Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

01.05.2017 12:13 Чоп этиш версияси

Тотувлик ва ҳамжиҳатлик – энг катта бойлигимиз

Фарғона вилояти шаҳар ва туманларида “Ўзбекистон – умумий уйимиз” шиори остида давра суҳбатлари, очиқ мулоқотлар бўлиб ўтди.

Вилоят ҳокимлиги томонидан ташкил этилган тадбирда Президентимиз раҳнамолигида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар юртимизда диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувлик муҳитини, халқимизнинг тинч-осойишта ва фаровон ҳаётини мустаҳкамлашда юксак самаралар бераётгани таъкидланди.

Мамлакатимизда барча миллат ва элатларнинг тили, маданияти, миллий қадриятларини ўрганиши, ривожлантириши учун барча шароит яратилгани миллатлараро ва динлараро ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, уларда барчамиз учун ягона Ватан бўлган Ўзбекистонимиз тараққиётига дахлдорлик туйғусини юксалтиришда муҳим омил бўлмоқда. Ҳаракатлар стратегиясида ҳам миллатлараро ва конфессиялараро тинчлик ҳамда тотувликни мустаҳкамлаш муҳим йўналишлардан бири сифатида белгиланган.

Фарғона вилоятида ҳам барча миллат ва элатларнинг ўз тили, урф-одат ва анъаналари, тарихи ва маданиятини ўрганиши, ривожлантириши учун барча шароит яратилган. Маҳаллалар, турли маданият масканлари, таълим муассасаларида ташкил этилаётган тадбирлар миллатлар ўртасидаги дўстлик ва ҳамжиҳатлик ришталарини янада мустаҳкамлашга хизмат қилаётир.

“Ўзбекистон – умумий уйимиз” шиори остидаги дўстлик фестивали доирасида ҳам турли тадбирлар ташкил этилмоқда. Фарғона, Олтиариқ, Риштон туманларида “Бу муқаддас Ватанда азиздир инсон”, “Миллатлараро тотувлик ва бағрикенглик – барқарорлик омили” мавзуларида ўтказилган давра суҳбатлари ва "Инсон манфаатлари – улуғ қадрият” кўргазмаси барчада катта таассурот қолдирди.

Фестиваль доирасида Фарғона шаҳрида ташкил этилган тадбир катта шодиёнага айланди.

Республика Байналмилал маданият маркази директори Н.Муҳаммадиев ва бошқалар бундай тадбирлар мамлакатимизда ижтимоий барқарорлик ва тинчлик-осойишталикни асраб-авайлаш, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик, меҳр-оқибат муҳитини мустаҳкамлашга хизмат қилишини таъкидлади. Аҳмад Фарғоний номидаги маданият ва истироҳат боғида кўргазмалар, расмлар танлови ўтказилди. Миллий маданий марказлар бадиий жамоаларининг мустақиллик, тинчлик, дўстлик, бағрикенглик ва меҳр-оқибатни тараннум этувчи куй-қўшиқлари янгради. “Юрт тинчлиги, Ватан равнақи – олий неъмат” мавзусида илмий- амалий семинар ташкил этилди.

– Барча миллат вакиллари бир оила бўлиб, тинч-тотув, аҳил-иноқ ҳаёт кечирмоқдамиз, – дейди Фарғона вилояти яҳудий миллий маданий маркази раҳбари Семён Абдураҳмонов. – Навқирон авлодни миллатлараро тотувлик, ўзаро ҳурмат, миллий-маънавий қадриятларга садоқат руҳида тарбиялашда миллий маданий марказлар фаолияти муҳим ўрин тутади. Бинобарин, бу масала фаолиятимизнинг асосий йўналишларидан биридир.

Маъсуджон Сулаймонов, ЎзА
5 319






Все о погоде - Pogoda.uz