ЎзА Ўзбек

31.01.2019 Чоп этиш версияси

Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳақми ёки инвестор Аҳмет Демир?

Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳақми ёки инвестор Аҳмет Демир?

ТУРКИЯЛИК ИШБИЛАРМОН ЭЪТИРОЗЛАРИГА
ТОШКЕНТ ШАҲАР ҲОКИМЛИГИ МУТАСАДДИЛАРИ 
ЖАВОБ ҚАЙТАРДИ

Аввал хабар берганимиздек, туркиялик инвестор Аҳмет Демир пойтахтимиз марказидаги “Чорсу” меҳмонхонасини реконструкция қилиш ишлари суст бўлишида Тошкент шаҳар ҳокимлигини айблаган эди

Жумладан инвестор: “... Биз Тошкент шаҳар ҳокимияти ва бошқа мутасаддиларга қўшимча ер майдони ажратиш бўйича мурожаат этгандик. Натижада яна 3 гектар ер қўшиб берилишини ваъда қилиниб, бу ҳақда давлат раҳбарининг қарори ҳам чиқди, аммо ўша қарор ҳануз бажарилганича йўқ. Бунинг оқибатида ишимиз сустлашган, энг ёмони, банкдан кредит ололмаяпмиз. Банкка иккита кадастр ҳужжатини кўтариб бориб, кредит сўрасам, “Бизнес-режангизда кўрсатилган мана бу ҳудуднинг ҳужжати қани?” дейишади. “Мутасадди идоралар кейин қилиб берар экан”, дейман. Аммо улар ҳам четдан келмаган, шу юртнинг фуқаролари. Яхши билишадики, “Кейин қилиб берилади”, дегани баъзан “Ҳеч қачон қилиб берилмайди”, деганини англатади”, дейди Аҳмет Демир.

Туркиялик ишбилармоннинг мазкур эътирозларига Тошкент шаҳар ҳокимлиги мутасаддилари жавоб қайтарди: 

– Аҳмет Демир Ўзбекистонга 30 миллион АҚШ доллари миқдорида инвестиция киритиш ҳисобига пойтахтимиз марказидаги “Чорсу” меҳмонхонасини мутлақо текинга олган, – деди Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев. – Кейинчалик кредит олиш учун Ўзбекистондаги банкларга мурожаат қилган. Яъни, у ташқаридан Ўзбекистонга 30 миллион АҚШ доллари миқдорида инвестиция киритмаган”. 

Мазкур масалада мутасаддилар юқоридаги маълумотлар билан чекланди, холос.

Uza.uz мухбирининг “Эндиликда Аҳмет Демир талаб қилган қўшимча 3 гектар жой ажратиладими ёки йўқ?”, деган саволи эса очиқ қолди. 

13 117
ЎзА