Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

09.01.2018 08:09 Чоп этиш версияси

Тилимиз давлат ҳимоясига муҳтож...ми?!

Эркин фикр

Коммунистик мафкуранинг даҳшатли хатолари аввали – илоҳий қонуниятларга қарши чиққани эди. Фитратан турли халқларга, миллатларга ажратиб қўйилган одамиятни битта халққа айлантириб юборишга бел боғладилар. Битта тил, битта халқ, битта мафкура атрофида бирлашмоққа таклиф бўлди. Бироқ бу ҳаёт ранг-барангдир. У шундай яралган ва бу хилма-хилликда буюк ҳикматлар бор. Ҳикматни топмоқ учун эса ақл аталмиш неъмат иймон нури билан зийнатланмоғи лозим.

Илоҳий дастурга зид ўлароқ, бир тилликка айлантириш мафкураси тагида тилдан жудо қилиш, бу дегани, миллий руҳдан айириш режаси бор эди. Гарчи бу уриниш ўз самарасини берган бўлса-да, бироқ кўзланган натижага эришилмади.

20-асрнинг сўнггидаги ижтимоий-сиёсий вазият коммунистик мафкуранинг авра-астарини очиб ташлади. Тан олиш керак, айни вазиятдан ўзбек зиёлилари ҳам унумли фойдаланиб қолдилар. Яъни, ўзбек тилига давлат тили мақоми берилиб, “Тил тўғрисида”ги Қонун қабул қилинди. Шу маънода бу қонун миллий уйғониш маҳсули эди. 

Дарҳақиқат, ана шу “уйғониш”дан мерос ўлароқ 24 та моддадан иборат “Тил тўғрисида”ги Қонунимиз бор. Унинг қабул қилинганига 28 йил тўлди. Лекин биз уни ҳалигача ҳаётимизга тўлиқ жорий этолмадик. Нега? 

Бунинг иккита сабаби бор: биринчидан, шу пайтгача бу Қонуннинг бажарилишини ҳеч ким назорат қилган эмас. Ваҳоланки, ҳар қандай Қонуннинг бажарилишини давлат назорат қилмас экан, у қоғоздан ерга тушмайди. Тил миллатнинг маънавий мулки ўлароқ, давлат ҳимоясида бўлиши лозим. Чунки дунёда неки муқаддас бўлса, у ҳимояга муҳтож. Муқаддас нарсаларни ижтимоий мувозанати бузилиб кетган XXI асрда қаровсиз қолдириб бўлмайди. Зеро, тил – миллий манфаат. Тил – миллатнинг борлигига далил. Шундай экан, у шу давлатнинг сарҳадлари сингари қўриқланиши, муҳофаза этилиши лозим. 

Иккинчидан, бу Қонунни бузганга ҳеч қандай жазо йўқ! Шунинг учун тил тўғрисидаги Қонунни истаган одам, истаган пайтда бузиши, менсимаслиги мумкин. Мисол учун, Давлат тили ҳақидаги қонуннинг 10-моддаси бундай: “Корхоналар, муассасалар, ташкилотлар ва жамоат бирлашмаларида иш юритиш, ҳисоб-китоб, статистика ва молия ҳужжатлари давлат тилида юритилади”. Хўш, юритилмаса-чи? (Юритилмаяпти-ку!) Юзлаб, минглаб ташкилотларнинг ҳисоб-китоб ишлари ҳали-ҳануз ўзбек тилида юритилмайди. Бунинг жазоси нима? Ваҳоланки, бу ерда қонун бузиляпти. Афсуски, бунинг жазоси йўқ.

Сўнгги пайтларда эътибор қиляпсизми, кўча-кўйда ажнабий сўзлар “изғиб” қолди. Ўзбек тўйхоналарининг номини ўқинг: “Vij-vay”, “Firidays”, “Ellegant”, “Verona” ва ҳоказо. Демак, фақат қонун чиқариб қўйиш билан иш битмас экан. 

Демак, тилни давлат ҳимоя қилсин! Халққа давлатнинг ўзи ўрнак бўлсин! Хўп, ўрнак бўлаяптими?

