Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

15.08.2017 16:35 Чоп этиш версияси

Тез тиббий хизмат самарадорлиги ошмоқда

Президентимиз раҳнамолигида соғлиқни сақлаш соҳасида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар тез тиббий ёрдам хизмати самарадорлигини ошириш, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлашда юксак самаралар бермоқда.

Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 16 мартдаги “Шошилинч тиббий ёрдамни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони бу борада муҳим дастуриламал бўлаётир.

– Мамлакатимизда аҳолига давлат томонидан кафолатланган бепул шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш тизими тубдан янгиланаётгани халқимиз саломатлигини муҳофаза қилишда муҳим аҳамият касб этади, – дейди Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Сурхондарё вилояти филиали директори ўринбосари Жавдат Латипов. – Шошилинч тиббий ёрдам тизимида замонавий ахборот-коммуникация технологиялари кенг жорий этилиб, тиббий хизмат кўрсатиш сифатини тубдан яхшилашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Моддий-техник база мустаҳкамланмоқда. Дори-дармон ва транспорт воситаларини ёқилғи-мойлаш материаллари билан таъминлаш яхшиланмоқда. Вилоят тез тиббий ёрдам хизматига ихтисослаштирилган ва умумий тармоқли кўчма бригадалар ҳамда фавқулодда вазиятларда ҳаракат қилувчи бригадалар учун “Тез тиббий ёрдам кўрсатишнинг ягона стандартлари” ва “Тез тиббий ёрдам хизматининг диспетчерлари учун чақириқларни қабул қилиш протоколлари” жорий этилди. Туманлардаги тез тиббий ёрдам бўлимларига марказлашган ҳолда ажратилаётган дори-дармон ва тиббий буюмларнинг мақсадли, оқилона ишлатилиши бўйича назоратни кучайтириш, уларга амалий ёрдам кўрсатиш учун Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Сурхондарё вилояти филиалининг махсус буйруғи билан бош мутахассислар туманларга бириктирилди.

Вилоят шошилинч ва тез тиббий ёрдам тармоғида мавжуд 117 махсус автотранспорт воситаси туман тиббиёт бирлашмалари балансидан чиқарилиб, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасининг махсус ва тез тиббий ёрдам автохўжалиги ҳисобига ўтказилди. Йилнинг ўтган даврида 40 дан ортиқ “Дамас” амбуланс русумли махсус автотранспорт воситаси келтирилиб, Термиз шаҳри ва туманлар тиббиёт бирлашмаларига тақсимланди. Яна 50 га яқин янги махсус автотранспорт воситаси олиб келиш мўлжалланмоқда. Харажатлар сметаси, штат жадваллари, ҳайдовчилар иш ҳақи ва ажратмалари, техник ва сервис хизмат кўрсатиш босқичлари, хизмат кўрсатиладиган автотранспорт воситалари сони ва ёқилғи-мойлаш материаллари фондлари ҳажмининг ошишига боғлиқ ўзгаришга мос равишда ўрнатилган нормативларга мувофиқ қайта кўриб чиқилиб, тегишли органларга эҳтиёж ва таклифлар киритилди. Вилоят ҳокими томонидан Термиз шаҳар тез тиббий ёрдам бўлимига ажратилган 30 миллион сўм маблағ эвазига ходимлар учун ягона стандартли махсус кийим-бошга буюртма берилди.

Манзилли дастур доирасида тез тиббий ёрдам хизматининг мавжуд бино ва иншоотлари таъмирланиб, моддий-техник базаси мустаҳкамланаётир. Шу асосда 7 иншоотни 350 миллион сўмга капитал ва 9 иншоотни 180 миллион сўм маблағ эвазига жорий таъмирлаш кўзда тутилган.

– Бундай янгиланишлар беморларга стационар, амбулатор ва чақириқлар бўйича хизмат кўрсатишни янги босқичга кўтарди, – дейди Сурхондарё вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Абдусамат Норқобилов. – Бу жараёнда қўшимча тартибда тугатилаётган қишлоқ-врачлик пунктлари ва янгидан тузилаётган қишлоқ оилавий поликлиникалари қошида тез тиббий ёрдам шохобчалари ташкил этилмоқда. Бу йил вилоятда 94 ана шундай шохобча очиш режалаштирилган бўлиб, айни пайтда 26 қишлоқ оилавий поликлиникасида тез тиббий ёрдам шохобчалари туну кун фаолият юритмоқда. Мувофиқлаштирувчи-диспетчерлик хизматлари иши самарадорлигини таъминлаш учун тез тиббий ёрдам станциялари ва кичик станцияларни, тез тиббий ёрдамнинг ихтисослаштирилган автотранспорти ва бригадаларини замонавий компьютер ва телекоммуникация, алоқа воситалари, GPS-кузатиш ускуналари билан жиҳозлаш чоралари кўрилаётир.

Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида шошилинч тиббий ёрдамга қаратилаётган бундай эътибор, берилаётган имтиёзлар соҳани малакали мутахассислар, транспорт воситаси, ахборот-коммуникация технологиялари ва энг замонавий тиббий ускунлар билан жиҳозлашда муҳим омил бўлмоқда. Аҳолига тез ва кечиктириб бўлмайдиган бепул тиббий хизмат кўрсатиш, инсонларнинг ҳаётдан рози бўлиб яшашига қулай шароит яратмоқда.

– Иссиқ жон иситмасиз бўлмас, деган гап бор, – дейди Термиз шаҳрида яшовчи Мамаражаб Холов. – Уйда бирор кишининг тоби қочиб қолгудек бўлса, дарҳол тез тиббий ёрдамга мурожаат қиламиз. Рости, авваллари шошилинч тиббий ёрдам чақирганимиздан афсусланган пайтлар ҳам бўлган. Чунки, автотранспорт воситаси эскилиги, носозлиги ёки ёқилғи тақчиллиги рўкач қилинар, баъзан бирламчи тиббий ёрдам кўрсатишга зарур дори-дармони ҳам бўлмас эди. Энди вазият тубдан ўзгарган. Қўнғироқ қилсак бас, шифокорлар зудлик билан уйга келиб, зарур муолажа қилмоқда. Саломатлигимизни асраш йўлида кўрсатилаётган бундай юксак эътибордан халқимиз мамнун.

Холмўмин Маматрайимов, ЎзА
3 127






Все о погоде - Pogoda.uz