Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

18.09.2017 15:44 Чоп этиш версияси

Термизда барпо этилган “Амударё” спорт-соғломлаштириш масканининг навбатдаги босқичи фойдаланишга топширилди

Термизда барпо этилган “Амударё” спорт-соғломлаштириш масканининг навбатдаги босқичи фойдаланишга топширилди Шу муносабат билан ташкил этилган тадбирда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, меҳнат фахрийлари, ўқувчи ва талабалар, ота-оналар, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Сурхондарё вилояти ҳокими Э.Турдимов ва бошқалар мамлакатимизда ёш авлодни ҳар томонлама баркамол этиб тарбиялаш, истеъдод ва салоҳиятини намойиш этиши учун замонавий шароитлар яратиш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан эканини алоҳида таъкидлади.

Президентимиз ташаббуси билан қабул қилинган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси ҳамда "Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” Давлат дастурида ҳам ушбу улуғвор ишга алоҳида эътибор қаратилган.

Термизда барпо этилган “Амударё” спорт-соғломлаштириш масканининг навбатдаги босқичи фойдаланишга топширилди

Термиз туманидаги “Термиз марвариди санаторийси” масъулияти чекланган жамияти тубдан реконструкция қилиниб, одамларнинг физиотерапевтик ва маъданли сувлар билан саломатлигини тиклаши учун барча қулайлик яратилди. Олтинсой туманидаги Хўжаипок олтингугурт суви негизида янги санаторий қуриш ишлари бошланди. Жорий йилда Сурхондарё дарёси соҳилида фойдаланишга топширилган 6 гектарлик “Амударё” спорт-соғломлаштириш масканининг 200 ўринга мўлжалланган биринчи босқичини бунёд этиш учун 35 миллиард сўмга яқин маблағ сарфланди. Бу ерда бунёд этилган замонавий спорт майдончалари, ахборот-ресурс маркази, тиббиёт мажмуаси, ёзги амфитеатр, рангли фавворалар болаларни соғломлаштириш, жисмонан чиниқтириш, интеллектуал салоҳиятини юксалтириш, билимини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда. Бу йилги мавсумда мингга яқин ўғил-қиз ушбу сўлим гўшада ёзги таътил кунларини мазмунли ўтказди.

Янги масканнинг 17 гектар майдондаги иккинчи босқичида 30 миллиард сўм маблағ эвазига болалар ва катталар учун спорт-соғломлаштириш мажмуаси, ёпиқ ва очиқ сузиш ҳавзалари, футбол, волейбол майдонлари, турли хизмат кўрсатиш шохобчалари қад ростлади. Бахшилар мактаби барпо этилди. Навқирон авлоднинг миллий санъатимиз ва ҳунармандлик намуналарини пухта ўрганиши, китоб мутолаа қилиши, ўзлари қизиққан йўналишда салоҳиятини кенг намоён этиши учун барча шароит яратилди.

– Ташландиқ, қамишзор майдоннинг қисқа вақтда шундай обод ва кўркам ҳудудга айланиши мумкинлиги хаёлимизга ҳам келмаган, – дейди меҳнат фахрийси С.Юсупова. – Энди бу ер нафақат фарзандларимиз, балки биз, кексалар учун ҳам мириқиб суҳбат қурадиган, спорт билан машғул бўладиган, қисқача айтганда, ҳордиқ чиқарадиган сўлим масканга айланди. Қаранг, кўм-кўк товланиб турган сув ҳавзасининг узунлиги 800, эни 50 метр. Сув ҳавзаси бўйида иссиқда тобланиш учун қумли майдончалар ҳам ташкил этилган. Бу саломатлик учун ғоят фойдали. Мана бу майдонда тўп сураётган болаларнинг шодон кулгисидан, ям-яшил майдонлару, манзарали дарахтлар, турфа гулзорлар, хизмат кўрсатиш нуқталарининг орасталигидан ҳам кўнглингиз яйрайди. Ўзингизни худди хориждаги бирор дам олиш масканига бориб қолгандек ҳис этасиз. Юртимизда одамлар манфаати йўлида амалга оширилаётган бундай ўзгариш ва янгиланишлар бардавом бўлсин.

Замонавий соғломлаштириш маскани атрофида бунёдкорлик ва кўкаламзорлаштириш-ободонлаштириш ишлари давом этмоқда.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Республика Хотин-қизлар қўмитаси раиси Т.Норбоева, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси О.Муродов сўзга чиқди.

Холмўмин Маматрайимов, Фарҳод Абдурасулов (сурат), ЎзА
2 993






Все о погоде - Pogoda.uz