Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

07.02.2018 14:47 Чоп этиш версияси

“Темир тулпор” билан ҳазиллашманг!

Хоразм вилояти Ҳазорасп туманида ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга бағишланган профилактик тадбир ўтказилди.

Вилоят ички ишлар бошқармаси транспортда жамоат хавфсизлигини таъминлаш бўлими ходимлари иштирокида ташкил этилган тадбирда темир йўл инфратузилмаси хавфсизлигини сақлаш масъулияти ҳақида сўз юритилди.

– Темир йўллар мамлакат иқтисодиётининг қон томирига қиёсланади, – дейди Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Ҳазорасп тумани кенгаши раиси Зокир Рўзметов. – Темир йўлларда хизмат кўрсатиш сифати ва самарадорлиги замон талаблари асосида ривожланиб, йўловчи ва юк ташиш ҳажми муттасил ўсиб бормоқда. Бу темирйўлдан фойдаланиш, темир йўл линиялари ўтган ҳудуд атрофида яшовчи аҳолининг хавфсизлигини таъминлашни янада такомиллаштиришни тақозо этади. Тадбирда аҳоли, хусусан, ёшлар ўртасида фақат белгиланган махсус йўлаклардан ўтиш, темир йўл атрофида ўйнамаслик, чорва молларини боқмаслик тушунтирилди. Ўтказилаётган профилактик тадбирлар натижасида темир йўллар билан боғлиқ жиноят ва ҳуқуқбузарликлар кескин камайишига эришилмоқда.

Тадбирда транспорт тизимида ҳаракат хавфсизлигини бузиш, транспорт воситаларига шикаст етказиш ва бошқа қоидабузарликлар содир этган шахсларга нисбатан жазо муқаррарлиги таъкидланди. Темир йўл вокзаллари ва кесишмаларида, йўловчи поездлардан фойдаланишда амал қилиниши лозим бўлган қоидалар тўғрисида тушунтиришлар берилиб, турли кўргазмали сурат ва видеороликлар намойиш этилди.

Аҳмаджон Шокиров, ЎзА
7 525