Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

18.05.2018 07:28 Чоп этиш версияси

Тошкентда рўйхатдан ўтмаган 65 та масжид бор

Тошкентда рўйхатдан ўтмаган 65 та масжид бор
Тошкентда рўйхатдан ўтган жомеъ масжидларидан ташқари ташкилот мақомига эга бўлмаган 65 та маҳаллий масжидлар мавжуд. Бу масжидлар (намозхоналар) нима учун ҳамон рўйхатга киритилмаган? 

Одатда, рамазон ойларида таровеҳ намозини ўқиш учун маҳалладаги кексаларга узоққа бориш оғирлик қилади. Ўзбошимчалик билан йиғилиб рўйхатдан ўтмаган намозхоналарда ҳужжати бўлмаган Имом бошчилигида таровеҳ намозини ўқиш тақиқланади. Шундай экан, бундай ҳолатнинг олдини олиш учун нима сабабдан намозхоналар рўйхатга киритилмаган? Бу ҳақда “Ҳокимнинг бир иш куни“ лойиҳаси доирасида мухбиримиз Анора Содиқова Тошкент шаҳар ҳокимининг жамоат ва диний ташкилотлар бўйича ўринбосари Шуҳрат Турдиқуловдан жавоб олишга ҳаракат қилди.

Шуҳрат Турдиқулов Тошкентда айни вақтда диний ташкилот мақомини олмаган 65 та намозхоналар борлигини тасдиқлади.

— Намозхоналарни маҳаллий масжид сифатида рўйхатдан ўтказиш учун, Адлия вазирлигига мурожаат қилиш лозим. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон республикасида диний ташкилотларни давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби тўғрисида”ги қарорга асосан тегишли ҳужжатлар тўпланиб, вазирликка тақдим этилади. Адлия вазирлиги тасдиқлагач, Тошкент шаҳар ҳокимияти кўриб чиқади. 

Вазирлар Маҳкамаси қарорида масжид рўйхатга киритилиши учун белгиланган тартиблар кўрсатилган. Унга кўра ён атрофдаги масжидлар орасидаги масофа, ёнғин хавфсизлиги, диний ташкилотнинг номи, тури, манзили, қайси динга мансублиги, мақсади, вазифалари ва фаолиятининг асосий турлари ҳақида маълумотлар тўпланиши керак. Барча ишлар, ҳужжатлар тўлиқ тақдим этилса ва улар асосли бўлса, рўйхатдан ўтказилиши шарт”, дейди Шуҳрат Турдиқулов.

Анора Содиқова, ЎзА
11 296