Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

15.08.2017 14:46 Чоп этиш версияси

“Тошкент-Аэро” ихтисослаштирилган божхона комплекси: қонунбузарликлар олди олинди

Маълумки, амалдаги тартибларга мувофиқ, божхона чегараларини кесиб ўтаётган жисмоний шахслар ўзлари билан олиб ўтаётган ҳар қандай кўринишдаги ва ҳолатдаги қимматбаҳо тошлар ва қимматбаҳо металдан ясалган буюмларнинг миқдори ҳақида йўловчи божхона декларациясида ва божхона ходимининг оғзаки сўровлари пайтида маълум қилишлари шарт.

Ўзбекистон Республикаси ҳудудига жисмоний шахслар томонидан товарларни акциз солиғи солинмасдан олиб киришнинг рухсат этилган меъёрларига мувофиқ, умумий оғирлиги 30 граммдан ортиқ бўлмаган қимматбаҳо тошлар ва қимматбаҳо металдан тайёрланган 5 донагача заргарлик буюмини олиб киришга рухсат этилади.

Аммо, мазкур талабларни бузиб, тилла ва заргарлик буюмларини яширин йўллар билан олиб киришга уринишлар ҳам учраб турибди. “Тошкент-Аэро” ихтисослаштирилган божхона комплекси ходимлари қонунчилик тартибини бузишга уринган шахсларни фош қилди. Бокудан Тошкентга учиб келган фуқаро Г. божхона кўригидан ўтказилганда 5 жуфт зирак, 3 дона узук ва бошқа заргарлик буюмларини багажидаги кийимларнинг ички астарига қадаб қўйганча олиб кираётган пайтда тўхтатиб қолинди. Йўловчи божхона декларациясида ва божхона ходимларининг оғзаки сўрови пайтида маълум қилинмаган ушбу тилла тақинчоқларнинг умумий оғирлиги 52 граммни ташкил қилди.

Истанбул – Тошкент рейси бўйича парвозини якунлаган фуқаро Х. холислар иштирокида шахсий кўрикдан ўтказилганда, ушбу аёл 107 грамм оғирликдаги заргарлик буюмларини яширгани аниқланди.

Ҳозир мазкур ҳолатлар юзасидан божхона текширувлари ва суриштирув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

“Тошкент-Аэро” ихтисослаштирилган божхона комплекси ходимлари томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар вакиллари билан ҳамкорликда жорий йилнинг ўтган 7 ойи давомида аниқланган 89 божхона қоидабузарлиги бўйича қиймати 1,3 миллиард сўмдан ортиқ салкам 20 килограмм оғирликдаги тилла ва заргарлик буюмлари ноқонуний олиб ўтилишининг олди олинди.

Нурилло Насриев, ЎзА
3 198






Все о погоде - Pogoda.uz