Яқинда пойтахтимизда "Tashkent City" халқаро бизнес маркази қурилар экан. Савол: нега у "Tashkent City" деб номланиши керак? Халқаролик даражасини албатта "City" сўзи белгилайдими? Бу мезонни ким яратган? Ватанпарварлигимиз тутиб, шу мезонни бузсак-чи? Хориждан келган тадбиркор кирмай қайтиб кетадими? "City" сўзининг ўзбекча муқобили йўқми? Мисол учун, "Тошкентсарой" ёки "Шошсарой" бўлса, ким нима дейди?! Бир пайтлар юртимизда юзлаб карвонсаройлар бўлган. Мағрибу машриқдан келган савдогарлар Карвонсаройларда жам бўлганлар. Карвонлардаги моллар шу ерда “реклама” қилинган. Карвонсаройлар турли мамлакатлардан келган савдогарлар учун нафақат қўнимгоҳ, балки информацион марказ вазифасини ҳам ўтаган.

Ахир жой номлари миллий, тарихий, жўғрофий аҳамиятга эга бўлиши керак эмасми? Улар миллий менталитетимизга мос келиши, ЎЗ СЎЗларимиз бўлиши лозим эмасми? 

Хуллас, тилимиз бугун том маънода ҳимояга муҳтож. Чунки бугун биз истаймизми-истамаймизми, шахсий манфаат билан миллий манфаат ўртасидаги мувозанат бузилган бир даврда яшаяпмиз. Бугунги мураккаб вазиятда миллат ўз ярасини ўзи муолажа қилиши учун юксак савия керак. Афсуски, биз ҳали бу юксак даражага эришолганимизча йўқ. Шундай бўлгач, бу масалани ҳар кимнинг ўзига ташлаб қўйиб бўлмайди.

Лотин графикаси – “ташқари”га дарвоза...ми?

Мустақилликнинг учинчи йили “Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини жорий этиш тўғрисида”ги Қонун эълон қилинди. Шу ҳужжатдаги битта жумлага 24 йилдан бери тушунмайман: “...ўзбек ёзувининг лотин алифбосига ўтилган 1929-1940 йиллардаги ижобий тажрибасидан келиб чиқиб, кенг жамоатчилик билдирган истак-хоҳишларини инобатга олиб...” лотин ёзувига ўтибмиз. 1929-1940 йилларда қанақа ижобий натижага эришганмиз? Большевиклар партияси “ўзбеклар ижобий натижага эришсин” деб 13 аср давомида фойдаланиб келинган араб графикасини итқитиб, лотин графикасини жорий қилганмиди? Жудаям соддалик қилмаяпмизми? Ахир бу қип-қизил сиёсат эди-ку! Бу – халқни саводсизлик гирдобига отиш ва ўсиб келаётган авлодни ўзи истаган ёзувда саводини чиқаришга қаратилган ҳаракат эди, холос. Орадан 11 йил ўтиб, бир авлод тўла-тўкис саводи чиқиб, шакллангандан кейин “совет халқларини яқинлаштириш” деган баҳона билан кирилл алифбосига ўтилди.

Чорак кам бир асрлик тарихимиз кирилл графикасида ёзилди. Ўнлаб авлодлар шу алифбода савод чиқарди. Шу йиллар орасида озми-кўпми тўплаган маънавий бойликларимиз шу алифбода инкишоф этилди. Бироқ мустақилликнинг дастлабки йилларида советлардан мерос қолган ҳамма нарсадан бирваракайига воз кечиш касалига йўлиқдик. Ана ўша “воз кечиш” палласида кирилл алифбоси ҳам қўшилиб кетди. Қўшилиб кетса майли эди, ора йўлда қолиб кетди. Биз ҳамон уни судраклаб юрибмиз. На ҳурматини жойига қўйиб, бағримиздан жой берамиз, на ундан воз кечамиз. 

Хўп, кириллдан воз кечиш бизга нега керак бўлиб қолди? 

Сўнгги пайтларда шу саволга жавоб тариқасида ёзилган ўнлаб мақолаларга кўзим тушди. Битта гап: лотин графикаси дунё билан яқинлаштириб, “ташқари”га чиқиш учун дарвоза бўлиши мумкин экан!

Мен айтаманки, дунёга аллақачон чиқиб қўйган улуғларимиз лотин алифбоси билан эмас, илму закоси билан йўл топди, шарафланди. Агар тил бой бўлса, мукаммал бўлса, ҳар қандай графикага мослаша олади. Гап тилнинг мукаммаллигида. Тил қашшоқлашса, имло ҳар қанча мукаммал бўлса ҳам фойдасиздир.

