ЎзА Ўзбек

18.10.2019 Чоп этиш версияси

Тилга ҳурмат – миллатга ҳурмат


Шу кунларда 21 октябрь – Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган кун муносабати билан мамлакатимизнинг барча ҳудудларида турли адабий кечалар, давра суҳбатлари, байрам тадбирлари ўтказилмоқда.

Тошкент шаҳар “Ватанпарвар” ташкилоти томонидан ҳам ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганлигининг 30 йиллиги муносабати билан “Тилга эътибор – элга эътибор!” мавзуидаги маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.

Дарҳақиқат, бу кунни биз ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Тил – бу миллат кўзгуси, халқнинг маданияти, урф-одати, унинг турмуш тарзи, тарихини намоён қилувчи асосий муомала воситаси. Она тилимиз бўлмиш ўзбек тилини асраш, ривожлантириш учун қанча даҳолар, алломалар тер тўкмади дейсиз. Хусусан, сўз мулкининг султони Алишер Навоий бобомизнинг ўзбек тилининг тараққиётига қўшган ҳиссаси, уни бутун дунёга танитишдек буюк заҳматидан биз ёшлар ўрнак олсак арзийди.

Тадбирда сўзга чиққанлар ўзбек тили гўзал ва жуда бой тил, уни ҳурмат қилиш ва сақлаб қолиш ҳар биримизнинг фуқаролик бурчимиз эканлигини таъкидлади. Тилимиз ривожи ва тараққиёти йўлида меҳнат қилган мутафаккирлар, шоиру ёзувчилар ҳаёти ва ижоди ҳақида сўз юритилди.

Талаба-ёшлар томонидан ўзбек тилига бағишланган шеър, рубоий, ғазал ва туюқлар айтилди ҳамда куй-қўшиқлар ижро этилди.

1 234
Г.БОБОЕВА, ЎзА