Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

20.04.2017 15:16 Чоп этиш версияси

Тинчлик ва осойишталик қадри

Пойтахтимиздаги Хотира майдони. Баҳор ёмғири унга ажиб манзара бағишлаган. Ҳаво жуда мусаффо. Гулзорлардаги алвон, пушти, сариқ, оқ лолаларнинг жилоси кўзни ўйнатади. “Мангу аланга” ёдгорлигидаги “Эл-юртимизнинг эрки ва озодлиги, бахту саодати учун ҳаётини қурбон қилган ватандошларимиз хотираси ҳамиша барҳаётдир” деган зарҳал битик янада ярқирайди. Мотамсаро она монументи юзидан узилаётган кўкнинг сўнгги томчилари эса, биз онанинг кўз ёшларимиз, дея пичирлаётгандек гўё.

Майдон зиёратчилар билан гавжум. Улар орасида юртимиз меҳмонлари ҳам талайгина. Эр-хотин Седат ва Мириям Танкерлар Нью-Йорк шаҳридан келган. Бошқа сайёҳлар каби улар нигоҳида ҳам бу маскандан олган чуқур таассурот яққол сезилиб турибди.

– Дунёнинг турли мамлакатларида Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлган аскарларга атаб барпо этилган ёдгорликларни кўрганмиз, лекин улар ичида ҳеч бири Тошкентдаги Хотира майдоничалик қалбимизга кучли таъсир қилмаган эди, – дейди Мириям хоним. – Бу ернинг ўзига хос меъморий ечими, мукаммал ва гўзал композицияси инсон хотираси абадийлиги, уруш ва қирғинбаротлар инсоният кушандаси эканлигини баралла айтиб турибди. "Мангу аланга" ёдгорлиги, Мотамсаро она монументи, Хотира китоби ўрнатилган айвонлар, улардаги нақшинкор устунлар, гулзорлар ёнида суратга тушдик. Бу суратлар ҳар доим бизга тинчликпарвар мамлакатингизни эслатиб туради.

...Зиёратчиларнинг баъзилари Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлган ўзбекистонлик жангчиларнинг исм-фамилияси битилган Хотира китобини варақламоқда. Мотамсаро она ҳайкали ёнида туриб, унинг маҳзун қиёфасига ўйчан қараб турганлар бор.

Оналар! Сизлар янги ҳаёт нишонасини дунёга келтиришдек қудратга эгасиз. Тундан тонггача бешик тебратишлар, узун-узун аллалар айтиш ҳам сизларга хос. Боланинг тили чиқса, эмакласа, қадам ташласа дунёча қувонадиган ҳам сизлар. Ўгитлар, матал ва ривоятларингиз билан қалбимизга гўзал фазилатлар уруғини қадайсиз, Ватан ҳимояси муқаддас бурч эканлигини уқтирасиз. Сиз ҳар дуода Яратгандан юрт учун тинчлик-тотувлик, ўғил-қизларга узоқ умр, соғлик, бахт-саодат тилайсиз. Ҳа, сизлар учун дунёда фарзанд камолидан, юрт тинчлигидан ортиқ бахт йўқ бу оламда.

Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлган салкам ярим миллион ватандошимиз – меҳрибон оталар, жасур акалар, содиқ ёрлар, аввало, оналарнинг жондан суйган дилбанди, келажак умиди, ҳаёти мазмуни эди.

Хотира майдонида айнан Мотамсаро она монументи қад ростлаганида ана шу ҳақиқат, теран маъно мужассам. Бу ҳақиқат барчамизга Ватан эрки, тинчлиги учун жонини берган жасур ўғлонлар хотираси қалбларда мангу яшайди, деб уқтирмоқда.

– Тинчлик – бебаҳо бойлигимиз, – дейди зиёратчилардан бири паркентлик меҳнат фахрийси Олмат ота. – Ватанимиз ободлиги ва фаровонлиги, оилаларимиз тотувлиги, фарзандларимиз камоли, эзгу ишларимиз ривожи, орзу ва мақсадларимиз рўёби, хуллас ёруғ келажагимизга нимаики дахлдор бўлса, бари ана шу олий неъмат асосида бунёд бўлмоқда. Нотинчлик бўлган жойда яшаш, нафас олишнинг ўзи омонат. Жони хатарда, оиласи хавфда бўлган одамнинг ҳатто остона ҳатлаб кўчага чиқишга юраги бетламайди. Баъзи минтақаларда ҳали-ҳануз давом этаётган қонли уруш ва қирғинбаротлар, ёвуз кучлар, ғаразли ғоявий таҳдидлар исканжасида ҳудудий яхлитлиги, халқи пароканда бўлаётган айрим давлатлар тақдири бунга мисол.

