Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

02.03.2017 20:26 Чоп этиш версияси

Тинчлик ва барқарорлик йўлидаги ҳамкорлик

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида мамлакатимиз Бирлашган Миллатлар Ташкилоти аъзолигига қабул қилинганлигининг 25 йиллиги муносабати билан "Тинчлик ва барқарорлик йўлида ҳамкорлик" мавзуида давра суҳбати бўлиб ўтди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси ҳамда Ташқи ишлар вазирлиги билан ҳамкорликда ташкил этилган тадбирда депутатлар, Ташқи ишлар вазирлиги вакиллари, олимлар, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатияси ҳамда Тошкент давлат юридик университетларининг профессор- ўқитувчилари ва талабалари иштирок этди.

Парламент қуйи палатаси қўмитаси раиси ўринбосари З.Умаров, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Ўзбекистондаги доимий мувофиқлаштирувчиси, БМТ Тараққиёт дастурининг доимий вакили С.Приснер ва бошқалар Ўзбекистон БМТ билан тинчлик ва хавфсизликни мустаҳкамлаш, экологик муаммоларни бартараф этиш, соғлиқни сақлаш, ижтимоий-иқтисодий ривожланиш ва бошқа йўналишларда изчил ҳамкорлик қилиб келаётганини таъкидлади.

Давра суҳбатида замонавий таҳдидларга қарши курашиш, оммавий қирғин қуроллари тарқалишининг олдини олиш, экологик муаммоларни ҳал қилиш, ижтимоий-иқтисодий тараққиётни ҳар томонлама қўллаб қувватлаш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва рағбатлантириш мамлакатимизнинг БМТ билан ҳамкорлигида устувор масалалардан эканлиги таъкидланди. БМТ билан шерикликнинг муҳим йўналишлари давлатимизнинг тинчликпарвар сиёсати, халқаро ҳуқуқий принциплар ва меъёрларга амал қилиши билан белгиланади. Ўзбекистон қуролсизланиш ва қуроллар тарқалишига қарши қатор асосий битим ва шартномаларнинг иштирокчисидир. Мамлакатимиз БМТнинг терроризмга қарши 13 конвенциясига қўшилган.

– Мамлакатимизда БМТнинг қатор тузилмалари самарали фаолият кўрсатиб келмоқда, – дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Дилором Файзиева. – Ушбу ташкилотлар билан ҳамкорликда Ўзбекистонда давлат бошқарувини кучайтириш, атроф-муҳит муҳофазаси, қишлоқ хўжалиги, соғлиқни сақлаш, маданият, илм-фан, таълим, энергетика, коммуникация ва бошқа соҳаларда 440 дан ортиқ лойиҳа бажарилди. Айни пайтда 70 дан зиёд лойиҳа амалга оширилмокда.

БМТнинг 2016-2020 йилларга мўлжалланган Тараққиётга кўмаклашувчи доиравий дастури Ўзбекистон ва мазкур нуфузли халқаро ташкилотнинг ўзаро муносабатларидаги янги босқич бўлиб, ушбу ҳамкорлик Ўзбекистон Республикасининг 2017-2021 йилларга мўлжалланган Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган устувор йўналишлар амалга оширилиши билан ҳамоҳангдир.

Давра суҳбатида Ўзбекистон билан БМТ ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш истиқболлари ҳақида фикрлар билдирилди.

Гўзал Сатторова, ЎзА
2 648






Все о погоде - Pogoda.uz