Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

03.02.2017 15:53 Чоп этиш версияси

Тил – мулоқот калити

Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетида олий таълим тизими инглиз тили ўқитувчилари учун “Инглиз тили – мулоқот калити” мавзуида халқаро конференция бўлиб ўтди.

Анжуман Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, АҚШнинг мамлакатимиздаги элчихонаси, Чет тилларини ўқитишнинг инновацион методикаларини ривожлантириш республика илмий-амалий маркази ҳамда “Ўзбекистонда хорижий тиллар” электрон журнали ва интернет портали билан ҳамкорликда ташкил этилди.

Ўзбекистон Республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазири ўринбосари М.Каримов, Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети ректори Ғ.Раҳимов ва бошқалар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 10 декабрдаги “Чет тилларини ўрганиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ мамлакатимизда хорижий тилларни ўрганиш ва ўқитишга алоҳида эътибор берилаётгани, кенг имконият ва шароитлар яратилаётганини таъкидлади.

Тил – мулоқот калити, дунёни билиш воситасидир. Шу нуқтаи назардан чет тилларини билувчи йигит-қизлар сафини янада кенгайтириш, уларнинг халқаро кўламда илм олишга бўлган қизиқишини кучайтириш, хорижий тилларни билиш даражасини юксалтиришга давлат сиёсати даражасида қаралмоқда.

Мамлакатимизда замонавий педагогик ва ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда ўқитишнинг илғор услубларини жорий этиш йўли билан ўсиб келаётган ёш авлодни чет тилларга ўқитиш, хорижий тилларни пухта биладиган мутахассисларни тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш, соҳада халқаро ҳамкорлик ва мулоқотни ривожлантириш мақсадида 58 олий таълим муассасаси, уларнинг 15 филиалида хорижий тиллар ўқитилмоқда. Ўзбекистонда турли соҳаларга йўналтирилган хорижий давлатларнинг 7 нуфузли университетларининг филиаллари мавжуд.

– Ўзбекистоннинг таълим, муҳандислик, энергетика, технология, архитектура ва бошқа соҳалардаги имкониятларини юксак баҳолаймиз, – деди АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси вакили Лесли Вигур. – Шу боис мамлакатингизда инглиз тилини ўрганишга қаратилаётган эътибор давлатларимиз ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлашда самарали восита бўлишига ишонамиз. Элчихона билан ҳамкорликда кўплаб ўқув адабиётлари, дастурлар яратилди, АҚШнинг профессор-ўқитувчилари мамлакатингиздаги олий таълим муассасаларида сабоқ бермоқда. Бугунги анжуман Ўзбекистонда чет тиллар тизимини ривожлантириш истиқболлари бўйича ўзаро фикр ва тажриба алмашиш учун қулай имконият бўлди.

Халқаро конференцияда инглиз тили бўйича янги ўқув адабиётлари ва дастурларини яратиш, тил ўқитувчиларини тайёрлаш, махсус йўналтирилган инглиз тили, тил кўникмаларини ривожлантириш, маданиятлараро мулоқот, имконияти чекланган ёшларга тил ўргатиш хусусиятлари, инглиз тилини ўқитишда ахборот-коммуникация технологияларининг роли каби масалалар муҳокама қилинди. Соҳани ривожлантиришга доир таклиф ва тавсиялар берилди.

Севара Алижонова, ЎзА
3 422






Все о погоде - Pogoda.uz