Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

20.04.2017 15:27 Чоп этиш версияси

Тинчлигимиз абадий бўлсин

Тинчлигимиз абадий бўлсин Тўқсон олти ёш. Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Александра Вертелецкая билан суҳбатлашиб, оғир синовларга дош берган, урушнинг даҳшатли азобларини, мардлик ва жасоратни мужассам этган бу аёл умрини бор бўй-басти билан ҳис этдик. Ўша қора кунларни эслаб, сукутга кетган онахон кўзига ёш олиб дейди: "Бу кунларнинг қадрига етайлик, тинчликни кўз қорачиғидай асрайлик, болаларим!"

Президентимизнинг шу йил 4 апрелдаги "Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида"ги фармони ҳамда "Хотира ва қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, «Маҳалла» хайрия жамоат фонди вакиллари қатор ташкилотлар билан ҳамкорликда уруш қатнашчилари ва фронт ортида меҳнат қилган фахрийлардан ҳол-аҳвол сўрамоқда.

Пойтахтимизнинг Яккасарой туманида яшовчи Александра Вертелецкая хонадонида бўлган ҳарбийлар, Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши аъзолари, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, ўқувчи-ёшлар онахонни яқинлашиб келаётган Хотира ва қадрлаш куни билан табриклади. Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари академияси бошлиғи Х.Дадабоев ва бошқалар онахонни Президентимиз номидан байрам билан табриклади, пул мукофоти, совға-саломлар топширди.

– Болалигимдан ўқитувчиликка қизиқардим, жажжи болажонларга сабоқ бериш жону дилим эди. 1940 йил педагогика институтини тамомладим. 1941 йилда уруш бошланди. Турмуш ўртоғим билан иккимизни навқирон, билим олишга ташна вақтимизда урушга олиб кетишди. Ҳарбий ҳаво кучларида учувчи, кейинроқ диспетчер бўлиб хизмат қилдим. 1947 йилда Ўзбекистонга келганмиз. Бир қиз ва бир ўғилни тарбиялаб, вояга етказдик. Толеимдан миннатдорман, бағрикенг, соддадил, самимий одамлар орасида, саховатли, жаннатмонанд юртда яшадим. Шу замин менинг бошимни силади, бахт берди, ёруғ истиқбол ҳадя этди. Бугун Президентимиз совғасини олиб, уларнинг эътибор ва ғамхўрлигидан қувондим, умримга умр қўшилди.

Шу туманда яшовчи Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Ҳамид Воҳидов шифохонада даволанаётган экан. Ҳарбийлар, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, маҳалла ёшлари бу ерга келганда, отахоннинг боши осмонга етди. Уруш туфайли завол бўлган ёшлик дамлари, кечирган машаққатлари ҳақида ҳикоя килиб, бугун тинчлик-осойишталик ҳукм сураётган жаннатмонанд юртда умргузаронлик қилаётганига шукрона билдирди.

Ҳамид ота 92 ёшда. Болалик йиллари Фарғона вилоятида ўтган. 1944 йил октябрь ойида урушга кетган отахон бир оёғидан қаттиқ жароҳатланган. Урушдан кейин ҳозирги Тошкент давлат юридик университетига кириб, таҳсил олган. Университетни муваффақиятли тамомлаб, талабаларга дарс бера бошлаган, илмий ишларни ҳимоя қилиб, фан доктори даражасига кўтарилган. Кейинчалик Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетининг фалсафа факультетида дарс берган. 10 йилдан зиёдроқ Ўзбекистон тарихи давлат музейи директори лавозимида фаолият юритган.

– Номинг ўчгур урушни биз кўрдик, ёш авлод сира кўрмасин, – дейди отахон. – Бутун бошли қишлоқларнинг ёниб, вайронага айланиши, портлаш овози, ўқларнинг визиллаши ҳанузгача қулоғимдан кетмайди. Бугунгидай тинч-осуда, фаровон кунларимизга, тўкинлик, мусаффо осмонимизга асло кўз тегмасин.

Азима Қиёсова, Отабек Мирсоатов (сурат), ЎзА
2 321






Все о погоде - Pogoda.uz