Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

23.09.2017 00:03 Чоп этиш версияси

Ташриф якунларига бағишланди

Халқаро пресс-клубнинг навбатдаги тадбирида Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Америка Қўшма Штатларига ташрифи тафсилотлари ва натижалари ҳақида журналистларга маълумот берилди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов, ЮНИСЕФнинг мамлакатимиздаги ваколатхонаси раҳбари Саша Грауман Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг шу йил 18-20 сентябрь кунлари АҚШга ташрифи ва Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг 72-сессиясида сўзлаган нутқи Ўзбекистон ҳаётида муҳим тарихий воқеа бўлганини алоҳида таъкидлади.

Яхши нутқни ифодалаш учун шундай ибора ишлатилади: сўз учун макон тор, фикр учун кенг, дейилди анжуманда. Давлатимиз раҳбарининг БМТ Бош Ассамблеяси 72-сессиясидаги чиқиши ҳам айнан шундай бўлди. Давлат ва ҳукумат раҳбарлари иштирок этган мазкур саммитда жаҳон ҳамжамиятига дахлдор долзарб масалалар ҳақида сўз юритилди.

Президентимизнинг нутқи дунёда тинчлик ва барқарорликни таъминлаш, халқлар ўртасида ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, БМТнинг ролини янада оширишга қаратилган муҳим ташаббусларни ўзида мужассам этгани боис давлат раҳбарлари, халқаро экспертлар, сиёсатшуносларда катта қизиқиш уйғотди. Давлатимиз раҳбари Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар “Инсон манфаатлари ҳамма нарсадан устун” деган тамойилга асослангани, жамиятимизда тобора ошиб бораётган фаоллик нафақат Марказий Осиё, балки бошқа минтақалардаги давлатлар билан ҳам амалий мулоқотни мустаҳкамлашга хизмат қилаётганини қайд этди.

Президентимиз ўз нутқида Ўзбекистонда демократик давлат ва адолатли жамият барпо этиш йўлида амалга оширилаётган ислоҳотлар, Марказий Осиё мамлакатларида хавфсизликни ва изчил тараққиётни таъминлаш, шунингдек, Афғонистондаги вазиятни барқарорлаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратди, умумжаҳон миқёсида, БМТ даражасида амалга оширилиши лозим бўлган ишлар бўйича Ўзбекистоннинг таклиф ва ташаббусларини баён қилди.

Шавкат Мирзиёевнинг ушбу таклифлари ғоят долзарб бўлиб, халқаро ҳамжамият томонидан қўллаб-қувватланмоқда. Ўзбекистонни келгуси беш йилда ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси доирасида барча соҳаларнинг изчил тараққиёт эттирилаётгани, 2017 йил – Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили, деб эълон қилингани Ўзбекистон ўз тараққиётининг янги босқичига чиққанига яққол далил сифатида эътироф этилди. Кўпгина мутахассислар якдил фикр билдирганидек, бу ташаббуслар Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари соҳасида муҳим ислоҳотлар амалга оширилаётганини англатади ва бошқа давлатларга ўрнак бўлишга арзийди.

Анжуманда Президентимиз ташрифи доирасида бўлиб ўтган учрашув ва мулоқотларнинг аҳамияти, уларда эришилган келишувлар ҳақида ҳам фикр юритилди.

Матназар Элмуродов, ЎзА
1 789






Все о погоде - Pogoda.uz