ЎзА Ўзбек

04.03.2018 21:28 Чоп этиш версияси

Тоғ-геология фаолиятини назорат қилиш бўйича инспекция ва унинг ҳудудий тузилмалари ташкил этилади

2018 йил 1 мартда “Ўзбекистон Республикаси Геология ва минерал ресурслар давлат қўмитаси фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори қабул қилинди.

Қарорга кўра, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ер қаърини геологик ўрганиш, саноатда, кончиликда ва коммунал-маиший секторда ишларнинг бехатар олиб борилишини назорат қилиш давлат инспекциясининг ер қаъридан фойдаланишни назорат қилиш ва уларни муҳофаза қилиш бўйича функциялари Геология ва минерал ресурслар давлат қўмитасига ўтказилмоқда.

Қўмита ҳузурида Тоғ-геология фаолиятини назорат қилиш бўйича Инспекция ва унинг ҳудудий инспекциялари ташкил этилмоқда.

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Фойдали қазилмалар захиралари бўйича давлат комиссияси бекор қилиниб, ўрнига қўмита ҳузурида Фойдали қазилмалар захиралари бўйича давлат комиссияси ташкил қилинмоқда.

2018 йил 1 апрелдан бошлаб ер ости сувларидан махсус фойдаланиш ва ер ости сувини махсус истеъмол қилиш учун рухсатнома қўмитанинг ҳудудий гидрогеологик станциялари томонидан "ягона дарча" тамойили асосида берилади.

2018 йил 1 августдан ер қаъридан фойдаланиш ҳуқуқини берувчи лицензиялар Геология ва минерал ресурслар давлат қўмитаси томонидан белгиланган тартибда, кенг тарқалган фойдали қазилмаларга тегишли қисми эса - "ягона дарча" тамойили бўйича бериладиган бўлди.

2018 йил 1 апрелдан бошлаб қўмита ходимларига узлуксиз иш стажи (узоқ муддат ишлаганлик) учун қўшимчалар ва қўмитанинг тегишли ҳудудларда жойлашган ташкилотлари ходимларининг иш ҳақига қўшимча коэффицентлар тўланади.

ЎзА
10 791