Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

06.09.2017 12:38 Чоп этиш версияси

Томорқага кўмилган қурол

Мамлакатимизда ўқотар қуролларни ноқонуний равишда сақлаш, олиб юриш ва божхона чегаралари орқали олиб ўтиш қатъиян ман этилган.

Навоий вилояти божхона бошқармаси ходимлари томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар билан ҳамкорликда Хатирчи туманида ўтказилган тезкор тадбирда қурол ва ўқ-дориларни яширин равишда сақлаш ҳолати фош этилди.

Фуқаро Т.Ё.нинг хонадони холислар иштирокида текширилганда унинг томорқасига 1 дона ов қуроли, 2 дона гильза, 7 дона қўлбола усулда тайёрланган патрон, 50 грамм сочма дроб ва бошқа мосламалар полиэтилен қопга солинган ҳолда кўмиб қўйилганлиги аниқланди.

Ушбу ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 248-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, суд ҳукмига биноан ашёвий далиллар давлат эгалигига ўтказилди. Фуқарога нисбатан энг кам ойлик иш ҳақининг 8 баробари миқдорида жарима жазоси тайинланди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1997 йил 10 октябрдаги «Товарлар экспортини рағбатлантиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони талабларига кўра, Ўзбекистон Республикаси ҳудудига махсус рухсатномасиз қурол-яроғ, ўқ-дори ва уларнинг қисмларини олиб кириш тақиқланган.

Тошкент вилояти божхона бошқармаси “Ғишткўприк” чегара-божхона комплексида қўшни давлатдан кириб келган фуқаро С.А. 39 дона бўш гильза, 198 дона елим гильза пистонлари, 57 дона елим гильза ва бошқа мосламаларни божхона назоратидан яширинча олиб киришга уринган пайтда тўхтатиб қолинди. Ушбу ҳолат юзасидан божхона текшируви ва суриштирув жараёнлари олиб борилмоқда.

Амалдаги қонунчилигимизга биноан мамлакатимиз божхона чегаралари орқали қурол-яроғ, ўқотар қурол ва ўқ-дориларни контрабанда қилиш 5 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум этиш, шунингдек, қурол ва ўқ-дориларни ноқонуний равишда сақлаш жарима, қамоқ ёки 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади. Агар шахс ушбу буюмларни ўз ихтиёри билан топширса, жавобгарликдан озод этилади.

Жорий йилнинг ўтган 7 ойи давомида мамлакатимиз божхоначилари томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа идоралар билан ҳамкорликда аниқланган 74 қонунбузарлик ҳолатида 31 та ов қуроли, 12 дона ўқотар қурол, 621 дона патрон, 4,5 минг донадан ортиқ капсула, 1 минг 700 донадан ортиқ гильза ҳуқуқбузарлик ашёси сифатида олиб қўйилган.

Даврон Суннатов, ЎзА
3 373






Все о погоде - Pogoda.uz