ЎзА Ўзбек

16.05.2019 14:42 Чоп этиш версияси

Цивилизациялараро мулоқот: маданий алмашинув, тарихий меросни ўрганиш, туризм ва ёшлар

Цивилизациялараро мулоқот: маданий алмашинув, тарихий меросни ўрганиш, туризм ва ёшлар

Пекин шаҳрида Осиё мамлакатларининг цивилизациялараро мулоқотни мустаҳкамлашга бағишланган биринчи анжумани бўлиб ўтмоқда. Унда “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати вакиллари ҳам иштирок этяпти.

Тадбир очилиши муносабати билан ташкил этилган тадбирда Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин иштирок этди ва анжуман қатнашчиларига ўз табригини етказди.

Си Цзиньпин ўз нутқида Осиё минтақаси мамлакатлари умумий тарихи ва маданиятларини ўрганишнинг аҳамияти, барқарор келажакни бунёд этиш учун маданиятлараро мулоқотни янада ривожлантириш зарурлигини таъкидлади. Халқларимизнинг бой маданиятга эга экани, бу эса асрлар давомида ривож топган дўстона алоқалардаги муҳим омил бўлганини қайд этди. Цивилизациялар чорраҳасида жойлашган Самарқанд шаҳри ана шундай мулоқот учун қулай манзил сифатида ёдга олинди.

Тадбирнинг, шунингдек, Камбоджа, Греция, Сингапур, Шри-Ланка ва Арманистон каби мамлакатларнинг давлат ва ҳукумат раҳбарлари, халқаро ташкилотлар, жумладан, ЮНEСКО раҳбарияти иштирок этди. Дунёнинг 47 мамлакатидан келган 1 минг 500 дан ортиқ делегациялар вакиллари қатнашди.

Халқаро анжуманда маданий мулоқотни фаоллаштиришнинг долзарб масалалари, халқлар ўртасидаги дўстликни янада мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди.

“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати вакиллари форум доирасида Хитой Ижтимоий фанлар академиясининг Глобал стратегия миллий институти томонидан ташкил этилган сессиясида иштирок этди. Тадбир доирасида 130 дан ортиқ етакчи таҳлил марказлари, давлат идоралари вакиллари ҳамда маданият арбоблари ҳамкорлик масалалари юзасидан фикр алмашди.

Сессия мажлисларида “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати раиси Акмал Бурхонов сўзга чиқди. 
Бугунги кунда дунё аҳолисининг 60 фоизи истиқомат қилаётган Осиё минтақаси глобал иқтисодий ўсиш суръатларида янги харакатер ва аҳамият касб этаётганини қайд этди. 

Таъкидланганидек, Халқаро валюта жамғармаси маълумотига кўра, 2018 йилда жаҳон ялпи ички маҳсулотининг учдан бир қисмидан кўпроғи Осиё мамлакатлари ҳиссасига тўғри келган. Бироқ, қитъа мамлакатлари бугунги кунда маълум доирада иқтисодий қийинчиликка, дуч келмоқда. Шу муносабат билан минтақалараро мулоқотни таъминлаш орқали биргаликдаги ижтимоий-иқтисодий ривожланишни рағбатлантириш, тинчлик ва фаровонликка эришиш, тарихий хилма-хиллик ва мамлакатлар меросини ўрганиш долзарб вазифа бўлиб қолмоқда.

Туризм маданиятлараро мулоқот ва тарихий алмашинувни самарали йўлга қўйишда муҳим омил ҳисобланади. Ўзбекистонда сайёҳлик, хусусан, ички туризм иқтисодиётнинг истиқболли соҳаларидан бири саналади. Ўтган икки йил давомида юртимизга келувчи 50дан ортиқ мамлакатлар фуқаролари учун 30 кунлик визасиз тартиб жорий этилди, электрон, янги турдаги талабалар, тиббиёт, ватандошлар визалари жорий этилд. Этник, экологик ва зиёрат туризмлари ривожланмоқда.

Музокаралар чоғида ҳамкорликдаги ривожланиш мақсадларига эришишда таҳлил марказлари янада фаол иштирок этиши таъкидланди. Бу каби жараёнларда ёшлар ҳам фаол иштирок этиши муҳимлиги, шу боис ёш авлод сиёсий ва ҳуқуқий саводхонлигини мунтазам ошириб бориш зарурлиги қайд этилди.

Шунингдек, томонлар фаол фуқаролик позициясини шакллантирувчи, иқтисодий, ижтимоий ва маданий соҳалардаги турли лойиҳаларни амалга оширувчи миллий, ҳудудий ва халқаро ташкилотлар саъй-ҳаракатларини бирлаштириш бўйича якдил қарашга эга эканликларини билдирди. 

Эслатиб ўтамиз, Хитой Халқ Республикасининг Пекин шаҳрида 15 – 22 май кунлари Осиё мамлакатлари билан мулоқотга бағишланган биринчи анжуман бўлиб ўтмоқда. Анжуман доирасида 110дан ортиқ турли тадбирлар, шу жумладан форумлар, давра суҳбатлари, икки ва кўп томонлама музокаралар ўтказилади. Энг ёрқин тадбирлар сифатида 30 мингга яқин меҳмонлар иштирокида бўлиб ўтадиган Осиё маданияти карнавали, Осиё цивилизацияси ҳафталиги ҳамда гастрономик фестивалларни айтиш мумкин.

"Юксалиш" умуммиллий ҳаракати
билан ҳамкорликда тайёрланди.

ЎзА
1 105