ЎзА Ўзбек

22.10.2019 Чоп этиш версияси

ТОКИО-2020: ўзбекистонлик ОАВ ходимлари Олимпия ҳамда Паралимпия беллашувлари учун қуриб битказилаётган иншоотлар билан танишди

ТОКИО-2020: ўзбекистонлик ОАВ ходимлари Олимпия ҳамда Паралимпия беллашувлари учун қуриб битказилаётган иншоотлар билан танишди

Хабарингиз бор, кейинги йил Япония пойтахти Токио шаҳри XXXII ёзги Олимпия ҳамда XVI Паралимпия ўйинларига мезбонлик қилади. Ушбу мусобақалар учун Ўзбекистондан ҳам энг сара атлетларимиз лицензиялар қўлга киритишда давом этмоқда.

Спортчиларимиз ва уларнинг мураббийлари, делегациямиз аъзолари, шунингдек, ОАВ ходимлари учун Токио-2020 ташкилотчилари томонидан олиб борилаётган тайёргарликлар ва спорт объектларининг қуриб битказилиш жараёнлари ўзбекистонлик журналистларга ҳам дунёнинг 200 дан ортиқ давлатидан келган ҳамкасблари қатори таништирилиб, улар ҳақида маълумот берилди.

Маълумки, 2018 йил 28 фераль куни бутун дунё XXXII ёзги Олимпия ҳамда XVI Паралимпия ўйинларининг расмий рамзларини билиб олган эди.

Япония пойтахтида ўтказилаётган 2nd World Press Briefing Tokyo 2020 брифинги доирасида Токио-2020 ташкилий қўмитасининг махсус кенгаши рамзлар қандай танлангани ҳақида батафсил маълумот берди.

Унга кўра, мусобақа рамзлари овоз бериш йўли билан аниқланган. Даставвал Олимпия ҳамда Паралимпия ўйинлари учун ўз вариантлари билан келган дизайнерлар сони 2000 дан ортиқ бўлган, якуний босқичда эса уларнинг уч нафари қолган. Шундан сўнг танловга олимпиада рамзларини аниқлаш тарихида илк бор мактаб ўқувчилари жалб қилинган.

Япониядаги 17 минг бошланғич таълим муассасалари ўқувчилари 109 минг овоз билан дизайнер Ryo Taniguchi таклиф этган рамзларини маъқуллашган.

MIRAITOWA – мазкур дастлабки Олимпия ўйинлари рамзининг сўзма сўз таржимаси “mirai” – “келажак”, “towa” – “боқийлик” маъноларини англатиб, “ўтмишдан сабоқ олинг ва янги ғояларни ишлаб чиқинг” — япон мақолидан илҳомланган ҳолда яратилган. У Ido даврига оид Ichimatsu нақшлари билан безалган, ва бу ҳурматга сазовор анъаналар ва япон маданиятининг замонавий инновацияси ҳисобланади.

20180722-olympic-mascots-rtr.jpg

SOMEITY – ушбу иккинчи рамз эса Паралимпия ўйинлари учун ишлаб чиқилган бўлиб, ташқи кўринишида оқ-пушти катакчалар, бош қисмида сакура гуллари алоҳида аҳамиятга эга саналади. Унинг номи японлар орасида энг машҳур гилос тури бўлмиш “Someiyoshino” ва “so mighty” – “жуда кучли” сўзининг қўшилмасидан вужудга келган. Someity баъзан ақлий ҳамда жисмоний имкониятлари чегараланганлигига қарамасдан паралимпия спортчиларининг исталган тўсиқларни енгиб ўтишини исботловчи рамз сифатида ифодаланган.

Токиода ўтказилаётган 2nd World Press Briefing Tokyo 2020 доирасида иштирокчилар XXXII ёзги Олимпия ҳамда XVI Паралимпия ўйинлари ўтказиладиган спорт иншоотларининг тайёргарлик ҳолати билан ҳам танишиш учун бевосита объектларга олиб борилди.

Ташкилий қўмита томонидан турнинг биринчи объекти сифатида Токионинг қум билан кўтарилган қисмидаги янгитдан барпо этилаётган Tokyo Aquatics Centre бўлди.

photo5294006140096588930.jpg

Мажмуа ер ости қисмини инобатга олмаганда 4 қаватдан иборат бўлиб, 15000 томошабинга мўлжалланган. 65 минг квадрат метр майдонни эгаллаган иншоот 2020 йилнинг февралида топширилиши режалаштирилган, ўйинлар якунлангач бу ер Токионинг сув спорт турларига ихтисослашган марказига айланиши кутилмоқда.

