ЎзА Ўзбек

19.03.2018 11:11 Чоп этиш версияси

Тошкент Гёте-Институти Ўзбекистон мактабларига янги лойиҳаларни тадбиқ этмоқда

Бундан 60 йил муқаддам Германия Федератив Республикасининг Мюнхен шаҳрида Гёте-институти ташкил этилди. Гёте-институти – бу Германия Федератив Республикасининг маданият институти саналади. У бутун дунёга нафақат Германиянинг ранг-баранг ҳаёт тарзини намоён этади, балки немис тили, маданияти ва немис жамияти билан яқиндан танишиш имконини беради, ва албатта, маданият соҳасида халқаро ҳамкорликни ривожлантиришга ўз ҳиссасини қўшади.

Ҳозирги кунда дунёнинг 90 мамлакатида 150 та Гёте-институтлари иш олиб бормоқда. Тошкентдаги Гёте-Институти эса 1998 йилдан, яъни 20 йилдан буён фаолият кўрсатиб келмоқда.

Тошкентдаги институтнинг асосий вазифаси немис тилини ўргатиш ва немис тили ўқитувчилари малакасини оширишдан иборатдир. Институтнинг тил курсларида 4000 дан ортиқ ўзбекистонликлар немис тилини ўрганадилар ва тил бўйича халқаро имтиҳонларни топширадилар. Институт курслари нафақат катта ёшлилар, балки болалар ва ўсмирлар учун ҳам ташкил этилган. Ўзбекистонда немис тили ўрганувчилар сони табора ортиб бораётир.

Таълим тизимида олиб борилаётган ҳамкорликдан асосий мақсадимиз соҳадаги вазирлик ва идоралар билан яқиндан ҳамкорликни йўлга қўйиш ҳамда онлайн ва инноватив малака ошириш тизимини кенгайтиришдир. Ҳозирги кунда энг долзарб инноватив лойиҳаларимиздан бири – бу онлайн Болалар университети лойиҳасидир. Бу лойиҳа 8 ёшдан 12 ёшгача бўлган болаларга мўлжалланган бўлиб, болаларнинг ижодий тафаккурини ривожлантиради, бу орқали эса болалар немис тилини ҳам ўрганади. Айни пайтда мазкур лойиҳани Ўзбекистондаги мактабларда татбиқ этиш бўйича катта ишлар олиб борилмоқда. Шунингдек, мазкур дастурни ўзбекистонлик ўқувчиларга мослаштириш учун Ўзбекистон телевидениеси ёрдамидан фойдаланилди. Гёте-институтининг навбатдаги муҳим вазифаси, “Мактаблар: келажак ҳамкори” ташаббуси доирасида Ўзбекистондаги 13 та мактабга ҳомийлик қилишдир.

Шунингдек, институт маданият соҳасида ҳам турли дастурларни амалга оширади, яъни Ўзбекистон ва Германия ўртасидаги маданий алмашинувни ривожлантириш мақсадида кўргазма, концерт ёки фильмлар намойиши каби дастурларни ўтказади. Маданият соҳасидаги лойиҳалар кенг қамровлидир: яқинда Гёте-институтда “Янги немис фильмлари” кунлари бошланди. Жорий йилнинг 2-6 май кунлари “Ўзбеккино” билан ҳамкорликда “Шум бола” болалар ва ўсмирлар фильм фестивали бўлиб ўтади. Апрель ойининг охирида Илҳом театрида ҳалқаро даражада танилган ўзбек кинематографи Саодат Исмаилованинг видео-санъати кўргазмаси очилади. Бу соҳадаги ишларимизнинг энг кутилгани – бу ноябрь ойидаги “Сарҳад” номли санъат-кўргазмаси ҳисобланади. Унда Шарқий Европа, Марказий Осиё ва Германиядан ташриф буюрган санъаткорлар “Сарҳад ва миграция” мавзусида ўз ишларини намойиш этадилар.

Навбатдаги бўлғуси лойиҳаларимиз архитектурага бағишланади. Ўтган йили институт “Post Oil-City – Шаҳар келажаги тарихи” кўргазмасини намойиш этди ва кўргазма доирасида Тошкент архитектура ва қурилиш институти билан ҳамкорликда Тошкентда шаҳарларни барқарор режалаштириш ва ривожлантириш тўғрисида Архитектура-Симпозиумини ўтказди. Меъморий ёдгорликларга муносабат мавзуси симпозиумнинг ўртага қўйилган энг қизиқарли саволларидан бири бўлди.

2018 йил сентябрь ойида янги бир лойиҳа – “Марказий Осиё маданият академияси”ни режалаштирилмоқда. Ушбу лойиҳа кўп йиллик иш режаси бўлиб, унда Марказий Осиёнинг беш давлатидан келган маданият соҳасидаги менеджерларнинг малакаси оширилади. Тошкентдаги икки ҳафталик семинардан сўнг иштирокчиларни Берлиндаги ранг-баранг маданий саҳналар ва уларнинг ижодкорлари билан яқиндан таништириш мақсадида Германияга “Ҳамкорликни мустаҳкамлаш саёҳати” ташкиллаштирилади.

Куз фаслидан бошлаб институтда жозибадор кутубхона ва кўп тармоқли зал иш бошлайди. Кутубхона Германия, немис тили ва унинг маданиятига қизиқувчилар учун ўқиш ва учрашув манзили бўлиб хизмат қилади. У ерда нафақат китоблар, фильмлар, аудио тасмаларни ижарага олиш мумкин, балки дўстлар билан бирга фильмларни кўриш, интернетдан фойдаланиш ва газеталар мутолаа қилиш, турли хилдаги ўйинлар ўйнаш ва кутубхона клубида янги немис асарлари устида баҳс-мунозара қилиш мумкин.




7 395