Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

11.03.2017 09:05 Чоп этиш версияси

Тинчлик, эзгулик, ободлик, аҳиллик ифодаси

Тинчлик, эзгулик, ободлик, аҳиллик ифодаси Бугун мамлакатимизнинг барча ҳудудларида умумхалқ хайрия ҳашари бошланди.

Ота-боболаримизнинг Ватанга садоқат, инсонийлик, олижаноблик, ободлик, меҳр-оқибат, гўзалликни улуғлаш каби эзгу туйғуларини, яратувчилик, бунёдкорликни ифодаловчи ҳашар мустақиллик йилларида янгича мазмун касб этди.

Ҳар йили байрамларимиз арафасида ҳашар ўтказилиб, теварак-атрофни тозалаш, ҳудудларни ободонлаштириш, кўкаламзорлаштиришга йўналтирилган кенг кўламли ишлар амалга оширилаётгани жамиятимизда маънавий-маърифий муҳитни мустаҳкамлаш, навқирон авлодни миллий анъаналаримизнинг муносиб давомчиси этиб тарбиялашга хизмат қилмоқда. Наврўз умумхалқ байрами арафасида бундай эзгу урф-одатлар янада кенг қулоч ёймоқда.

Бу йилги ҳашар Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида демократик давлат, фуқаролик жамияти, фаровон келажак барпо этишга йўналтирилган ислоҳотлар янги босқичга кўтарилган бир шароитда ўтаётгани ҳар бир юртдошимизнинг юрт тақдирига дахлдорлик туйғусини кучайтирмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 2 мартдаги фармойиши асосида мамлакатимизда март-апрель ойлари ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ойлиги, деб эълон қилинди. Унинг доирасида 11-12 март кунлари умумхалқ хайрия ҳашари ўтказилмоқда.

Бугун эрта тонгдан мамлакатимизнинг барча ҳудудларида бутун халқимиз, ёшу қари баҳамжиҳат бўлиб аҳоли пунктлари, хиёбонлар, кўчалар, йўллар, кўп қаватли уйлар атрофи, ҳовли-жойларни тозалашга киришди. Ҳашарчиларнинг саъй-ҳаракати билан қабристонлар, муқаддас қадамжолар, тарихий ёдгорликлар атрофи ободонлаштирилмоқда. Наврўз байрами муносабати билан ишга туширилиши режалаштирилаётган янги иншоотлар, намунавий уй-жойлар қурилишида уста-ҳунармандларга ҳашарчилар яқиндан кўмак бераётир.

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан қабул қилинган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси ҳамда «Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили» Давлат дастурида белгиланган муҳим вазифаларни амалга ошириш барчамизнинг зиммамизга катта масъулият юклайди. Бу жараёнда ҳашарнинг ҳам ўзига хос ўрни бор.

– Ҳашарда туманимиздан олтмиш беш мингдан кўпроқ аҳоли иштирок этаётгани юртдошларимизнинг юрт ободлиги, тўкинлик, фаровонликка ўз улушини қўшишга интилишидан далолатдир, – дейди «Маҳалла» хайрия жамоат фонди Учтепа тумани бўлинмаси раиси Зикрилла Асадов. – Барча маҳаллалар, меҳнат жамоалари, таълим, тиббиёт ва бошқа муассасаларда тозалик, ободонлаштириш ишлари уюшқоқлик билан ташкил этилмоқда. Туманимиз марказида барпо этилаётган Маданият ва истироҳат боғида иш қизғин тусга кирди. Боғни тозалаш, теварак-атрофни тартибга келтириш, бу ерда аҳоли муносиб ҳордиқ чиқариб, дам олиши учун қулай шароит яратишда усталарга кўмак берилмоқда. Туманимизнинг Истироҳат кўчасида ҳам шундай ҳашар уюштирилди. Йўл бўйини ободонлаштириб, яшил ҳудудларни кенгайтирдик. Умуман, икки кунлик ҳашар давомида маҳаллалар, кўп қаватли уйлар атрофи, йўллар бўйига, хиёбонлар, боғларга ўн беш минг тупдан кўпроқ мевали ва манзарали кўчат экилади. Кам таъминланган оилаларга уч юз тупдан кўпроқ мевали дарахт, ёнғоқ кўчатларини етказиб бердик.

– Ҳашарда саховатпешалик, беғараз ёрдам, меҳр-мурувват каби тушунчалар янада сайқалланади, – дейди Қибрай тумани «Янгийўл» маҳалла фуқаролар йиғини диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия бўйича маслаҳатчиси Раъно Эргашева. – Маҳалла аҳли баҳамжиҳат бўлиб, ҳудудларни тозалаш баробарида ўзгалар кўмагига муҳтож инсонлар, боқувчисини йўқотган оилалар, кексалар ҳолидан хабар олинади. Қабристонларда ҳашар уюштирилиб, ўтганлар руҳи ёд этилади.

Ҳашар мамлакатимизнинг барча ҳудудларида ана шундай уюшқоқлик ва баҳамжиҳатлик руҳида давом этмоқда.

Баҳор Хидирова, Отабек Мирсоатов (сурат), ЎзА
5 162






Все о погоде - Pogoda.uz