Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

01.12.2017 21:25 Чоп этиш версияси

Тошкент вилоятида 40 минг 617 хонадон суюлтирилган газдан фойдаланади

Тошкент вилоятида 40 минг 617 хонадон суюлтирилган газдан фойдаланади Тошкент вилоятида Ўзбекистон Республикаси Президенти девонининг Фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашни назорат қилиш ва мувофиқлаштириш хизмати, Ҳисоб палатаси, Вазирлар Маҳкамаси масъул ходимлари, тегишли вазирлик ва идоралар мутасаддиларидан иборат Республика ишчи гуруҳи томонидан қиш мавсумига тайёргарлик, аҳолини электр энергияси ва иссиқлик, ичимлик суви, табиий ва суюлтирилган газ, кўмир ва кўмир брикети билан таъминлаш, қиш-баҳор мавсуми учун асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари захирасини яратиш борасида амалга оширилган ишлар секторлар тизимида ўрганилди.

Президентимизнинг жорий йил 22 июндаги “Республика иқтисодиёти тармоқлари ва ижтимоий соҳаларини 2017/2018 йиллар куз-қиш даврида барқарор ишлашга комплекс тайёрлашни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу борада муҳим дастуриламал бўлаётир.

Вилоятда 40 минг 617 хонадон суюлтирилган газдан фойдаланади. Айни пайтда мавжуд 60 минг 958 газ баллонининг 40 минг 649 таси қиш мавсумига захира қилинган. Суюлтирилган газ баллонларини аҳолига етказиб бериш бўйича вилоятда 33 автомашина жалб қилинди. Жорий йил учун 20 минг 860 газ баллони Чирчиқ шаҳрида жойлашган “Ўзбеккимёмаш” заводидан харид қилинди.

Бўстонлиқ, Паркент, Оҳангарон туманларининг олис ва тоғли ҳудудларида ва Ангрен шаҳрида жойлашган 13 минг 971 хонадонга суюлтирилган газ баллонлари тарқатилди. Кам таъминланган, эҳтиёжманд оилаларга суюлтирилган газ баллонлари ва 86 газ плитаси бепул берилди.

– Республика ишчи гуруҳи аъзолари уйимизга келиб, яшаш шароитимиз билан танишгани ва ҳол сўраганига ҳали ҳам ишонгимиз келмаяпти, – дейди Оҳангарон тумани "Четсув" маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Робия Гузарова. – Бунақаси илгари сира бўлмаган-да. Бунинг устига шунчаки ҳол сўраб қўйишмади, оилавий шароитимизни яхшилаш учун янги газ плитаси ва баллони совға қилишди. Маҳалламиз тоғли ҳудудда жойлашгани учун суюлтирилган газдан фойдаланишга мажбурмиз. Газ таъминоти ходимлари ҳар ой баллонларни тўлдириб беришади.

Жорий қиш мавсуми учун вилоятда 114 минг 500 тонна кўмирга эҳтиёж мавжуд. Ҳозирга қадар аҳолига 20 минг 919 тонна, ижтимоий соҳа объектларига 6 минг 897 тонна кўмир етказиб берилди. Вилоятга ноябрь ойида 1 минг 201 тонна кўмир келтириб, тарқатилди. Бу борадаги ишлар изчил давом эттирилмоқда.

Қиш мавсуми давомида аҳоли хонадонлари, ижтимоий соҳа объектлари ва иқтисодиёт тармоқларини электр энергияси билан узлуксиз таъминлаш ҳам энг устувор вазифалардан. Бу борада вилоятда бир қатор ишлар амалга оширилди. Мавжуд 6 минг 188 трансформаторнинг техник ҳолати мутахассислар томонидан доимий назорат қилиниб, зарурат туғилганда таъмирлаш ишлари бажарилмоқда. Ишчи гуруҳи ўрганишлари давомида жойларда 8 янги трансформатор ўрнатилиб, 4 километрга яқин масофага электр тармоғи тортилди. 1 миллиард 235 миллион сўмлик электр асбоб-ускуналари ва жиҳозлари захираси яратилди.

Жорий йилнинг октябрь-ноябрь ойларида вилоят бўйича 375 ноқонуний чиқиндихоналар аниқланиб, уларни бартараф этишга 250 махсус техника ва 510 нафар ишчи жалб этилди. Бунинг натижасида 11 тоннадан ортиқ чиқинди белгиланган жойга олиб чиқиб кетилди.

Аҳолининг тоза ичимлик суви билан таъминланиши борасида олиб борилаётган ишлар туфайли жорий йилда вилоятда 53,2 километр ичимлик суви тармоғи мукаммал, 212,2 километри жорий таъмирланди. Ушбу саъй-ҳаракатларни давом эттириш мақсадида 2018 йилги режага кўра, Тошкент вилояти “Сувоқова” давлат унитар корхонаси маблағлари ҳисобидан ҳудудда 58 километр сув қувурлари мукаммал ва 200 километри жорий таъмирланади. Бу борада Қибрай, Зангиота, Янгийўл ва Чиноз туманлари қишлоқларидаги сув иншоотлари ва қувурларини реконструкция қилиш учун зарур маблағлар ажратилиши режалаштирилган.

