Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

21.09.2017 14:36 Чоп этиш версияси

Тиббиёт соҳасида муҳим қўлланма

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 12 январдаги "Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида"ги фармойиши доирасида бадиий, маърифий ва илмий-оммабоп асарлар ёзиш ва уларни чоп этиш, тарғибот қилиш, ўқиш ва ўрганишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Тиббиёт фанлари доктори Абдулла Абдуҳакимов қаламига мансуб «Сирли саратон» китобининг «Наврўз» нашриёти томонидан чоп этилиши ҳам бу борадаги саъй-ҳаракатлар самарасидир.

Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт марказининг Тошкент вилояти филиали ва Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси ҳамкорлигида ўтказилган тадбир мазкур китоб тақдимотига бағишланди.

Академик Аҳмадали Асқаров, профессор Убайдулла Увватов ва бошқалар давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 4 апрелдаги «2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасида онкология хизматини янада ривожлантириш ва аҳолига онкологик ёрдам кўрсатишни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ижроси бўйича амалга оширилаётган ишлар аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш ва тиббий маданиятни оширишда катта аҳамиятга эга эканини таъкидлади.

А.Абдуҳакимов Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт марказининг Тошкент вилояти филиалида онкология ва онкологик касалликларга чалинган беморлар дардига малҳам топишга интилмоқда.

Тиббиёт соҳасида ўнга яқин китоб ёзган Абдулла Абдуҳакимовнинг «Сирли саратон» китоби онкология ва онкологик касалликлар, уларнинг муолажаси мавзуига бағишланган. Китоб муаллифнинг кўп йиллик изланишлари ва ҳаётий тажрибаси натижасидир.

– Эътиборли жиҳати, бу китоб барча учун жуда тушунарли, содда ва равон ёзилган, – дейди тиббиёт фанлари номзоди Нодир Раҳимов. – Уни ўқиган китобхон бу касаллик ва ундан қандай фориғ бўлиш ёки бу касалликка чалинмаслик учун нималарга эътибор бериш кераклиги ҳақида тушунчага эга бўлади. Ундаги зарур фактлар, маълумотлар ўқувчини соғлом ҳаётга ундайди.

Насиба Зиёдуллаева, ЎзА
1 601






Все о погоде - Pogoda.uz