Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

13.01.2018 11:39 Чоп этиш версияси

Тошкент вилоятида нечта масъул шахс ишдан олинди?

Президентимиз Шавкат Мирзиёев 5-6 январь кунлари Тошкент вилоятига ташрифи чоғида 2017 йилнинг IV – чораги учун маҳаллий бюджет даромадлари режаси ижросини таъминламаган туман (шаҳар) молия, солиқ органлари ва банк бошқарувчилари фаолиятига танқидий баҳо бериш бўйича топшириқ берган эди.

Давлатимиз раҳбарининг топшириғига мувофиқ, маҳаллий бюджет даромадлари режаси ижросини таъминламаган вилоятнинг 10 та туман (шаҳар) молия, солиқ ва банк раҳбарлари фаолияти танқидий ўрганиб чиқилди.

Ўзи раҳбарлик қилаётган ташкилот фаолиятини самарали ташкил эта олмаган, юклатилган вазифа ва топшириқларни бажаришда масъулиятсизлик ва совуққонлик қилган 3 нафар молия бўлими мудир, 3 нафар банк бошқарувчиси ҳамда 5 нафар солиқ хизмати органи раҳбари эгаллаб турган лавозимидан озод этилди.

Бундан ташқари, маҳаллий бюджетларга тушумларни тўлиқ таъминламаган 7 нафар молия бўлими мудири ҳамда 5 нафар солиқ хизмати раҳбарларига иш ҳақидан жарима қўлланилди ҳамда улар 2018 йил I - чораги якунига кўра фаолиятида жиддий ўзгариш қилмаган тақдирда эгаллаб турган лавозимидан озод этилиши тўғрисида жиддий огоҳлантирилди.

Вакант иш ўринларига заҳирадаги ҳамда Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Тошкент вилояти кенгашининг тавсиясига асосан ёш, ватанпарвар ва давлатимиз равнақига ҳисса қўшишга шижоат билан ёндашадиган ёш мутахассисларбилан тўлдирилди.

Жумладан, Ёшлар иттифоқининг ҳудуддаги фаол аъзолари билан суҳбат ўтказилиб, улар орасидан Ш. Рўзматов (28 ёш) Ўртачирчиқ тумани молия бўлим мудирлигига тайинланди. Оққўрғон тумани молия бўлими мудирлигига З.Умаров (30 ёш) тайинланди.

Давлат ва маҳаллий бюджет даромадлар режаси ижросини тизимли таъминлаш мақсадида Молия вазири ўринбосарлари ва Давлат солиқ қўмитаси раиси ўринбосарлари ҳамда марказий аппаратнинг бошқарма бошлиқлари Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрига масъул этиб бириктирилди.

Абу Бакир Ўрозов, ЎзА
6 102