ЎзА Ўзбек

15.12.2017 19:50 Чоп этиш версияси

Текин “Spark”ка Тошкент шаҳридан ким даъвогарлик қилиши маълум бўлди

Ёшларга китобни мажбур қилиб ўқитиб бўлмайди. Чунки китобга қизиқтиришнинг ўзига хос йўл-йўриқлари бор. Масалан, рағбат. Рағбат катта бўлса яна ҳам яхши. Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи ташаббуси билан ташкил этилган «Ёш китобхон» кўрик танловининг ғолиби эса Spark автомобилига эга бўлади.

Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида танловнинг Тошкент шаҳар босқичи ўтказилди. Унда 14-19 ва 20-30 ёшгача бўлган ёш китобхонлар қатнашди.

Иштирокчиларнинг ижтимоий-сиёсий билими, маънавий-маърифий, тарихий асарлар, бадиий китобларнинг мазмун-моҳияти тўғрисидаги шарҳлари, ўзлари танлаган адиб ҳаёти ва ижодий фаолияти бўйича тақдимотларини таниқли адабиётшунос ва ижодкорлар баҳолаб борди.

– Дуч келганини эмас, балки саралаб, бадиий савияси юқори бўлган китобни ўқиган маъқул, – дейди танлов қатнашчиларидан бири, Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети талабаси Дилнавоз Мажидова. – Мутолаани шунчаки қилмай, янги маълумотлар, доно фикр-мулоҳазаларни ён дафтарчамга тушириб бораман. Яхши асарларни такрор-такрор ўқийман.

Танловда энг яхши натижа кўрсатган икки нафар ёш китобхон мамлакат босқичида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритди.

Малоҳат Ҳусанова, ЎзА
8 008