Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

18.06.2018 19:04 Чоп этиш версияси

Тошкентда “Кўчманчилар йўли” халқаро мотокарвони иштирокчилари билан учрашув бўлиб ўтди

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Қирғизистоннинг мамлакатимиздаги элчихонаси ва Марказий Осиё мотоциклчилари ассоциацияси ҳамкорлигида ташкил этилаётган мазкур лойиҳада Ўзбекистон, Қирғизистон, Қозоғистон, Россия, Тожикистон каби давлатлардан 300 дан зиёд иштирокчи қатнашмоқда.

Бутунжаҳон кўчманчилари ўйини доирасида ўтказилаётган мазкур тадбир Марказий Осиё халқлари ўртасидаги азалий дўстлик ва қардошлик алоқаларини янада мустаҳкамлаш, минтақада туризм ривожини рағбатлантириш каби эзгу мақсадларга қаратилган.

Мотокарвон қатнашчилари Тошкент шаҳрининг диққатга сазовор жойларида бўлиб, мамлакатимизнинг бой тарихи, маданий мероси, урф-одат ва анъаналари билан яқиндан танишди. Шундан сўнг меҳмонлар фахрийлар, ёшлар ва жамоатчилик вакиллари билан учрашди.

Марказий Осиё мотоциклчилари ассоциацияси раиси Асхат Сеитбековнинг қайд этишича, ушбу лойиҳа нафақат минтақа халқлари ўртасидаги азалий қўшничиликни акс эттиради, балки жамият ҳаётида дўстлик, инсонийлик, меҳр-оқибат тушунчаларини тарғиб қилувчи ижтимоий аҳамиятга молик воқеъликдир.

Бишкек шаҳридан йўлга чиққан мотокарвон қатнашчилари Алмати – Чимкент – Тошкент йўналишидаги сафар давомида Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлган инсонлар хотирасига ҳурмат бажо келтириб, бугун ҳаёт бўлган фахрийлар жасоратини яна бир бор ёдга олишди.

Меҳмонлар иштирокидаги маданий тадбирлар Самарқандда ҳам давом этди. Лойиҳа иштирокчилари Регистон майдонида, Амир Темур мақбарасида бўлди, шаҳарнинг тарихий-маданий обидалари билан танишди.

Мотокарвон ўз сафарини Душанбе – Хўжанд – Ўш – Иссиқкўл йўналиши бўйича давом эттиради.

Улуғбек Шоназаров, ЎзА
2 755