ЎзА Ўзбек

05.06.2018 17:38 Чоп этиш версияси

Тирикликда мангуликни унутманг!

Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ҳамда “Ишонч” газетаси ҳамкорлигида Жиззах вилоятида ташкил этилган қўшма рейд давом этмоқда.

Ҳаётимизнинг муҳим бир қисми бўлган бозорлар кундан-кунга ривожланиб бормоқда. Бу тирикликнинг ёрқин намойиши. Аммо тан олиш керакки, ҳаёт, тириклик боқий эмас. Шу боис то тирик эканмиз, мангуликни эсдан чиқармаслик лозим.

Жиззах вилоятининг Пахтакор тумани бўйлаб кетарканмиз, “Мангулик” қабристони эътиборимизни тортди. Боиси ўт-ўланлар босган бу маскан анча қаровсиз ҳолда экан.

Шу ерлик аҳоли вакилларидан қабристон тарихи ҳақида сўрадик. Улар қабристон ўтган асрнинг эллигинчи йилларидан бери мавжудлигини маълум қилди. Қизиғи, бу маскандан вафот этган турли дин вакиллари қўним топган.

Ўт-ўланлар ўсиб қабртошларни босиб кетаётган бўлса ҳам негадир на мутасаддилар, на аҳоли вакиллари, на марҳумларнинг яқинлари қабристонни, қабртошлар атрофини тозалаб, ободонлаштириш, яъни дарахт ёки гул экишни ўйлаб кўришмаган.

Ушбу масалада Пахтакор тумани ҳокимлиги ҳузуридаги ободонлаштириш бошқармасига мурожаат қилдик. Бошқарма бошлиғи Рўзмон Завқиев ушбу ҳолатга изоҳ берар экан, қабристонга дарвоза ўрнатилиб, атрофи девор билан ўралаётгани, тез кунларда қабристонда тозалаш ишлари олиб борилиши маълум қилди.

Ҳа, савоб ишнинг кечи бўлмайди.

Норгул Абдураимова, ЎзА
5 319