ЎзА Ўзбек

15.02.2018 10:05 Чоп этиш версияси

Тиббий патронаж ва соғлом турмуш тарзи тарғиботига энди 5 ташкилот масъул

Ўзбекистонда репродуктив саломатликни муҳофаза қилиш, тиббий маданиятни ошириш, соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш ва касалликларнинг олдини олишга қаратилган бирламчи профилактика ишларига бешта ташкилот масъул этиб белгиланди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизмати маълум қилди. 

Ушбу тартиб Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгаши, Ўзбекистон Республикаси Халқ таълим вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги ва Ўрта махсус, касб-ҳунар таълим маркази томонидан “Аҳолини мақсадли патронаж билан қамраб олиш, уларда тиббий маданиятни шакллантириш ҳамда оила ва таълим муассасаларида соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш тўғрисида”ги қўшма қарори асосида белгиланди. 

Ҳужжат ижроси доирасида эндиликда жойларда аҳоли репродуктив саломатлигини муҳофаза қилиш, тиббий маданиятини ошириш, соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб этиш ва бирламчи профилактика ишлари Қорақалпоғистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазирлиги, вилоятлар Соғлиқни сақлаш бошқармалари ва Тошкент шаҳар Соғлиқни сақлаш бош бошқармаси Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича ҳудудий бўлимлари, ҳудудий халқ таълими бошқармалари ва мактабгача таълим бошқармалари билан ҳамкорликда бажарилади.

Шунингдек, ушбу ташкилотлар аҳолини мақсадли патронаж билан қамраб олиш, уларда тиббий маданиятни шакллантириш ҳамда оила ва таълим муассасаларида соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш мақсадида ҳар бир маҳаллада жамоатчилик асосида “Саломатлик мактаблари” ташкил этади ва улар фаолиятини тизимли олиб боради.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти экспертларининг маълум қилишича, инсон саломатлигининг 85-90 фоизи ҳаёт тарзи ва атроф-муҳитга боғлиқ. Шу боис, қарордан кўзланган асосий мақсад касалликларнинг олдини олиш бўйича олиб бориладиган профилактика ишларини нафақат хонадонда, балки ўқув муассасалари, боғча ва маҳалларларда ҳам ташкил этиб, профилактика қамровини янада кенгайтириш, аҳолида ўз саломатлигига бўлган масъулиятни оширишдир.

ЎзА
10 822