ЎзА Ўзбек

01.08.2018 12:58 Чоп этиш версияси

Тест синовлари – коррупцияга қарши курашдаги дадил қадам ​

Тест синовлари – коррупцияга қарши курашдаги дадил қадам ​

1 август куни мамлакатимизнинг барча ҳудудларида олий таълим муассасаларининг бакалавриат йўналишига кириш учун тест синовлари бошланди. 

Юрт тараққиёти юксак билим ва касбий малакага эга, замон руҳи билан ҳамнафас, соғлом ва теран тафаккурли, рақорбатбардош кадрларга боғлиқ. Президент Шавкат Мирзиёев томонидан таълим соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар ўқитишнинг барча бўғинлари каби олий таълимни ҳам тубдан такомиллаштиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Бу йил мамлакатимиз тарихида биринчи марта олий таълим муасссасаларининг бакалавриат босқичига кириш учун тест синовлари университет ва институтлар биносидан ташқарида, мутлақо холис ва бошқа биноларда бўлиб ўтмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 16 ноябрдаги "Республика олий таълим муассасалари бакалавриатига кириш тест синовларини ўтказиш тартибини такомиллаштириш тўғрисида"ги қарори бу йўналишда авваллари мисли кўрилмаган туб ижобий ўзгаришларни амалиётга жорий этиш имконини бермоқда. Унга кўра, 2018/2019 ўқув йилидан бошлаб олий таълим муассасасига қабул қилиш бўйича кириш тест синовларини 1 августдан 15 августгача бўлган даврда ўтказиш, синов натижаларини тест ўтказилган куннинг эртасига Давлат тест марказининг расмий веб-сайтида эълон қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шунингдек, абитуриентдан алоҳида иқтидор талаб этиладиган маданият, санъат, дизайн, тасвирий ва амалий санъат, санъатшунослик, мусиқий таълим, спорт ва жисмоний тарбия соҳасидаги таълим йўналишларига қабул қилишда ижодий имтиҳонлар орқали амалга ошириш йўлга қўйилди.

6.JPG

Шунингдек, жорий йилда биринчи марта 2018/2019 ўқув йилидан бошлаб, олий таълим муассасасига ўқишга қабул қилиш бўйича кириш тест синовлари Тошкент шаҳрида “Ўзэкспомарказ” миллий кўргазмалар мажмуаси павильонлари, "Ўзкўргазмасавдо" мажмуаси, олий ўқув юртлариаро спорт комплекси каби катта сиғимдаги бошқа биноларда, вилоят марказларидаги Олимпия захиралари коллежлари ёки бошқа ташкилотларнинг катта сиғимдаги биноларида ўтказилаяпти. Тест жараёнининг максимал даражада ошкора ва шаффофлигини таъминлаб, видеокузатувлар орқали жамоатчилик, шу жумладан, абитуриентлар ота-оналарининг кириш тест синовларини онлайн режимида кузатиб боришларига имконият яратилгани ҳам эътиборга моликдир.

Республика олий таълим муассасаларига кириш учун тест синовларини ўтказишнинг моддий-техник таъминоти билан боғлиқ масалалар ҳам бутунлай қайтадан кўриб чиқилди. Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази тест синови натижаларини тезкор ўқишга мўлжалланган энг замонавий техник ускуна ва жиҳозлар билан таъминланди. Бу эса натижаларни қисқа фурсатда эълон қилишда муҳим аҳамият касб этади.

Юртимизда кадрлар тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш, иқтисодиёт ва ижтимоий соҳа тармоқларини юқори малакали мутахассислар билан таъминлаш учун олий таълим муассасаларининг бакалавриатига қабул қилиш бўйича ўтказиладиган кириш тест синовларининг адолатли, холис ва шаффоф ўтказилишини ташкил этиш масаласига жиддий ёндашилмоқда. Шу мақсадда тест ўтказилувчи бинолар шахсни идентификациялаш воситалари, видеофиксация қурилмалари, металлодетекторлар, мониторлар ва бошқа энг замонавий техник жиҳозлар билан таъминланди. Бу эса тест синовларини хавфсиз ўтказиш, бу жараёнда учрайдиган салбий ҳолатларнинг олдини олиш, имтиҳонларни онлайн ёритиш имконини беради. Шу билан бирга, мутахассислар томонидан тест синовлари жараёнларини мунтазам ривожлантириб бориш, тест топшириқларининг сифатини оширишга катта эътибор қаратилди.

Давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 4 июнда қабул қилинган "2018/2019 ўқув йилида Ўзбекистон Республикасининг олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш тўғрисида"ги қарорига мувофиқ 2018/2019 ўқув йилида Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича умумий квота бакалаврлар учун 69 минг 200 нафар, шу жумладан, давлат грантлари бўйича 17 минг 654 нафар ва тўлов-контракт асосида 51 минг 546 нафар этиб белгиланди. Махсус сиртқи ва кечки бўлимларда ҳам ўқишларнинг ташкил этилгани, бир қатор олий таълим даргоҳларининг жойлардаги филиаллари, янги ўқув даргоҳларининг очилгани ёшларнинг билим олиш йўлидаги имкониятларини янада кенгайтиради. Жорий йилда юртимиз олий таълим масканларига абитуриентлардан 675 минг 49 та ариза келиб тушди.