Бугун ора йўлдамиз. Ортимизда араб имлосида минг йиллик қадим тарихимиз, кирилл алифбосида сал кам юз йиллик яқин тарихимиз, олдимизда эса навқирон 25 йиллик янги тарихимиз турибди. Хўш, энди бунинг қай бирига “юкинамиз”? Биз учун қайси бирига юз бурмоқ хайрли ва фойдалироқ? Энди ҳар хил гуманний гапларни бир чеккага суриб қўйиб, реал ҳаётга, воқеликка юзланишга мажбурмиз. Яъни, лотин ёки кирилл графикасидан бирини тезроқ танлашимиз лозим. Агар бу масала она тилимиз табиатидан келиб чиқиб танланадиган бўлса, ҳар икки графика ҳам тилимизга мослиги жиҳатидан жуда катта фарқ қилмайди. Бироқ лотин имлосида бир қанча қулайликлар борлигини ҳам тан олмай иложимиз йўқ. Биринчидан, ҳали бизда лотин ёзувига ўзгартиришлар киритиш имконимиз бор. Иккинчидан, лотин имлоси жаҳон ёзувига айланиб бораётганидир. 

Дарҳақиқат, масаланинг ушбу жиҳатларини ҳам назардан қочирмаган ҳолда ҳукуматимиз ва кенг жамоатчилик қатъий қарорга келиши лозим.

Саводсизлик билан мулоқот

Бир одам тинимсиз ёлғон гапираверса, бора-бора рост сўз билан ёлғон сўзнинг фарқига бормай қолади. Чунки у рост билан ёлғоннинг чегарасини бузиб қўйган. Энди у ёлғон қаршисида заррача ҳам истиҳола туймайди, уялмайди, қизармайди. 

Саводхонлик борасида ўша “чегара”ни бузиб қўйган бечорага ўхшаб қолдик. “Чегара” бир-икки кунда бузилгани йўқ. Бу ўн йилларга чўзилган лоқайдликнинг мевасидир. Биз дастлаб иккиланмай саводсизлик билан мулоқот қилдик. Аста-секин у билан муроса қила бошладик ва ниҳоят, унга кўникдик. 

Матбуот нашрлари, радио, телевидение, кўчаларимиздаги муҳташам шиорлар, рекламалар – ҳаммасида чучмал гаплар, дағал, тил ҳақида озгина тушунчаси бўлган одамнинг пешонасини тириштирадиган сўзлар. Биргина мисол: рекламаларда “лаззат” сўзидан фойдаланиш шу қадар урчиб кетдики, бу сўзни одатдагича қабул қилишга ўрганиб қолдик. Овқат ҳақидаги рекламаларда ҳам “таъм” ёки “маза” сўзи эмас, айнан “лаззат” қўлланиляпти. Шу тариқа нафақат саводсизликни, балки беҳаёликни ҳам тарғиб қилаяпмиз. 

ТВ ва радио бошловчиларининг гапларига илон пўст ташлайди. “Бўлган” сўзи бўлган-бўлмаган жойда ҳозиру нозир: “чиройли бўлган”, “бетакрор бўлган”, “ёқимли бўлган”. Ичимизда “ўзинг ҳам роса бўлган экансан-да”, деб ўтираверамиз. 

Бир замонлар одамлар имло хатосини газета-журналларга қараб тўғрилаб оларди. Ўқув дарсликларидан имловий хато излаш шаккокликдек туюлар эди. Мана, ўқиб турганингиздек, бу гапларни “бир замонлар” деб эслайдиган аҳволга келдик.

Саводсизланиш масаласида яна бир муҳим нуқта ажнабий сўзларнинг маънавий ҳаётимизга кириб келгани бўлди. Биз уларни қандай бўлса, шундайлигича, ўзбекона меҳмондўстлик билан (ўзбекона лутф билан бўлиши керак эди) кутиб олдик. Нутқимизга “бегона имидж”ли сўзларни қўшиб айтишни фазилат санадик ва бу ҳамон фазилат саналмоқда. Ваҳоланки, ҳар қандай бегона сўзга “ўзбекона ишлов” бериш, биринчидан, тилимизни сақлаб қолишга, иккинчидан, она тилимиз ифодасининг бойишига хизмат қилади. 

