Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

02.11.2017 15:09 Чоп этиш версияси

Тошкент шаҳрида умумий узунлиги 52,1 километрдан иборат ер усти халқа метро линияси барпо этилади

Халқаро пресс-клубнинг навбатдаги сессиясида мамлакатимизда метросозлик истиқболлари муҳокама қилинди.

“Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти бошқаруви раиси ўринбосари, “Тошкент метрополитени” унитар корхонаси бошлиғи Ойбек Худойқулов, “Кўприк қурилиш трести” унитар корхонаси бошқарувчиси Зафар Маҳаматов, янги қурилаётган метро лойиҳаси бош муҳандиси Эдуард Ким пойтахтимиз метрополитени янгиликлари, янги метро линияси қурилиши ҳақида маълумот берди.

Ўтган йили Сергели туманида узунлиги 7 километрдан зиёд метро қурилиши, Тошкент метрополитенининг Юнусобод йўналишида эса қўшимча 3 бекатдан иборат ер ости метро йўлини барпо этиш ишлари бошланган эди. Айни кунларда мазкур объектларда қурилиш-монтаж ишлари жадал давом этмоқда.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев жорий йил 28 октябрь куни Тошкент шаҳрида ер усти халқа метро линиясини барпо этиш ишлари билан танишди. Янги лойиҳани самарали ва сифатли амалга ошириш, хусусан, аҳолига қулайлик яратиш мақсадида қурилиш ишларини 2020 йилгача тўлиқ топшириш бўйича мутасаддиларга зарур топшириқлар берди.

Мутасаддиларнинг маълум қилишича, мазкур йирик қурилиш лойиҳаси режаси “Боштранслойиҳа” акциядорлик жамияти мутахассислари томонидан ишлаб чиқилган. Йўналишнинг 50,5 километри баландлиги 6 метрлик эстакадалар орқали ўтказилади. Унинг 1,6 километри эса ер устида қурилади. Эътиборлиси, қурилиш жараёнида бирорта ҳам иншоот, уй-жой бузилмайди.

Қурилиш беш босқичда амалга оширилади. Дастлаб Тошкент метрополитенининг “Дўстлик” бекатидан Қўйлиқ бозоригача бўлган 8 бекатдан иборат қисми қурилади. Кейинги босқичларда у “Олмазор”, “Беруний” ҳамда “Бодомзор” бекатлари билан туташтирилиб, яхлит метро халқаси барпо этилади. Лойиҳага кўра, мазкур метро йўли Яшнобод, Учтепа, Олмазор, Юнусобод, Чилонзор ва Сергели туманлари ҳудудидан ўтади.

Шу кунларда темир-бетон устунларни қуйиш ишлари бажарилмоқда. Уларнинг устига эни салкам 11 метрлик мосламалар ўрнатилиб, “пўлат излар” ётқизилгач, поездлар бир вақтнинг ўзида қарама-қарши йўналишларда ҳаракатланади. Эътиборли яна бир жиҳат: қурилишда тўлиқ ўзимизда ишлаб чиқарилаётган материаллардан фойдаланилмоқда. Юртимизнинг энг тажрибали муҳандислари, мутахассислар, қурувчилардан иборат катта бунёдкорлик жамоаси тинимсиз меҳнат қилмоқда.

Халқаро пресс-клуб сессиясида мутахассислар қурилишни ўз вақтида якунига етказиш учун барча шароит мавжуд эканини алоҳида таъкидлади. Журналистларнинг саволларига жавоб қайтарилди.

Улуғбек Асроров, ЎзА
2 840






Все о погоде - Pogoda.uz