Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

14.03.2017 15:44 Чоп этиш версияси

Тасвирларда ислоҳотлар ифодаси

Тошкент вилоятида “Тасвирий ойина” ижодий уюшмаси томонидан 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида амалга оширишга оид Давлат дастурида белгиланган вазифалар ижросига доир кўргазмали семинар ўтказилди.

Уюшманинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳри ҳамда 65 туман ва шаҳардаги бўлимлари бошқаруви раислари, Республика Маънавият тарғибот ҳамда Миллий ғоя ва мафкура илмий-амалий марказлари вакиллари қатнашган семинар иштирокчилари ҳудудда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари, диққатга сазовор жойлар, “Максам-Чирчиқ” акциядорлик жамияти фаолияти, ижодий уюшманинг Тошкент вилояти бўлими томонидан қилинаётган ишлар билан танишди.

“Тасвирий ойина” ижодий уюшмаси раиси И.Латипов ва бошқалар мустақиллик йилларида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар туфайли ҳаётимиз тубдан ўзгариб, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли фаровонлигини юксалтириш, одамларга муносиб турмуш шароити яратишда юксак самараларга эришилаётганини таъкидлади. Бу ўзгариш ва янгиликларнинг моҳиятини таъсирчан, жозибадор тасвирлар воситасида оммага етказиш, шу орқали юртдошларимиз қалбида миллий ғурур, Ватанга муҳаббат туйғуларини юксалтириш, кенг кўламли ислоҳотларда янада фаол иштирок этишга чорлашда ижодий уюшманинг ҳам ўз ўрни бор.

Семинарда Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 7 февралдаги фармони билан тасдиқланган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини амалга ошириш, Давлат дастурида белгиланган вазифалар ижросини таъминлашда “Тасвирий ойина” ижодий уюшмаси олдида турган ишларни янада самарали ташкил этиш масаласи муҳокама қилинди.

– Турли ахборот хуружлари авж олиб бораётган бугунги глобаллашув даврида фарзандларимизга мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар бераётган юксак самаралар, юртимизнинг бой ва қадимий тарихи, дунё тамаддунига беқиёс ҳисса қўшган буюк аждодларимиз ҳақида ҳикоя қилувчи ёрқин, замонавий дизайн талабларига жавоб берадиган тасвирий воситаларни тайёрлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда, – дейди ижодий уюшманинг Наманган вилояти бўлими раиси Д.Мамажонов. – Семинар доирасида бу борада Тошкент вилоятида амалга оширилаётган ишлар билан танишдик. Жойлардаги бўлимларда юқори баҳоланган иш тажрибалари билан ўртоқлашдик.

Мамлакатимизда ҳар бир йилга алоҳида ном берилиши муносабати билан “Тасвирий ойина” ижодий уюшмаси томонидан махсус қўлланма тайёрлаш анъанаси бор. Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилининг мазмун-моҳиятини ўзида мужассам этган “Инсон манфаатлари ҳамма нарсадан устун” деб номланган тавсиялар жамланмаси ҳам чоп этилди. Семинарда бу ҳақида алоҳида маълумот берилиб, мазкур жамланма материалларидан жамоат жойлари, оммавий тадбирлар ўтказиладиган манзиллар, таълим муассасалари ва бошқа жойларда тарғибот воситаси сифатида кенг фойдаланиш учун тавсия этилди.

Тадбирда ўтган йили уюшма томонидан амалга оширилган ишлар сарҳисоб этилиб, танқидий таҳлил қилинди. Билдирилган фикр-мулоҳазалар асосида тегишли тавсиялар ишлаб чиқилди.

Семинарда Тошкент вилояти ҳокими Ш.Бобоев сўзга чиқди.

Икром Аввалбоев, ЎзА
3 632






Все о погоде - Pogoda.uz