ЎзА Ўзбек

10.10.2019 Чоп этиш версияси

Тошкентда “LULU” компаниясининг ваколатхонаси фаолият юрита бошлади

Тошкентда “LULU” компаниясининг ваколатхонаси фаолият юрита бошлади

“Ўзбекистон экспортчилари” уюшмаси қошида Бирлашган Араб Амирликларининг “LULU” компаниясининг ваколатхонаси ўз ишини бошлади.

Йиллик товар айланмаси 6 миллиард АҚШ долларига тенг бўлган мазкур йирик компания бугунги кунда БАА, Малайзия, Ҳиндистон каби давлатларда ўз тармоғига эга.

Эътиборли жиҳати, айни кунда компания Ўзбекистондан ойига 35-40 миллион долларлик қишлоқ хўжалик, текстиль, озиқ-овқат ва бошқа турдаги маҳсулотларни сотиб олишни бошлади.

– Режага мувофиқ келгусида бу кўрсаткичлар бир неча баробарга ошади, – деди “Ўзбекистон экспортчилари” уюшмаси раиси Мухтор Умаров. – Бу эса юртимиздаги экспорт жозибадорлигига ижобий таьсир қилиши кутилмоқда. Яна шуни алоҳида таъкидлаш керакки, мамлакатимиз иқтисодий ўсишида экспорт салоҳиятини ошириш муҳим омиллардан. Ушбу компаниянинг пойтахтимизда ўз офисини ишга тушириши маҳсулотларимизни БАА бозорига олиб киришда яна бир қадам бўлди.

Маълумот ўрнида, 2019 йил 23 сентябрь куни мамлакатимизда “Ўзбекистон экспортчилари” уюшмаси ташкил этилди. Уюшмани ташкил қилишдан кўзланган мақсад маҳаллий экспортчилар фаолиятини қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, республикада экспорт учун ишлаб чиқарилган маҳсулотларнинг ягона электрон савдо платформасини яратиш, чет эл инвесторларини жалб қилган ҳолда мамлакат экспорт салоҳиятини ошириш, ягона ички ва ташқи бозор маркетинг тадқиқот маълумотлар базасини яратиш ва илғор экспорт қилувчи давлатлар тажрибасини ўрганишга илмий ёндашган ҳолда амалиётга татбиқ қилишга қаратилган.

1 158
Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА, ЎзА