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази маълумотларига кўра, абитуриентлардан энг кўп ҳужжат келиб тушган олий таълим даргоҳлари сафида Қарши, Самарқанд, Фарғона давлат университетлари пешқадамлик қилмоқда. Конкурс энг катта бўлган олий ўқув юртлари сифатида эса Тошкент тиббиёт академиясининг Фарғона филиалига 1 ўринга 23,2, Андижон машинасозлик институтига 1 ўринга 18,3, Тошкент давлат техника университиетининг Термиз филиалига бир ўринга 17,6 ариза тўғри келмоқда. Жорий йилда абитуриентлар Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети, "Ипак йўли" туризми халқаро университети, Самарқанд ветеринария медицинаси институти каби янги олий таълим масканларига ҳужжат топшириш имконига эга бўлдилар.

...Эрталабки соат 8:00. Пойтахтимизда олий таълим даргоҳларининг бакалавриат йўналиши бўйича тест синовлари "Ўзэкспомарказ"нинг бир неча павильонлари, "Ўзкўргазмасавдо" мавжуаси, Олий ўқув юртлариаро спорт мажмуаси, Республика ихтисослаштирилган олимпия захиралари мактаб-интернати, Олимпия захиралари коллежи каби катта сиғимдаги биноларда бўлиб ўтмоқда. Бу масъулиятли жараённи тартибли, белгиланган қоида ва меъёрларга мос тарзда, очиқ, шаффоф, адолатли ўтишини таъминлаш учун зарур барча чоралар кўрилган.

Бугун "Ўзэкспомарказ" павильонларида Тошкент давлат юридик университетига ўқишга кириш истагидаги ёшлар тест синовлари топширмоқда. Мазкур университет қабул комиссияси масъул котиби Отабек Бобожоновнинг айтишича, ушбу ўқув даргоҳида бакалавриат таълим йўналиши бўйича бу йил илк марта ёшлар жойлардаги давлат хизматлари марказлардан туриб, онлайн тарзда ҳужжат топширган. Жорий ўқув йилида университетга талабалар қабул қилиш режаси 600 нафарни ташкил этади. Ёшлардан келиб тушган аризалар эса етти мингдан ортиқ.

Павильонларда тест жараёни белгиланган тартиб ва меъёрларга қатъий амал қилган ҳолда бўлиб ўтди. Бу йилги тестларга жиддий тайёргарлик кўрилгани абитуриентларнинг бу масъулиятли жараёнга ёндашувида ҳам яққол намоён бўлди. Уларнинг ўз кучига, билимига бўлган ишончи ёшларнинг юз-кўзида зоҳир эди.

Мажмуага ёндош ҳудудда абитуриентларнинг ота-оналари учун ҳам зарур барча шароитлар яратиб берилди. Шу ернинг ўзида ўрнатилган махсус мониторлар орқали тест синовлари жараёнини бемалол кузатиш имконияти яратилди.

– Қизим Мухлиса бу йил олий ўқув юртига илк марта ҳужжат топширди, – дейди наманганлик Малоҳат Турсунова. – Барча жараёнларда очиқлик, шаффофликнинг таъминлангани юртимизда коррупциянинг олдини олиш, унга йўл қўймаслик йўлидаги амалий қадамлардан экани барчага манзур бўлмоқда.

Тестдан чиқиб келаётган ёшларга юзландик.

– Саволлар аниқ, лўнда ифода этилган, – дейди самарқандлик Муҳриддин Калонов. – Уларни қайта-қайта ўқиб, мағзини чақишга ҳожат қолмаган. Тестни муваффақиятли ечиш барчанинг билим даражасига боғлиқ эканини бу жараёнда яққолроқ сезилмоқда. Ростини айтганда, авваллари айрим абитуриентлар ва баъзи нопок кимсалар муғомбирлик, олғирлик, ғирромлик, "кўзбойлоғичлик" бўйича билимини тестларда синовдан ўтказар эди. Ҳозир бундай кўнгилсиз ҳолатларнинг илдизи буткул бартараф этилганига гувоҳ бўлдик. 

– Тест синовлари холис, ҳаққоний, шаффоф ўтди, – дейди бухоролик абитуриент Шуҳрат Тўраев. – Шпаргалкадан кўчираётган ёки ғайриқонуний хатти-ҳаракат қилаётган ҳолатлар кўзга ташланмади. Келтирилган саволлар ўта мураккаб ҳам, ўта енгил ҳам эмас. Барчаси мактаб дарсликларидан келтирилганига ишонч ҳосил қилдик. Тестларнинг адолатли ўтишини таъминлаш йўлидаги бундай саъй-ҳаракатлар ёшларнинг ўқишга бўлган иштиёқи ва қизиқиши, энг асосийси, ҳақиқатнинг қарор топишига бўлган ишончини кучайтирди.

Дарҳақикат, бу йилги тестларнинг холис, ҳаққоний ва адолатли тарзда ташкил этилгани кенг жамоатчилик, ота-оналар, ёшларнинг эътирофига сазовор бўлмоқда.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Арипов иштирок этди.

Н.Усмонова, Т.Мамадаминов (сурат), ЎзА​
12 263