Ariake Gymnastics Centre – бу ерда бадиий гимнастика, трамполин ҳамда спорт гимнастикаси бўйича баҳслар ўтказилиши мақсад қилинган. Иншоот 90 фоиз тайёр ҳолатда. У ўз бағрига 12 минг томошабинни сиғдира олади. Бинода япон миллий анъаналарини сақлаб қолиш мақсадида асосан ёғоч маҳсулотларидан фойдаланилган. Шу тариқа мажмуа ёғочдан ишланган энг йирик спорт комплексига айланади. Ёғоч конструкцияларининг мустаҳкам металл боғламалари билан қотирилганлиги эса иншоотнинг ер силкинишлари ҳамда тўфонларга чидамлилик даражасини ошишига хизмат қилади.

photo5294250704124357459.jpg

Маълумот ўрнида, Ariake Gymnastics Centre нинг фақатгина сўнгги пардозлаш ишлари қолган бўлиб, шу йилнинг ўзида синов мусобақалари ўтказилади.

Yoyogi National Stadium – ўзига хос меъморчилик асосида қурилган ушбу стадионда Олимпия ўйинлари пайтида гандбол, Паралимпия ўйинларида эса бадминтон ҳамда аравачали регби баҳслари ўтказилади.

photo5294006140096588931.jpg

Иншоотга 5 мингга яқин томошабин жойлаша олади. Шу жумладан 100 га яқин журналистнинг фаолият олиб бориши учун ана шунча ўринли пресс-ложалар ажратилган.

Tokyo Metropolitan Gymnasium ҳамда National Olympic Stadium иншоотлари тадбир иштирокчиларининг алоҳида қизиқишига сабаб бўлиши табиий. Боиси бу ерда ёнма-ён жойлашган биноларнинг бирида спорт тенниси бўйича мусобақалар ўтказилса, 1964 йилги Олимпия ўйинларида ҳам асосий майдон вазифасини ўтаб берган National Olympic Stadium да 2020 йил 24 июль санасига белгиланган Токио олимпиадасининг очилиш маросими ҳамда ёпилиш маросимлари ўтказилади.

photo5294006140096588932.jpg

photo5294250704124357460.jpg

Бундан ташқари қайта таъмирланаётган мазкур стадионда олимпиаданинг футбол, енгил атлетика ва марафон ҳамда паралимпиянинг енгил атлетика бўйича баҳслари бўлиб ўтади.

Ariake Tennis Park да машғулотлар ўтказишга мўлжалланган 16 та ҳамда саралаш беллашувлари учун 23 та корд мавжуд. Шунингдек, бу ерда бевосита томошабинлар иштирокидаги баҳсларга мўлжалланган яна битта янги корд фойдаланишга топширилди. Ушбу кордда октябрь ойининг сўнги саналарида бўлиб ўтадиган халқаро турнир ўзига хос синов вазифасини ўтаб беради.

photo5294006140096588933.jpg

photo5294006140096588934.jpg

Бундан ташқари Ariake Tennis Park да Ariake Coliseum номи билан аталувчи 10 минг томошабинга мўлжалланган мажмуа Олимпиада учун қайта таъмирдан чиқарилди. Илғор технологияли спорт иншоотининг ўзига хос жиҳати – том қисмининг 24 дақиқа ичида тўлиқ очилиб, яна шунча вақтда қайта ёпилиш имкониятига эгалиги. Шу боисдан бу ерда исталган тоифадаги турнирларни ўтказиш имкони мавжуд.

photo5294006140096588935.jpg

Олимпия ўйинлари дастуридан ўрин олган спортнинг тўп билан хоккей тури бўйича беллашувлар Токиодаги марказий боғлардан бирида жойлашган Oi Hockey Stadium да ўтказилади.

photo5294250704124357461.jpg

Ташкилий қўмитанинг маълум қилишича, бу ерда мавжуд ўриндиқларга қўшимча томошабинларга мўлжалланган трибуналар ташкил этилади.

Эътиборли жиҳати Токио-2020 Олимпиадаси учун бу ерда бир неча йилдан буён фаолият кўрсатаётган спорт майдонига қўшимча яна битта ўйингоҳ барпо этилган.

Албатта, бир неча кунда барча олимпия иншоотларини кўздан кечириш имконсиз, лекин Токио шаҳри олимпиада ўтказиш амалиётига эгалиги ва тақдимот қайдномасига киритилган янги қуриладиган объектларнинг деярли тугаллангани XXXII ёзги Олимпия ҳамда XVI Паралимпия ўйинлари Токио-2020 ташкилий қўмитаси томонидан юқори савияда ўтказилишига шубҳа қолдирмади.

Шу билан Япония пойтахтида ўтказиладиган XXXII ёзги Олимпия ҳамда XVI Паралимпия ўйинлари олдидан ОАВ вакиллари учун ташкил этилган медиа тур ўз ишини якунлади.

5 225
Шоҳрух НЎЪМОНОВ, ЎзА