Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

06.04.2017 18:30 Чоп этиш версияси

Германиялик шифокорлар Фарғонада болаларни тиббий кўрикдан ўтказди

Германиялик шифокорлар Фарғонада болаларни тиббий кўрикдан ўтказди Фарғона вилояти болалар кўп тармоқли тиббиёт марказида 2 ёшдан 12 ёшгача бўлган бемор болалар чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилди.

Президентимиз раҳнамолигида оналар ва болалар саломатлигини муҳофаза қилиш, ёш авлодни ҳар томонлама баркамол инсонлар этиб тарбиялашга давлат сиёсатининг устувор йўналиши сифатида алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, «Соғлом авлод учун» халқаро хайрия фонди ва Германиянинг “Friedensdorf International” халқаро ташкилоти ҳамкорлигида ташкил этилган тадбир мамлакатимизда аҳоли, айниқса, оналар ва болалар саломатлигини муҳофаза қилиш, уларни ижтимоий-тиббий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган изчил ишларнинг яна бир ифодаси бўлди.

Биринчи Президентимизнинг 2014 йил 1 августдаги “2014-2018 йилларда Ўзбекистонда аҳолининг репродуктив саломатлигини янада мустаҳкамлаш, оналар, болалар ва ўсмирлар соғлиғини муҳофаза қилиш борасидаги Давлат дастури тўғрисида”ги қарори бу йўналишдаги ишлар самарадорлигини оширишда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Ёзёвонлик Гавҳарой Бозорбоева 8 ёшда. У февраль ойида туғма пешоб йўли касаллиги билан Германия клиникаларидан бирида муолажа олиб қайтди. Мана шундай лойиҳалар асосида саломатлиги яхшиланаётган болалар анчагина.

Тиббий кўрикка шаҳар ва туманлардан асосан тана таянч ҳаракат тизими, туғма юрак нуқсони, терида куйиш асоратлари, ошқозон касалликларига чалинган ўғил-қизлар жалб қилинди.

Вилоят кўп тармоқли болалар тиббиёт марказида яратилган шароитлар, замонавий тиббий жиҳозлар кўрикнинг самарали ўтишида муҳим аҳамият касб этди. Германиялик шифокорлар билан бирга мамлакатимиз шифокорлари беморларга ўз маслаҳатларини берди. Бу ерда танлаб олинган ихтисослашган тиббий ёрдамга муҳтож бемор болалар хорижий клиникаларда соғломлаштирилади.

– Бемор болалар орасида урологик касалликларга чалинганлар ҳам мавжуд, – дейди вилоят кўп тармоқли болалар тиббиёт марказининг врач-урологи Сулаймон Исоқжонов. – Ўтган йили пешоб йўли тизимида нуқсони бўлган 530 нафар болани жарроҳлик йўли билан муваффақиятли даволашга эришдик. Вилоятимизда бу соҳада катта салоҳиятга эга мутахассис шифокорлар фаолият кўрсатмоқда. Уларнинг муолажалари билан касаллик асоратидан бир умрга халос бўлган болалар кўп. Бугун германиялик ҳамкасбларимиз билан бу борада тажриба алмашдик.

Маъсуджон Сулаймонов, Муқимжон Қодиров (сурат), ЎзА
1 324






Все о погоде - Pogoda.uz