Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

21.09.2017 16:47 Чоп этиш версияси

Тинчлик ва тараққиёт йўлидаги долзарб ташаббусларни қўллаб-қувватлаймиз

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Бош Ассамблеяси 72-сессиясидаги нутқи барчамизда зўр қизиқиш, юксак фахр туйғусини уйғотди. Ушбу воқелик, шубҳасиз, мамлакатимизнинг халқаро муносабатларда тенг ҳуқуқли давлат сифатидаги роли ва ўрнини янада оширди.

Давлатимиз раҳбари ўз нутқида сессия иштирокчилари эътиборини бугун дунё ҳамжамиятини ташвишга солаётган бир қатор долзарб масалаларга қаратиб, уларнинг ечими юзасидан амалий таклифларни илгари сурди.

Президентимиз Ўзбекистонни жадал ривожлантириш йўлида барча соҳаларда амалга оширилаётган чуқур ислоҳотлардан кўзланган мақсад – "Инсон манфаатлари ҳамма нарсадан устун" деган тамойилни амалга ошириш, демократик давлат ва адолатли жамият барпо этишдан иборат эканлигини алоҳида таъкидлаб ўтди. Бу борада халқимизнинг хоҳиш-истаклари асосида қабул қилинган Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси ҳаётга изчил жорий этилаётганлигини қайд этди.

Айниқса, Президентимизнинг 2017 йил мамлакатимизда Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили, деб эълон қилингани, Давлат дастури доирасида амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида халқ давлат органларига эмас, балки давлат органлари халқимизга хизмат қилиши хусусидаги, шунингдек, БМТнинг халқаро муносабатлардаги мавқеига юксак баҳо берган ҳолда, халқаро ташкилот ва унинг тузилмалари фаолиятини янада кенгайтириш зарурлиги ҳақидаги фикрлари дунё ҳамжамияти томонидан илиқ кутиб олинди.

Давлатимиз раҳбари ўз нутқида Ўзбекистон ўзининг бугунги ташқи сиёсатида Марказий Осиё минтақасига устувор аҳамият қаратаётгани, минтақада барқарорлик, изчил тараққиёт ва яхши қўшничиликни ривожлантириш, ўзаро мулоқот, амалий ҳамкорликни мустаҳкамлашнинг қатъий тарафдори эканлигини қайд этгани ҳам алоҳида аҳамиятга эга.

Ҳақиқатдан ҳам, биргаликдаги саъй-ҳаракатларимиз туфайли сўнгги пайтларда минтақамизда сиёсий ишонч даражаси сезиларли даражада ошиб, кўплаб масалалар бўйича принципиал жиҳатдан муҳим ечимлар топишга эришилгани минтақа халқларининг тарихий илдизлари ва мақсадлари муштарак эканлигини яна бир бор исботлади.

Бу ўринда Шавкат Мирзиёев томонидан Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг Марказий Осиё давлатларининг хавфсизликни таъминлаш ва минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлашдаги саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлашга доир махсус резолюциясини қабул қилиш тўғрисидаги таклифини минтақа халқлари тақдири учун жонкуярлик намунаси сифатида баҳолашимиз мумкин.

Президентимиз юксак минбардан туриб Марказий Осиёда хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш билан боғлиқ муаммоларга эътибор қаратар экан, минтақада умумий сув захираларидан оқилона фойдаланиш ва Орол бўйидаги экологик муаммони бартараф этиш масалаларига яна бир бор дунё ҳамжамиятининг диққатини қаратгани ҳам муҳим аҳамиятга эга.

Бундан ташқари, Президентимизнинг қўшни Афғонистондаги вазиятни барқарорлаштириш ҳамда Ўзбекистон ҳеч қандай блокка қўшилмаслик мақомини сақлаб қолган ҳолда, очиқ мулоқотга тайёр эканлиги борасида билдирган қатъий позициясини барчамиз тўла қўллаб-қувватлаймиз.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Бош Ассамблеясидан туриб халқимиз тақдири ва мамлакатимиз манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида билдирган долзарб ташаббусларини рўёбга чиқаришда депутатларимиз ва фаолларимиздан фидойилик талаб этилади. Жойларда ўтказиладиган учрашув ва мулоқотлар давомида мазкур тарихий нутқнинг мазмун-моҳиятини кенг жамоатчилигимиз, айниқса, ёшлар орасида кенг тарғиб қилишда биз – халқ вакиллари фаол бўлмоғимиз зарур.

Наримон Умаров,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси 
Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари,
Ўзбекистон “Адолат” СДП сиёсий кенгаши раиси.

ЎзА
2 491






Все о погоде - Pogoda.uz