Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

16.02.2017 18:30 Чоп этиш версияси

Тинчлик ва осудалик – халқимизнинг бойлиги

Мамлакатимизда ҳукм сураётган тинч-осуда ҳаёт, хавфсизлик ва барқарорликни таъминлашда ички ишлар органлари ходимларининг ҳам хизмати катта. Аҳоли ўртасида тартиб-интизомни янада кучайтириш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш мақсадида ташкил этилган профилактика инспекторлари, милиция таянч пунктлари, “Маҳалла посбони” каби институтларнинг самарали фаолият юритаётгани осудалигимизни таъминлашга хизмат қилаётир.

Ички ишлар органлари фаолиятини тартибга соладиган қонунчилик базаси мустаҳкамланмоқда. Ўзбекистон Республикасининг 2016 йил 16 сентябрь куни қабул қилинган “Ички ишлар органлари тўғрисида”ги қонуни соҳа фаолиятини янада такомиллаштиришда муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилаётир.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев соҳа вакиллари билан учрашув ва мулоқотлар ўтказаётгани фаолиятимизни янги босқичга олиб чиқишда муҳим омил бўлаётир. Жорий йилнинг 9 февраль куни давлатимиз раҳбари раислигида ички ишлар органлари фаолияти, тизимда мавжуд муаммо ва камчиликлар, истиқболдаги вазифаларга бағишланган видеоселектор йиғилишида ички ишлар органлари фаолияти танқидий таҳлил қилиниб, муҳим устувор вазифалар ҳақида батафсил тўхталиб ўтилди.

Йиғилишда кўтарилган масалалар барча ички ишлар органлари, жумладан, Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси ходимлари ўртасида кенг муҳокама қилиниб, келгусида бажарилиши лозим бўлган вазифалар белгилаб олинди. Президентимизнинг ҳар ҳафтанинг пайшанба кунини «Жиноятчиликнинг олдини олиш ва профилактика куни» деб эълон қилиш ҳақидаги таклифи ходимларимиз томонидан қўллаб-қувватланмоқда. Чунки жиноят содир этилгандан кейин уни фош этишга қаратилган чора-тадбирлар олиб боришдан кўра, жиноятнинг олдини олиш, профилактик тадбирлар ўтказиш самаралироқдир. Шу мақсадда мамлакатимиз оммавий ахборот воситаларида жиноятлар, уларнинг келиб чиқиш сабаблари, олдини олиш бўйича тадбирлар ва профилактикасига бағишланган чиқишлар ташкил этилаётир.

Жиноятлар муҳокамасини ташкил этиш, тарғибот-ташвиқот учрашувлари, йўл-ҳаракат хавфсизлиги профилактикаси бўйича рейдлар, ёнғин хавфсизлиги профилактикаси тадбирлари белгилаб олинди. Интернет-кафелар ва тунги клубларда профилактик рейдлар, паспорт-виза тартиботини таъминлаш, гиёҳвандлик ва бошқа иллатларнинг олдини олишга қаратилган профилактика тадбирлари шакллантирилди.

Йиғилишда давлатимиз раҳбари жиноятларнинг келиб чиқиш сабаблари, уларнинг шарт-шароит ва омилларини ўрганиш, профилактика мақсадида ҳар бир жиноят тафсилотини ички ишлар органлари раҳбарлари, профилактика инспекторлари ва маҳалла фаоллари иштирокида чуқур таҳлил қилиш зарурлигини таъкидлади.

Президентимизнинг “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак” деган фикрларини амалда жорий этиш мақсадида Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси раҳбарияти томонидан жойларга чиқиб, фуқароларни сайёр қабул қилиш йўлга қўйилди. Бунда нафақат ижтимоий масалалар, балки жиноят ишлари бўйича уларни қизиқтирган саволлар, юзага келаётган муаммоларга шу ернинг ўзида ечим топиш мақсадида бу ишга терговчилар, жиноят қидирув ходимлари кенг жалб этилаётир.

Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси бошлиғининг guvd.uz виртуал қабулхонаси ишга туширилди. Натижада фуқароларга пойтахт ички ишлар органлари фаолиятига оид масалалар, муаммолар юзасидан ариза, шикоят ёки таклифлар билан бош бошқарма раҳбарига тўғридан-тўғри мурожаат қилиш имконияти яратилди.

Видеоселектор йиғилишда чет элга иш қидириб кетган фуқароларни аниқлаш ва қайтариш, маҳалла раислари, имом-хатиблар, диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчилар билан ҳамкорликда аҳоли орасида диний экстремизмнинг салбий оқибатларини тушунтириш ишлари сустлиги таъкидланди. Демак, бу борадаги ишларимизни янада кучайтиришимиз зарур.

Йиғилишда ёшлар ва аёллар жиноятчилиги борасидаги ҳолат, 2016 йилда академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари ўқувчиларининг жиноятга қўл ургани, умумий жиноятларнинг олтитасидан биттасини хотин-қизлар содир этгани ҳам танқид остига олинди. Президентимиз таъкидлаганидек, бунинг асосий сабабларидан бири ўрта махсус, касб-ҳунар билим юртларида ўқувчиларнинг давомати тушиб кетгани, бу ҳолни ўрганиш ва назорат қилиш бўйича мукаммал тизим яратилмаганидир.

Президентимиз танқидий таҳлил, қатъий тартиб-интизом ва шахсий жавобгарлик ҳар бир раҳбар фаолиятининг кундалик қоидаси бўлиб қолиши, муаммоларни кабинетда ўтириб эмас, балки халқ орасида юриб аниқлашга ва уларнинг ечимини топишга қаратиш, якуний натижа учун раҳбарларнинг шахсий жавобгарлигини ошириш, фуқаролар мурожаатларини қисқа муддатларда ҳал қилиш, ишда аниқ тартиб ва қатъий интизом ўрнатиш, соҳани малакали кадрлар билан таъминлаш, ишдаги ҳар қандай салбий ҳолатларнинг олдини олиш ва бундай иллатлар илдизини қуритиш ички ишлар органларининг устувор вазифаси эканини таъкидлади. Давлатимиз раҳбари томонидан билдирилган танқидий фикрлар, талаб ва вазифалар ички ишлар органлари ходимлари зиммасига катта масъулият юклаши билан бирга, соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштиришга хизмат қилади.

Тўлаган Абдуллаев,
Тошкент шаҳар Ички ишлар бош
бошқармаси Инсон ҳуқуқларини
ҳимоя қилиш ва юридик таъминлаш
бўлими бошлиғи ўринбосари.

ЎзА
3 771






Все о погоде - Pogoda.uz