Отахон Хотира майдонига набираси Жамшид билан келган. Паркент туманидаги 25-умумтаълим мактаби ўқувчиси бўлган бу ўсмирнинг кўзида ҳақиқий ўзбек йигитига хос жасурлик, ватанпарварлик туйғулари порлаб турибди. Энг муҳими, зиёратчилар орасида у каби ёшлар кўп. Бу ўктам йигит-қизларимиз қалби ва тафаккурида ўтганларни ёд этиш, тирикларни қадрлаш, ўзаро меҳр-оқибатли бўлишдек инсоний фазилатлар қарор топганидан далолатдир. Тарих синовларидан сабоқ чиқариб, мард ва жасур аждодларнинг ҳеч кимдан кам бўлмаган ворислари эканини англаган ёшларимиз, аввало, Биринчи Президентимиз Ислом Каримовдан миннатдор.

Мустақил давлатимиз асосчиси ўз асарлари, маърузаларида мамлакатимиз тараққиёти, халқимизнинг бугунги ва эртанги ҳаёти, минтақа ва жаҳондаги вазиятга доир ғоят муҳим мулоҳазаларни кўп бор таъкидлаган эди. Айниқса, дунёнинг турли минтақаларида юз бераётган воқеа-ҳодисаларга бепарво, лоқайд бўлмасдан, бошқаларнинг дардини ўзимизга яқин олиб, доимо сергак ва ҳушёр бўлиб, халқ ва Ватан тақдирига дахлдорлик туйғуси билан яшашимиз зарурлигига алоҳида эътибор қаратганлиги биз учун ниҳоятда аҳамиятлидир.

Биринчи Президентимизнинг 1994 йил 16 мартдаги фармонига мувофиқ мамлакатимизнинг барча вилоят ва туманлари бўйича алифбо тартибида 400 мингдан ортиқ киши ҳақида маълумотларни ўз ичига олган 36 жилддан иборат Хотира китоби чоп этилди. 1999 йили Буюк Йўлбошчимиз ташаббуси билан 9 май – Хотира ва қадрлаш куни деб эълон қилинди, пойтахтимизда Хотира майдони барпо этилди.

Мамлакатимизда Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлган юртдошларимиз хотирасини ёд этиш, оловли жанггоҳлардан омон қайтган, оғир кунларни сабр-бардош билан енгган фахрийларимизга юксак ҳурмат-эҳтиром, меҳр-оқибат кўрсатиш ишлари давом этмоқда. Бу жараёнга Президентимиз Шавкат Мирзиёев юксак масъулият билан бош-қош бўлмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 4 апрелдаги "Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида"ги фармони, "Хотира ва қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори ижроси доирасида Иккинчи жаҳон урушининг ҳар бир қатнашчиси, фронт орти меҳнат фахрийлари ҳамда мустақиллик йилларида хизмат бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларининг хотираси олдида ҳурмат бажо келтирилиб, юртимизда меҳр-оқибат, ҳамжиҳатлик, инсонийлик, бағрикенглик ва хайр-саховат муҳити янада мустаҳкамланмоқда.

...Мотамсаро она ҳайкалига термуламан. Ўзимча унга тасалли бергим келди:

– Моможон! Мунгли кўзларингизни ердан олиб, атрофга боқинг! Бизга осуда кунлар қадри ҳар нарсадан зиёд, тинчликни жон дилимиз билан севамиз. Бу неъматни тортиқ қилган аждодларимиз ёди доим қалбимизда. Бу юртдаги барча миллат ва элат фарзандлари аҳил-иноқ, бир-бирини ардоқлаб яшамоқда. Дориломон кунларимиз шукронаси фарзанд доғида пора бўлган юрагингизга малҳам бўлсин!..

Малоҳат Ҳусанова, ЎзА
2 666






Все о погоде - Pogoda.uz