2017-2018 йилларда Чиноз шаҳарчасида жойлашган 68 кўп қаватли уйларнинг оқова тизимини қуриш белгиланган бўлиб, бунинг натижасида 36 мингдан ортиқ аҳолининг оқова хизматидан фойдаланишига эришилади. Паркент, Оҳангарон, Бўстонлиқ, Бекобод туманларининг айрим олис ва тоғли ҳудудларидаги қишлоқларнинг ичимлик суви таъминоти булоқлар орқали амалга оширилади. Бекобод туманининг “Қиёт” қишлоқ фуқролар йиғини, “Найман” ва “Уяс” маҳалла фуқаролар йиғинларидаги таъмирталаб бўлиб қолган ичимлик суви иншоотлари жорий таъмирдан чиқарилиб, аҳоли тоза ичимлик суви билан таъминланади.

Вилоятда кўп қаватли уй-жойларни мавсумга тайёрлаш борасида ҳам муайян ишлар амалга оширилди. Хусусан, Бекобод шаҳри “Пахтакор” маҳалла фуқаролар йиғинидаги “Металлург-мадад” хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатига қарашли 8 кўп қаватли уйдаги 234 хонадонда 750 дан ортиқ аҳоли истиқомат қилади. Уйларнинг том қисми таъмирдан чиқарилган, ертўласидаги эски қувурлар янгисига тўлиқ алмаштирилган, уйларга рақамли замонавий эшиклар ўрнатилиб, кузатув камералари билан жиҳозланган. Бу эса ҳудудда тинчлик-осойишталикни мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда. Уйлар атрофида замонавий болалар майдончалари қурилган.

Бироқ, ҳудуд аҳолисини қийнаб келаётган муаммолар ичида уйлардаги иссиқлик тизими ишламаслигидир. Ачинарлиси, бундай ҳолат нафақат ушбу ширкатга қарашли ҳудудда, балки бутун Бекобод шаҳри аҳолисининг қиш мавсумидаги муаммоси. 

12.JPG

Президентимиз жорий йил 18 августда Бекобод шаҳрига ташрифи давомида барча соҳалар билан танишиш қатори аҳолини қийнаб келаётган бу масалага ҳам алоҳида тўхталган эди. Шаҳар ҳокимлиги ташаббуси билан Навоий вилоятидаги “Аriston thermo – UTG” масъулияти чекланган жамияти шаклидаги қўшма корхонада ишлаб чиқарилаётган газ иситиш қозонларини лизинг асосида уйларга ўрнатиш ишлари бошлаб юборилди. Айни пайтда ҳудуддаги 21 кўп қаватли уйлардаги аҳоли хонадонларига газ иситиш қозонлари ўрнатилди. Бу лойиҳа 2018 йилда ҳам давом эттирилади.

– Хонадонимизга газ иситиш қозонини 3 йил муддатга кредит асосида ўрнатдик, – дейди “Пахтакор” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Элгиза Абдуллаева. – Илгари қўлбола иситиш асбобларини ўрнатиб, кўчага ёки ишга кетганимда хаёлим доим уйда бўлар эди. Замонавий технологияни ўрнатгач, унинг қулайлиги, хавфсизлиги бизга жуда маъқул бўлди. Хонадонларимиздаги барча хоналар ҳарорати бир маромда иссиқ.

Қиш-баҳор ойларида аҳолини қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан таъминлаш ҳамда бозорда нарх-наво асоссиз ошиб кетишининг олдини олиш мавсумга ҳозирликнинг энг долзарб масалаларидан биридир. Бу йил вилоят бозорларида 41,3 миллион сўмлик ноқонуний савдога қўйилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари мусодара қилиниб, аҳолига арзон нархларда сотилмоқда. Захирага маҳсулот жамғариш ишлари шу кунларда ҳам қизғин давом этмоқда.

Ишчи гуруҳ маҳсулотларни етказиб бериш, сақлаш, деҳқон бозорларида арзонлаштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ярмаркалари ташкил этиш масалалари билан ҳам танишди.

Вилоятда қисқа муддатли ўрганиш давомида маҳаллаларда истиқомат қилаётган ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар ҳолидан хабар олинди. Оҳангарон тумани марказидан 90-95 километр узоқликда жойлашган “Четсув”, “Чинор”, “Кўксарой” маҳалла фуқаролар йиғинларидаги 1 минг 225 хонадоннинг ҳар бирига қиш мавсуми учун 3 тоннадан кўмир тарқатилди. Туман ҳокими ташаббуси билан ижтимоий ҳимояга муҳтож, кам таъминланган, ногирон ва беморлари бор 30 дан ортиқ оилага моддий ёрдам кўрсатилиб, озиқ-овқат маҳсулотлари, ногиронлик аравачаси ва дори-дармон берилди.

Республика ишчи гуруҳи томонидан Тошкент вилоятида қиш мавсумига тайёргарлик ҳолатининг комплекс ўрганилгани жойларда мавжуд вазиятни аниқлаш ва камчиликларни бартараф этиш имконини берди. Бу юртдошларимизнинг давлатга, эртанги кунга ишончини мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Абдулазиз Мусаев, Оқил Ғуломов (сурат), ЎзА
2 138






Все о погоде - Pogoda.uz