Ахир ҳали дунёнинг баъзи халқларида мунтазам имло мавжуд бўлмаган бир пайтда бизнинг боболаримиз бой луғатлар тузишга муваффақ бўлишган. Буни ҳеч кимга исботлаб ўтиришнинг кераги йўқ. “Девону луғатит турк”ни олдига суриб қўйинг, етарли! Лекин бу буюк меросни бировнинг олдига суриб қўйишдан илгари ўзимиз ҳам ўқиб чиқишимиз керак. Маҳмуд Кошғарийнинг бебаҳо асари ҳар бир ўзбек хонадонида бўлиши шарт, деб ўйлайман. Чунки бу китоб туркий тилнинг беназир бойликлари жамланган хазинадир. Уни варақлаб кўрган одам бугун муомалада бўлган сўзларнинг нақадар қадимий эканлигини илғайди.

Биз ғофиллар “Ҳазрат Навоийнинг набирасимиз” деб кўксимизга уришдан бошқасига ярамаймиз. Ҳолбуки, Навоийдан ёдлаганимиз 3-4 рубоийдан нарига ўтмайди. Унинг ҳам мазмунини тузукроқ англамаймиз. Улуғ шоир туркий ва форсий тиллар муҳокамасига бағишланган “Муҳокаматул луғатайн” асарида туркий тилнинг жозибаси ҳақида ёзар экан, битта туркий сўзнинг бошқа тиллардан топиш мушкул бўлган ўнлаб эквивалентини топиб беради. Биргина “йиғламоқ” сўзининг ўнлаб синонимларини келтиради. Лекин бугун навқирон авлоддан шу синонимларни сўраб кўринг-чи, нечтасини билишар экан? 

Майли, Ҳазрат Навоий билан бизнинг ўртамизда сал кам олти асрлик масофа ястаниб ётибди. Бир аср наридаги Чўлпон асарларини асл ҳолича ўқиш ҳам ёшлар учун мураккаб бўлиб қолди. Бу кетишда яна эллик-олтмиш йилдан сўнг ёш китобхонлар бугунги ёзувчиларимизни ҳам имло луғатлари ёрдамида ўқишса, не тонг?

Ҳа, тил ва имло масаласи ростдан ҳам жиддий. Нутқ ва сўз бойлиги масаласида ниҳоятда қашшоқлашиб бораяпмиз. Ўспиринларнинг ўзаро суҳбатини эшитган одамнинг тепа сочи тикка бўлади. Оғзидан боди кириб, шоди чиқишига-ку тишни тишга қўйиб чидайдиган бўлдик. Бироқ оддий фикрни ҳам равон ва тушунарли ифодалай олишмаса, бу энди жиддий муаммо! 

Муаммони ўзимиз яратаяпмиз, керак бўлса, тарғиб-ташвиқ қиляпмиз. Жуда оддий мисол келтираман.

Сўнгги 1-2 йил ичида юртимизда сўз эркинлиги, тадбиркорлик дегандай “ZO‘R” TV деган бир телеканалга асос солинди. Бугунги кунда лоф бўлса ҳам мамлакат ёшларининг аксарият қисми шу телеканал “мижози”. Мен бу каналнинг савияси ҳақида ҳеч нарса демайман, фақат дастурларининг номларини санаб ўтаман. Хулосани ўзингиз чиқариб олаверинг! 

1. “Adrenalin – shou”;
2. “Time of”;
3. “Real xit”;
4. “Bojalar community”;
5. “Garderob”;
6. “Kinotime”;
7. “Indigo”;
8. “Cover up” ва ҳоказо.

Бу жонажон Ўзбекистонимиздаги ўзбек тилида “фаолият олиб борадиган” телеканалнинг дастурлари рўйхати. Ажнабий номдаги, ажнабий руҳдаги шу каби дастурлар асрлар давомида миллат руҳи билан қоришиб кетган адабий тилимизни бузиб, бўлаклаб ташламоқда. 

Тил – миллатни бирлаштиради, бир маслак атрофига тўплайди. Бу ҳақиқатни унутмаслигимиз керак. Ва энг асосийси, бу қадимий тил аждодларимизнинг омонатидир. Биз бу омонатга аллақачон хиёнат қилиб бўлдик. Шу хатони тузатиш ва миллатимизнинг асрий бойлиги бўлган тилни келажакка безавол етказиш тўғрисида жиддий ўйлаб кўриш фурсати етиб келди, деган фикрдаман. Акс ҳолда, “Ҳифзи лисон” дея миллатни уйғонишга чорлаган маърифатпарвар зотларнинг пок руҳлари чирқирайди.

Алишер Назар,
журналист

ЎзА
10 106