Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

03.07.2018 12:56 Чоп этиш версияси

Тепагузарда ўттиз кишилик намунавий тўй ўтказилди

№ 36 Тепагузар.jpg

Абдували УМАРЖОНОВ,

“Тепагузар” МФЙ раиси:

– Давлатимиз раҳбарининг топшириғи асосида маҳаллалар қиёфасини янгилаш мақсадида “Обод маҳалла” дастури қабул қилинди. Дастур асосида маҳалламиздаги барча кўп қаватли уйлар, кўча ва йўлаклар таъмирланиб, ҳудуд ободонлаштирилмоқда. Маҳаллада 9 та болалар майдончаси, 1 та бадминтон майдончасини қуриш ишлари бошлаб юборилган.

Хуллас, дастур доирасида маҳалламизда кенг кўламли таъмирлаш ишлари бажарилмоқда. Яратилаётган шарт-шароитлар ва янгиланишлардан маҳалла аҳли миннатдор. Лекин кўнгилни хира қиладиган ҳолатлар ҳам учраб турибди. Масалан, айрим фуқароларнинг эътиборсизлиги сабаб болалар ҳали қурилиши якунланмаган болалар майдончаси ҳудудига зиён етказмоқда.

Куни кеча давлатимиз раҳбарининг ташрифи чоғида тўйларни камхарж ўтказиш борасида Олмазор тумани ўрнак бўлиши кераклиги айтиб ўтилди. Яқинда маҳалламизда ортиқча исрофгарчиликсиз намунавий тўй ўтказдик. Бир йигит оила қуриш ниятидалигини айтиб, бизга мурожаат қилди. Маҳалла фаоллари ўзаро кенгашган ҳолда, 30 кишилик жуда чиройли ва ихчам тўй ўтқаздик. Тўйдан тежалган маблағни эса ҳамкорлар билан келишиб, ёш оилага кредит асосида уй олиб беришга сарфладик.

Хорижда ишлаб юрганларни қайтариш ва уларни юртимиздаги ислоҳотларга жалб қилиш борасида ҳам маҳалламизда қатор ишлар амалга оширилмоқда. Бизда 1999 йилдан буён қидирувда бўлган фуқаро бор эди. Биз унинг ота-онасига мурожаат қилиб, агар қўли қонга ботмаган бўлса, ортга қайтиши мумкинлигини айтдик. Керакли ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорлигимиз натижасида ушбу фуқарони ватанга қайтаришга муваффақ бўлдик.

Бир сўз билан айтганда, жамиятимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида давлат ва фуқаролар ўртасида ўзаро ишонч мустаҳкамланмоқда.

ЎзА
6 004