ЎзА Ўзбек

05.09.2018 16:18 Чоп этиш версияси

“Ташаббус-2018”да ғолиблар кўп бўлади

“Ташаббус-2018”да ғолиблар кўп бўлади
Самарқанд вилоятида Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун тадбиркорлар, фермерлар ва ҳунармандлар ўртасида “Ташаббус” республика кўрик-танловининг туман, шаҳар босқичи бошланди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 16 августдаги фармойишига кўра, жорий йилда “Ташаббус-2018” кўрик-танловининг туман (шаҳар) босқичи 27 августдан 28 сентябрга қадар, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар босқичлари 5-25 октябрь кунлари, мамлакат босқичи эса 14-16 ноябрь кунлари ўтказилади.

5 (3).jpg

– Бу йил танлов ғолибларини аниқлашда ҳам бир қатор ўзгаришлар бор, – дейди Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Самарқанд вилояти ҳудудий бошқармаси бошлиғи Шерали Йўлдошев. – Шу пайтга қадар иштирокчилар уч асосий – “Йилнинг энг яхши тадбиркори”, “Йилнинг энг яхши ҳунарманди” ва “Йилнинг энг яхши фермери”, шунингдек, қўшимча номинациялар бўйича рағбатлантирилар эди. Эндиликда “Энг яхши тадбиркор” номинациясининг ўзида уч йўналиш бўйича ғолиблар аниқланади. Яъни, саноат соҳасида “Йилнинг энг яхши тадбиркори”, хизмат кўрсатиш соҳасида “Йилнинг энг яхши тадбиркори” ва “Йилнинг энг яхши ёш тадбиркори” эътироф этилади. “Йилнинг энг яхши фермери” ва “Йилнинг энг яхши ҳунарманди” номинациялари аввалги тартиб бўйича давом этади. Мазкур беш асосий номинация бўйича мамлакат босқичида ғолиб бўлган иштирокчилар Ўзбекистон Республикаси Президентининг совғаси – “Spark” автомашинаси билан тақдирланади.

“Ташаббус-2018”нинг Самарқанд вилоятидаги бу йилги туман (шаҳар) босқичи Пастдарғом туманидан бошланди. Жума шаҳридаги истироҳат боғида ўтказилган танловда туманда фаолият кўрсатаётган 80 нафардан ортиқ тадбиркор, фермер ва ҳунарманд ўз маҳсулотлари билан иштирок этди.

10 (1).jpg

Ҳакамлар ҳайъати хулосасига кўра, “Maroqand kabel invest” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Ўлмас Аллаёров саноат соҳасида “Йилнинг энг яхши тадбиркори” деб топилди. “Umidjon farm” корхонаси бошлиғи Ҳилола Фармонова хизмат кўрсатиш соҳасида “Йилнинг энг яхши тадбиркори” бўлди. Ёш тадбиркор Анвар Кўчимов эса “Йилнинг энг яхши ёш тадбиркори” сифатида эътироф этилди.

“Йилнинг энг яхши фермери” номинациясида ғолиблик тумандаги “Дилафруз” фермер хўжалиги етакчиси М.Дангаловга насиб этди. Пастдарғомлик ҳунармандлар орасида Турғун Тошбеков энг маҳоратли деб топилиб, “Йилнинг энг яхши ҳунарманди” номинацияси ғолиби сифатида эълон қилинди.

Ғолиблар жорий йилнинг 17 октябрь куни ўтказилиши белгиланган кўрик-танловнинг вилоят босқичида иштирок этади.

Ғолиб Ҳасанов, Алишер Исроилов (сурат) ЎзА
4 706