ЎзА Ўзбек

08.11.2019 Чоп этиш версияси

Тошкентда ЦАРЭСнинг вазирлар даражасидаги конференцияси бўлиб ўтади

Тошкентда ЦАРЭСнинг вазирлар даражасидаги конференцияси бўлиб ўтади

Пойтахтимиздаги “Hyatt Regency Tashkent” меҳмонхонасида 14 ноябрь куни Марказий Осиё минтақавий иқтисодий ҳамкорлиги (ЦАРЭС)нинг вазирлар даражасидаги 18-конференцияси бўлиб ўтади.

Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги томонидан Осиё тараққиёт банки билан ҳамкорликда ташкил этиладиган тадбирда ташкилотга аъзо давлатлар ва халқаро ташкилотлар вакиллари қатнашади. Шунингдек, мартабали меҳмон – Осиё тараққиёт банки президенти Т. Накаонинг иштирок этиши кутилмоқда.

ЦАРЭС дастури Осиё тараққиёт банки ташаббуси билан 1997 йил минтақавий ва кўп томонлама ҳамкорликни янада кенгайтириш мақсадида ташкил этилган. Бугунги кунда ташкилотга 11 давлат – Афғонистон, Озарбайжон, Хитой, Грузия, Қозоғистон, Қирғизистон, Мўғулистон, Покистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон аъзо. Унинг доирасида божхона, транспорт-транзит, энергетика, сув ресурсларини бошқариш, туризм, инвестиция каби йўналишларда минтақавий лойиҳалар амалга ошириб келинмоқда. Жорий йилда ташкилотга Ўзбекистон раислик қилмоқда.

Дастур бугунги кунда минтақавий иқтисодий ҳамкорликнинг таъсирчан механизми сифатида шаклланди. Ўзбекистоннинг ташкилот доирасидаги иштироки конструктив мулоқоти таъминлашда алоҳида ўрин тутмоқда.

Тошкентда ўтказиладиган мазкур конференция минтақада интеграция жараёнини янада чуқурлаштириш, дастур доирасидаги ҳамкорликни ҳар томонлама ривожлантириш имконини беради.

1 440
ЎзА