Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

14.12.2017 21:22 Чоп этиш версияси

Тошкентда ёш дизайнерлар телевизион танлови бўлиб ўтади

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Ёшлар пресс-клубида жорий йил 16-17 декабрь кунлари бўлиб ўтадиган ёш дизайнерлар телевизион танлови олдидан матбуот анжумани ўтказилди.

Ўзбекистон Республикаси халқ таълими вазири ўринбосари А.Саъдуллаев ва бошқалар мамлакатимизда барча соҳалар қаторида таълим-тарбия тизимини тубдан ислоҳ қилишга, ёш авлоднинг жаҳон андозалари даражасида билим олиши ва касб-ҳунар эгаллаши, уларнинг жисмонан ва маънан етук инсонлар бўлиб улғайиши йўлида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ўз самарасини бераётганини таъкидлади.

Анжуманда такидланганидек, танлов икки босқичда ўтказилади. Биринчи йўналишда мактаб формаси моделлари, иккинчи йўналишда эса Ёшлар иттифоқи логотипи билан эркин кийимлар, аксессуарлар дизайни кўриб чиқилади. Унда профессионал ҳамда ҳаваскор дизайнерлар қатнашадиди.

– Мактаб формаси бола учун ҳар томонлама қулай, мавсумий ва саломатлигига безарар бўлиши лозим, – дейди "Ёш дизайнерлар" нодавлат нотижорат ташкилоти раҳбари Дилноза Умрзоқова. – Жорий йилнинг ноябрь ойида танловнинг ҳар икки йўналиши бўйича эскизлар қабул қилинди. Ҳайъат аъзолари жами 900 дан ортиқ иштирокчидан 20 дизайнерни танлаб олди. Уларга 10 кун давомида дизайнерлик ғояларни мукаммаллаштириш, матоларни танлаш ва андозаларни ишлаб чиқишга кўмаклашилди ва 70 моделдаги либослар тайёрланди. Ёш дизайнерларимиз тақдим этган ишлар Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг расмий сайтида овозга қўйилди.

Танлов доирасида ёш дизайнерлар маҳсулотлари кўргазмаси, ҳар бир иштирокчининг махсус чиқишлари, ёшларнинг замонавий рақслари ижроси, экстримал спорт намойишлари ҳамда иштирокчиларни тақдирлаш маросими бўлиб ўтади.

Гулноза Бобоева, ЎзА
8 138