Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

17.03.2017 16:41 Чоп этиш версияси

Тинчлик бор жойда ҳаёт гўзал, байрамлар файзли бўлади

Наврўз ҳар сафар юртимизга ўзининг илиқ тафти, гулу чечаги билангина эмас, балки тинчлик-осойишталикда ҳаёт янада тотли ва завқли эканини намоён этиб келади. Шу боис халқимиз бу байрамда барча неъматларга, айниқса, тинчлигимизга шукрона келтиради.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг шу йил 28 февралдаги “2017 йилги Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарорида ҳам ана шу жиҳатга алоҳида эътибор қаратилган. Унда тинч ҳаётни қадрлаш, шукроналик туйғуси билан яшашга бўлган юксак даъват мужассам.

Мазкур қарор ижросини бажариш, байрамни тинч-осойишта ўтказиш, аҳоли хавфсизлигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Даврон Назармуҳамедов ЎзА мухбирига қуйидагиларни сўзлаб берди:

– Наврўзи олам барчамиз орзиқиб кутадиган, том маънодаги умумхалқ байрамидир. Бу байрамнинг меҳр-оқибат, ҳамжиҳатлик, инсонийлик, бағрикенглик ва бунёдкорлик, хайр-саховат муҳитини янада мустаҳкамлаш, ёш авлодни миллий анъаналаримизга садоқат ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида камол топтиришдаги ўрни ва таъсири тобора ортиб бораётир.

Тинч ҳаёт қадри байрам кунларида янада яққол намоён бўлади. Чунки бу халқимизнинг яратувчанлик, бунёдкорлик каби қон-қонига сингиб кетган эзгу амалларини рўёбга чиқаришга кенг йўл очади. Шу кунларда барча қишлоқларда, шаҳарларда юртдошларимиз кўчат экиш, ободонлаштириш ишлари билан банд. Бундай эмин-эркинлик, турмушимизни гўзаллаштираётган саъй-ҳаракатлар замирида юртимизда ҳукм сураётган осойишталик мужассам. Бу мамлакатимизда тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш давлат сиёсатининг устувор йўналиши этиб белгилангани натижасидир.

Тинчлик аталган бебаҳо неъмат доимо барқарор бўлишини таъминлаш, фуқароларимиз муносиб ҳаёт кечириши, байраму шодиёналарни хотиржамлик билан ўтказиши учун барча шарт-шароит яратилмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг қарорига мувофиқ Наврўз байрамини пойтахтимиз Тошкент шаҳрида, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар марказларида, барча шаҳар, туман ва қишлоқларда умумхалқ сайиллари шаклида юқори даражада ўтказиш белгилаб берилди. Демак, бу йил байрамнинг кўлами ва унда иштирок этувчилар доираси янада кенгайишидан далолат беради ва зиммамиздаги масъулият янада ошади.

Шундан келиб чиқиб Наврўз байрамини юқори даражада ўтказиш бўйича кенг кўламли ташкилий-амалий чора-тадбирлар белгиланган. Байрам кунлари хавфсизликни таъминлаш учун тегишли идора ва ташкилотлар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ҳамкорлиги йўлга қўйилган. Байрам сайиллари бўладиган 262 масканда жамоат тартибини сақлаш, фавқулодда ҳолатларнинг олдини олиш, йўл ҳаракати ва ёнғин хавфсизлигини таъминлаш чоралари кучайтирилди.

Алоҳида таъкидлаш керакки, Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан шу йил 9 февралда ички ишлар органлари ходимлари билан учрашувда қўйилган вазифалардан келиб чиқиб тизимдаги ишлар тубдан қайта кўриб чиқилди. Ички ишлар органларининг ҳар бир ходими билдирилган фикрлардан тегишли хулоса чиқариб, мамлакатимизда ҳукм сураётган тинчлик ва осойишталикни янада мустаҳкамлаш, жамоат тартибини сақлаш, ҳар бир оила, ҳар бир инсон, маҳалла хавфсизлигини таъминлашдек мураккаб, айни вақтда шарафли вазифани бажариш учун бор билим ва салоҳият, куч-ғайратини сафарбар этишга киришган.

Ички ишлар органлари ходимлари билан аҳоли ўртасидаги муносабатларда ўзаро ишонч ва очиқликни таъминлаш асосий мақсадга айланди. Давлатимиз раҳбарининг таклифига биноан ҳафтанинг пайшанба кунлари профилактика куни, деб белгилангани айни муддао бўлди. Бу борада давлат ва жамоат ташкилотлари, айниқса, оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлик йўлга қўйилгани ишлар самарадорлигини оширмоқда. Турли ҳуқуқбузарлик ва жиноятлар маҳалла фаоллари билан чуқур таҳлил этилаётгани, сайёр очиқ суд мажлислари ўтказилаётгани, таълим муассасаларида турли тадбирлар ташкил этилаётгани ва оммавий ахборот воситалари орқали кенг ёритилаётгани бесамар кетмаётир. Бу таъсирчан усуллар одамларни ўйлашга, эгри йўлда юрганларни ҳушёр тортишга, дарсдан қочаётган болани ортга қайтишга ундай бошлади. Ахир, эл ичида муҳокамага қолиш, телеэкранда ёки матбуотда номи ошкор бўлиб, уятга қолишни кўпчилик ўзига ор деб билади.

