Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

24.11.2017 19:05 Чоп этиш версияси

Тез тиббий ёрдам такомиллашмоқда

Тез тиббий ёрдам такомиллашмоқда Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Наманган вилояти филиалига "HYUNDAI” русумли 10 замонавий реанимобиль топширилди.

Шу муносабат билан ўтказилган тадбирда мамлакатимизда соғлиқни сақлаш тизимини тубдан ислоҳ қилиш жараёнида, айниқса, тез тиббий ёрдам хизматини янада такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди.

Наманган вилоятида ҳам шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш даражаси давр талабига мос равишда юксалмоқда. Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Наманган вилояти филиалида маълумотларни узатишнинг ягона тармоғи бирлаштирилди. Вилоятнинг барча ҳудуди бўйича тез тиббий ёрдам чақириқларини қабул қилиш ва қайта ишлашни таъминлайдиган мувофиқлаштирувчи диспетчерлик хизмати шакллантирилди. Марказдаги санитар автотранспортларига GPS навигаторлари ўрнатилиб, диспетчерлик пункти томонидан чақириқда юрган транспортларни доимий назорат қилиш имконияти яратилди.

Тез тиббий ёрдам такомиллашмоқда

2016 йилда вилоят бўйича аҳолига 155 тез тиббий ёрдам бригадаси хизмат кўрсатган бўлса, бугунга келиб уларнинг сони 178 тани ташкил қилмоқда. Ҳудудлардаги тез тиббий ёрдам шохобчалари сони 80 дан 102 тага етказилди. Жорий йилнинг ўтган даврида 79 эскирган ва таъмирталаб автомашиналар ўрнига янгилари олинди. Бу чақириқлар бўйича хизмат кўрсатиш сифати ва самарадорлигини янада оширди.

– Замонавий тиббий ускуналар билан жиҳозланган реанимобилларда махсус тиббий ёрдам кўрсатиш учун барча шароит мавжуд, – дейди Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Наманган вилояти филиали бош шифокори Ш.Юсупов. – Яъни, тез тиббий ёрдам бригадаси оғир аҳволдаги беморга қон тўхтатиш, сунъий нафас олдириш ва бошқа кичик амалиётларни йўлда, шифохонага етгунга қадар амалга ошириши мумкин. Яқин кунларда яна 14 ихтисослаштирилган санитар автомашинаси келтирилади. Пировардида вилоятдаги барча 178 тез тиббий ёрдам бригадасининг автотранспортга бўлган эҳтиёжи тўла таъминланади.

Акрамжон Сатторов, Ҳотам Мамадалиев (сурат), ЎзА
2 393






Все о погоде - Pogoda.uz