, табиий офат рўй берган мамлакатларга Ўзбекистон Республикаси номидан жўнатилган инсонпарварлик юкларини жамлаш, кузатиб бориш ва уни манзилга етказишда марказ ходимларининг алоҳида ўрни бор. Айниқса, ўтган йиллар ичида Туркиядаги ер силкиниши, Ҳиндистоннинг Гужарот штатидаги зилзила, Украинадаги Карпаторти сув тошқини, қўшни Тожикистоннинг Хўжанд ва тоғли Бадахшон вилоятларидаги сел ҳодисалари, Эрон Ислом Республикасининг Бом шаҳри ҳамда Покистон Республикасидаги кучли ер силкинишидан жабр кўрган аҳолига, шунингдек, қўшни қирғизистонлик биродарларимизга биринчи навбатда зарур бўлган инсонпарварлик ёрдамини жўнатишда марказ ходимлари астойдил меҳнат қилганди.

Марказ шахсий таркибининг бир гуруҳи 1999 йилда Қозоғистон, 2001 йилда Россия, 2002 йилда Исландия ва 2003 йилда Руминия давлатларида ўтказилган йирик халқаро тактик-махсус ўқув машқларда фаол қатнашди. Бундан ташқари, АҚШ, Германия, Хорватия, Франция давлатларида ўтказилган халқаро анжуманларда тажриба алмашиш йиғинларида иштирок этиб, ўз тажриба ва малакаларини янада оширишга муваффақ бўлганлар.

ШАРОИТ ЕТАРЛИ БЎЛГАЧ...

Ортда қолган ўттиз йил давомида марказда авваламбор, ўқув моддий базаси янгитдан, замон талабига мувофиқ шаклланди, авария-қутқарув, қидирув-қутқарув асбоб-анжомлари, юқори ўтиш қобилиятига эга бўлган автомобиллар, ўта замонавий алоқа воситалари билан таъминланди. Барча шарт-шароитларга эга бўлган икки қаватли бино, спорт зал, спорт майдончаси, дам олиш хоналари, “Маърифат” хонаси, ҳар бир гуруҳга алоҳида машғулот синфлари, кутубхона, ошхона ва бошқа объектлар, қутқарувчиларнинг самарали ва унумли фаолият кўрсатишлари учун қулай замин яратмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларини ўта ҳаракатчан, мобил, пухта ва ихчам армия сифатида шакллантириш борасида олиб бораётган саъй-ҳаракатлари Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг, жумладан Тез ҳаракат қилувчи республика кўп тармоқли марказининг фаолиятида ҳам ўз исботини топаётгани фикримизнинг ёрқин далилидир.

Ана шу беғараз халоскорлик хизматлари туфайли бир гуруҳ қутқарувчиларимиз давлатимизнинг орден ва медалларига сазовор бўлдилар. Бу – шубҳасиз, аҳоли муҳофазаси йўлида тиним билмай ишлаётган ёш ва ғайратли йигитларимизнинг ўз вазифаларини сидқидилдан бажариб келаётганликларидан далолат беради.

– Қутқарувчиларимизнинг ярмидан кўпи истиқлол фарзандларидир, десак хато бўлмайди, – дейди марказ командири подполковник Шуҳрат Азимов. – Қутқарувчилар янгича фикрлайдиган, дунёқараши кенг, атроф-оламга тийрак нигоҳ билан боқадиган ўктам, куч-ғайратга тўла ёшлардир.

Ҳа, қутқарувчилик ўта масъулиятли ва шу билан бирга шарафли ва хайрли касбдир. Мардларга хос бўлган савоб ишларни сидқидилдан адо этаётган қутқарувчиларимиз билан ҳар қанча фахрлансак арзийди.

Азамат СУЮНОВ,
Ўзбекистон Журналистлари
ижодий уюшмаси аъзоси.

1 252
ЎзА