Профилактик чора-тадбирлар натижасида ҳуқуқбузарликлар камайиб, жамиятда соғлом муҳит барқарорлашмоқда. Милиция таянч пунктлари атрофида турли тўгараклар, кичик бизнес шохобчалари ҳамда спорт майдончалари барпо этилгани ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказишга ёрдам бериб, ишлар самарадорлиги ошишига ижобий таъсир кўрсатаётир.

Ички ишлар органлари ходимлари томонидан ҳар бир хонадондаги вазиятни ўрганиш билан бирга паспорт-виза қоидаларга риоя этиш аҳволи ҳам назоратга олинган. Бу борада барча соҳавий хизмат вакиллари жалб қилинган кенг қамровли “Тозалаш” тадбири уюшқоқлик билан давом эттирилмоқда. Тадбир давомида аниқланган камчиликларни бартараф этиш чоралари кўрилаётир. Кўча ва жамоат жойларида жамоат тартибини бузган ёки шубҳа уйғотган шахслар ички ишлар органларига олиб келиниб, рўйхатга олинди. 634 қидирувда юрган шахс қўлга олинди.

Байрам сайиллари ўтказиладиган жойлар, унинг атрофидаги субъектлар, аҳоли турар жойлари ҳамда бошқа масканларнинг ёнғинга қарши ҳолати текшириб чиқилди. Натижада ёнғин содир этилиши мумкин бўлган мингдан зиёд бино ва иншоот аниқланиб, тегишли чора кўрилди. 6,2 минг носоз электр ускуна, мослама ва агрегатлардан фойдаланиш тақиқланди. Олиб борилган профилактик тадбирлар давомида ёнғин хавфсизлиги талабларини бузган 2,6 мингдан ортиқ масъул шахсга тегишли тартибда 189 миллион сўм жарима солинди.

Наврўз айёми олдидан ҳар бир қишлоқ ва маҳаллада, айниқса, мамлакатимизнинг чегара ҳудудларида ҳушёрлик ва огоҳликка чорловчи тарғибот-тушунтириш тадбирлари ҳам ўтказилмоқда. Ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, соғлом ва маънавий баркамол авлодни тарбиялашга кўмаклашиш, ёшларни турли салбий таъсирлардан асраш мавзуларидаги учрашувлар, суҳбатлар шулар жумласидандир.

Байрам кунлари йўлларда ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш муҳим аҳамиятга эга. Шу боис йўлларнинг ҳолатини яхшилаш, светофор ва йўл чизиқларини янгилаш юзасидан салмоқли ишлар бажарилди. 2017 йил 15 мартдан Тошкент шаҳрининг 115 чорраҳасига ўрнатилган камералар ва шаҳар йўлларидаги радарлар бўйича маъмурий баённомалар тўлдирилиши ва жарималар юборилиши бошланди. Бу ҳайдовчиларнинг огоҳлигини ошириб, йўлларда ҳаракат хавфсизлиги қоидаларига риоя этиш масъулиятини кучайтириши шубҳасиз.

Шу кунларда 2016 йил 17 сентябрда матбуотда эълон қилинган Ўзбекистон Республикасининг “Ички ишлар органлари тўғрисида”ги қонуни кучга кирди. Мазкур қонун нафақат ички ишлар органлари фаолиятига оид муҳим ҳуқуқий асос, балки фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш самарадорлиги ошишига пухта замин яратди. Жамиятда қонун устуворлиги, шахс, жамият ва давлатнинг хавфсизлигини таъминлашда, шунингдек, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва профилактикасида янги босқични бошлаб берди.

Қонунда ички ишлар органларининг асосий вазифалари сифатида биринчи бўлиб фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш мустаҳкамлангани зиммамизга алоҳида масъулият юклади. Ички ишлар органи ва фуқаро ўртасидаги муносабатлар ҳам тартибга солингани муҳим жиҳатдир. Бундан буён ички ишлар органи ходими фуқарога мурожаат этганида ўз лавозимини, унвонини, фамилиясини, исмини, отасининг исмини айтиши лозим. Фуқаронинг талабига кўра хизмат гувоҳномасини кўрсатиши, шундан сўнг мурожаат қилишининг сабаби ва мақсадини маълум қилиши керак. Ички ишлар органи ходими фуқарони диққат билан эшитиши, ўз ваколатлари доирасида тегишли чоралар кўриши ёхуд қўйилган масалани ҳал этиш кимнинг ваколатига киришини тушунтириши шарт.

Бундай кенг кўламли саъй-ҳаракатлар натижасида юртимизда жамоат хавфсизлиги, осойишталик таъминланмоқда. Буни янада мустаҳкамлаш, тинч-осойишта ҳаётимизни асраб-авайлаш ҳар биримиздан огоҳ ва ҳушёр бўлишни талаб этади. Зотан, элу юрт тинчлиги ва осойишталигини сақлаш нафақат ички ишлар идоралари ходимларининг, балки ҳар бир фуқаронинг бурчидир.

Норгул Абдураимова, ЎзА
2 451






Все о погоде - Pogoda.uz