ЎзА Ўзбек

08.06.2019 19:35 Чоп этиш версияси

Томчилатиб суғориш технологиясини амалиётга кенгроқ жорий қилиш лозим

Томчилатиб суғориш технологиясини амалиётга кенгроқ жорий қилиш лозим

Қашқадарё вилоятида томчилатиб суғориш технологияларини амалиётга янада кенгроқ жорий қилиш масалаларига бағишланган семинар бўлиб ўтди. 

Унда Самарқанд Сурхондарё, Навоий, Қашқадарё вилоятларининг фермерлари, қишлоқ хўжалиги экинларини етиштирувчи кластер тузилмалари агрономлари ва бошқа соҳага алоқадор ташкилотлар вакиллари иштирок этди. 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 27 декабрдаги “Пахта хомашёсини етиштиришда томчилатиб суғориш технологияларидан кенг фойдаланиш учун қулай шарт-шароитлар яратишга оид кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисида” ги қарори ҳам сув манбаларидан оқилона фойдаланиш, суғоришда янги тежамкор технологияларни қўллашда муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда. 

Тадбир давомида қурғоқчил минтақаларда томчилатиб суғориш технологиясини жорий этиш бўйича амалга оширилаётган агротехник тадбирларнинг бориши ва янги суғориш тизимининг афзалликлари хусусида тажриба алмашилди. 

– Биргина вилоятимизда қишлоқ хўжалик экинларини суғоришга сарфланадиган сувнинг харажати йилига ўртача 750 миллиард сўмни ташкил этади, – дейди Аму-Кашкадарё ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси бошлиғи Ботир Рахимов. – Бундан ташқари қарийб 200 миллиард сўм ирригация ва мелиорация тадбирларига сарфланади. Бугун аҳоли кўпаймоқда. Одамларнинг ерга бўлган муносабатлари ўзгарди. Масалан, 70-йилларда мамлакатимиз аҳолиси 13 миллион нафарни ташкил этган бўлса, бугун 33 миллиондан ошиб кетди. Лекин ўша ер, ўша сув. Кейинги йилларда бир қарич ер бўлса ҳам ўзлаштирилиб, экин экилмоқда. Бунинг ҳаммасига сув керак, албатта. Илгари томорқа хўжаликларига сув ажратилмасди. Ҳозир биринчи навбатда томорқага эътибор қаратилмоқда. Масалан, жорий йилда вилоятда 49 минг гектар майдонда томорқа экинлари экилган. Уларни ҳам оқова сув билан таъминлашимиз керак. Шу боис сувни тежовчи технологиялардан фойдалансак, сув етарли бўлади. Ҳозирги жорий қилинаётган технология эса сувни 40-45 фоизга иқтисод қилади. 

Тадбир доирасида иштирокчилар Шўртан газ-кимё мажмуасининг томчилатиб суғориш технологиялари ҳамда бутловчи қисмларини ишлаб чиқарувчи “Қаршитермопласт” цехига ташриф буюриб, у ерда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар ва амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан танишди. Ўзлари талаб этадиган мослама, қурилмалар бўйича маълумотларга эга бўлди.

Айтиш жоизки, бу йил Республикамизда тажриба тариқасида 12 минг гектар майдонда томчилатиб суғориш технологиялари жорий қилинади. Янгилик биринчилардан бўлиб Нишон туманидаги “Зиёдулла Фармонов” фермер хўжалигида амалга оширилди. Биринчи йил учун 42 гектар пахта майдони ажратилди.

– Қашқадарёда қурғоқчилик йиллари кузатилиб туради. Шу боис биз фермерлар бунга тайёр бўлишимиз керак, – дейди Нишон туманидаги “Зиёдулла Фармонов” фермер хўжалиги раҳбари Зиёдулла Фармонов. – Ҳудудимиздан ўтадиган зовурга 3 та насос ўрнатганмиз. Ғўзанинг вегетация даврида сув танқис йиллари суғориш ниҳоятда қийинлашади. Мана шу муаммони кўпдан бери ўйлаб юрардик. Президентимизнинг шу қароридан сўнг таваккал қилиб, 42,6 гектар ерни тўлиқ томчилатиб суғорадиган технология асосида суғоришни йўлга қўйдик. Адашмаган эканмиз. Сув ҳавзалари қурдик. 6 соатда тўлади. 3 соатда 3 гектар ерни суғорамиз. Жараён босқичма-босқич давом этади. 24 гектар ерни бир суткада бир марта сувдан чиқарамиз. Сув ҳавзамизга 1050 куб сув кетади. Энг асосийси ғўзани вақтида сувлаймиз. Ғўза парваришида агротехник тадбирларни бир кун ҳам ортга суриб бўлмайди. Кечикилган ҳар бир кун ёки соат ҳосилдорлик сифатига салбий таъсир қилиб бораверади. Масалан, сув қўйишни бир кун кечиктирсангиз гул ташлаб юбориши мумкин. Энди иқтисодий самарасига келсак, биринчи йилда қувурларни ўтказдик. Шу боис биринчи йилда харажати кўп. Лекин давлатимиз томонидан шунга яраша имтиёзларнинг ҳам берилгани нур устига аъло нур. Кейинги йилларда харажатлар қисқариб бораверади. Фақат бир йиллик кичик шланглар ўрнатилади холос. Яна бир томони сув тўғридан-тўғри томирига боргани сабаб 50 фоиз азотли ўғит кам ишлатилади. Томчилатиб суғориладиган майдонлар култивация қилинмайди. Бу тадбирларга кетадиган маблағ ҳам иқтисод қилинади.

Вилоятида интенсив боғларни ҳам томчилатиб суғориш кенг кўламда амалга оширилмоқда. Масалан, айни пайтда минг гектардан зиёд жойда ёнғоқ плантациялари ташкил этилиб, томчилатиб суғориш технологияси жорий қилинган. Бундан ташқари Яккабоғ, Китоб, Шаҳрисабз туманларида қарийб 2 минг гектар майдондаги боғларга шунақа сув тежовчи технологиялар қўлланиляпти.

Семинар иштирокчилари вилоятда томчилатиб суғориш технологиялари жорий қилинган далаларда амалга оширилган ишлар билан таништирилди.

Ўлмас Баротов, ЎзА
6 160