Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

20.11.2017 20:58 Чоп этиш версияси

Тошкентда инсон ҳуқуқлари соҳасида тараққиёт мезонлари бўйича халқаро конференция бўлиб ўтади

Тошкент ва Самарқандда 2017 йил 21-22 ноябрь кунлари "Инсон ҳуқуқлари соҳасида тараққиёт мезонларини ўлчаш бўйича қиёсий кўрсаткичлар: халқаро амалиёт ва Ўзбекистон тажрибаси" мавзуида халқаро конференция бўлиб ўтади.

Конференция Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармаси ва унинг Марказий Осиё бўйича минтақавий бўлими, БМТ Тараққиёт дастури ва Ф.Эберт номидаги жамғарманинг (Германия) Ўзбекистондаги ваколатхоналари, ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори ҳамкорлигида ташкил этилмоқда.

Халқаро конференциянинг мақсади бутун дунёда инсон ҳуқуқлари соҳасида тараққиёт мезонларини ўлчаш бўйича халқаро амалиётни ўрганиш, миллий кўрсаткичларни белгилаш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг алоҳида тоифаси, жумладан, глобаллашув ва ахборот технологиялари шароитида инсон ҳуқуқ ва эркинликларига риоя этиш ва уларни ҳимоя қилишни таъминлашга доир индикаторларни ишлаб чиқишдан иборат.

БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармаси, унинг Марказий Осиё бўйича минтақавий бўлими, ЕХҲТ демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси, БМТ Тараққиёт Дастурининг Истанбул шаҳридаги минтақавий маркази сингари нуфузли халқаро ташкилотлар вакиллари, шунингдек, Словакия, Хитой ва бошқа мамлакатларнинг таниқли сиёсатшунос ва ҳуқуқшунослари халқаро форумда иштирок этиш истагини билдирган.

Конференция ишида БМТнинг Хотин-қизлар ҳуқуқлари камситилишининг барча шаклларига барҳам бериш бўйича қўмитаси раиси, Қозоғистон, Қирғизистон, Литва, Россия Федерацияси, Тожикистон Омбудсманлари, шунингдек, Озарбайжон ва Польша Омбудсман институтлари вакилларининг иштирок этиши алоҳида эътиборга лойиқ.

Анжуман доирасида ўтказиладиган икки ялпи ва тўрт шўъба йиғилишларида миллий ва халқаро тажриба кўриб чиқилади.

Халқаро конференцияда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари ва Қонунчилик палатаси депутатлари, ижро ва суд ҳокимияти органлари, фуқаролик жамияти институтлари, таълим муассасалари, шунингдек, халқаро ташкилотлар ва дипломатик корпус, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этади.

ЎзА
2 599






Все о погоде - Pogoda.uz