Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

03.07.2018 18:40 Чоп этиш версияси

Тошкент халқаро телевизион фестивалига мезбонлик қилади

Жорий йил 4-7 октябрь кунлари мамлакатимизда телевидение соҳасига бағишланган йирик халқаро фестиваль бўлиб ўтади. Бу “Россия телевидение академияси" жамғармаси томонидан бир неча йилдан буён Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги ва яқин хориждаги телевидение ижодкорлари ўртасида ўтказиб келинаётган“ТЭФИ Ҳамдўстлик” халқаро телевизион фестивалидир.

"ТЭФИ Ҳамдўстлик” ўз нуфузи билан дунёдаги айни соҳага бағишланган бошқа йирик фестиваллардан қолишмайди. Халқаро телевизион фестивалга 2011 йилда асос солинган бўлиб, у илк кунларданоқ МДҲга аъзо мамлакатлар гуманитар ҳамкорлиги жамғармаси ва Россия матбуот ва оммавий коммуникациялар федерал агентлиги томонидан рағбатлантирилиб келинмоқда.

Ҳамдўстлик мамлакатларида ягона ахборот маконини шакллантиришни мақсад қилган фестивалга ҳар йили МДҲнинг бирор мамлакати мезбонлик қилади. Фестиваль мавзулари ҳам хилма-хил. «ТЭФИ Ҳамдўстлик” доирасида экспертлар кенгаши тузилади, соҳанинг тажрибали мутахассислари иштирокида маҳорат дарслари, замонавий телевидениенинг долзарб муаммоларига бағишланган мунозаралар, телевизон ижодий ишлар муҳокамалари, очиқ суҳбатлар ўтказилади. Фестиваль якунида ғолибларга махсус мукофотлар топширилади.

Ўтган йили Минск шаҳрида ўтган «ТЭФИ Ҳамдўстлик – 2017» фестивалида Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси томонидан суратга олинган “Чорак аср шиддати: Сурхондарё” ҳужжатли фильми юксак эътирофга сазовор бўлган эди.

Айни вақтда “Россия телевидение академияси” жамғармаси Ўзбекистондаги ҳамкорлари билан фестивалга тайёргарлик ишларини бошлаб юборган. Шу кунларда “ТЭФИ Ҳамдўстлик 2018”га ижодий ишлар топшириш муддати якунланди. Бу йил фестиваль “Ватан образи: вақт, макон, тақдир” мавзуида ўтказилади.

– Фестивалга мавзу танлашда МДҲ халқларининг миллий ўзига хослиги, иштирокчиларнинг қизиқишларини инобатга оламиз, – дейди “Россия телевидение академияси” жамғармаси директори Этери Левиева. – Мисол учун, “ТЭФИ Ҳамдўстлик”нинг ўтган йиллардаги бош мавзулари ахборот теледастурлари, болалар телевидениеси, мусиқий ва кўнгилочар дастурларга бағишланган эди. Бу йилги фестиваль мавзуси Ҳамдўстлик давлатларининг ҳамжиҳатлигига қаратилган. Ўйлаймизки, профессионал телеижодкорлар томонидан айни мавзуда тайёрланган ижодий ишлар телетомошабинлар учун қизиқарли бўлади.

Сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Россия муносабатлари тобора мустаҳкамланмоқда. Мамлакатларимиз ҳамкорлиги барча соҳада, жумладан, оммавий ахборот воситалари йўналишида ҳам ривожланмоқда. Юртимиз мезбонлик қилиши кутилаётган "ТЭФИ Ҳамдўстлик” фестивали соҳа янгиликлари, телевидение ижодкорлари учун тажриба ва маҳорат майдони бўлишдан ташқари, дўстона муносабатлар яхшиланишига ҳам ўз ҳиссасини қўшади. 

М.Ҳусанова, ЎзА
6 786