ЎзА Ўзбек

16.07.2018 19:56 Чоп этиш версияси

Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги Россияга ишга жўнатган юртдошларимиз ҳуқуқларини нега ҳимоя қилмади?

Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги Россияга ишга жўнатган юртдошларимиз ҳуқуқларини нега ҳимоя қилмади?
Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ўзи хорижга ишга жўнатган 62 нафар Ўзбекистон фуқаросининг ҳуқуқларини ҳимоя қилмади.

Аксинча, уларни алдаб ишга жўнатиб, қарздор қилиб қайтарди. 


ҲИСОБОТ ҲАҚИҚАТГА ЗИД

Маҳаллаларда ва оилаларда ижтимоий-маънавий муҳитни ўрганиш ҳамда аниқланган муаммоларни бартараф этишга кўмаклашиш бўйича Республика ишчи гуруҳи жорий йилнинг 25 июнь – 2 июль кунлари Наманган вилоятининг Норин туманида фаолият олиб борди. Бир ҳафта мобайнида 57 маҳалладаги 25650 хонадонга кирилди. Натижада 5400 дан ортиқ муаммо аниқланиб, уларнинг қарийб 60 фоизи ўрнида ҳал этилди.

Кўп жойда бўлгани каби ишсизлик Нориндаги энг катта муаммолардан бири. Туманда 106 минг нафар меҳнатга лаёқатли аҳоли бўлиб, ҳисоботларда улардан 4377 нафари ишсиз экани қайд этилган. Бироқ қайси хонадонга кирманг, икки-ёки уч нафар ишсизга дуч келасиз. Демак, асл ҳолат бошқача. Келтирилган расмий маълумот тўғри эмас.

Нориннинг иқтисодий кўрсаткичлари вилоят даражасидан анча паст. “Норин пахта тозалаш” акциядорлик жамияти тумандаги ягона йирик ишлаб чиқариш корхонаси ҳисобланади. Аҳолининг катта қисми, асосан аёллар, ёлланма ишчи сифатида фермер хўжаликлари, хусусий ер эгалари далаларида меҳнат қилиб, кунига ўртача 15-20 минг сўмдан пул олади. Ишсизликнинг энг самарали ечими саналган тадбиркорликни ривожлантириш, оилавий бизнесга кенг имкон ва шароит яратиб бериш борасида ҳам талай муаммолар мавжуд.

Масалан ўтган даврда туманда 70 та кичик бизнес субъекти фаолияти йўлга қўйилган бўлса, йил бошидан буён уларнинг 27 таси тугатилган. Ҳисобот давридаги 6 миллион долларлик экспорт режаси атиги 31 фоизга бажарилган. Туманда юзлаб бўш турган бинолар ва объектлар бўла туриб, тадбиркорлик билан шуғулланиш истагини билдирганлар жой муаммосига дуч келмоқда.

Валижон Бакиров хонадонидаги суҳбат салом-алик, ҳол-аҳвол, қишлоқ хўжалик касб-ҳунар коллежини битирган ўғлининг ишсизлиги, газ баллон ололмаётгани, Низомий кўчасини асфалтлаш ҳақидаги гап-сўзлар билан тугаши мумкин эди. Бироқ бир четда қимтиниб турган Одина опа Бакированинг ҳам қандайдир “дарди” бордек туюлди бизга. 

— Буни айтишим тўғрими-йўқми, билмайман, – деди Одина опа оҳиста гап бошлар экан. – Кимнингдир устидан шикоят қилмоқчи эмасман. Лекин Президентимиз топшириғи билан юрган экансизлар, давлат ташкилотига ишониб, оғир кунларни, руҳий қийинчиликларни бошдан кечирганимизни билиб қўйишларингиз керак, деб ўйлайман. 

У “ҳозир”, деди-да ичкарига кириб, бир даста қоғоз кўтариб чиқди: шартномалар, сертификатлар, йўлланмалар, тиббий маълумотномалар, суғурта полюси, квитанциялар, темир йўл чипталари... Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг Ташқи меҳнат миграцияси агентлигига тааллуқли бу ҳужжатларга кўз югуртириб, опа билан бафуржа гаплашишимиз кераклигини тушундик. Кечга томон Норин тумани ҳокимияти биносида жойлашган 5-Ишчи гуруҳ штабида учрашдик.

“БИЗГА БЕРИЛГАН ВАЪДАЛАР ЁЛҒОН ЭКАН”

Шу йилнинг 5 июль куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасида аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича олиб борилаётган ишлар муҳокама қилинди. Унда Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Шерзод Кудбиев чиқиш қилиб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йилнинг апрелида Россия Федерациясига Давлат ташрифи давомида Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерацияси ўртасида “Ўзбекистон фуқароларини Россия ҳудудида вақтинчалик меҳнат фаолиятларини амалга ошириш учун ташкиллаштирилган тартибда танлаб олиш ва ишга жойлаштириш бўйича Ҳукуматлараро Битим” имзолангани ва ҳар икки давлат томонидан ратификация қилинганини таъкидлади.

Маълумотларга кўра, Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги орқали 2017 йилда 922 нафар, 2018 йилнинг 5 ойи давомида эса 380 нафар фуқаро Россияда ишга ва 12,5 мингга яқин нафар фуқарога агентлик, унинг ҳудудий филиаллари ҳамда меҳнат органлари томонидан маслаҳат бериш, рўйхатга олиш ҳамда имтиёзли чипталар берилиши орқали Россияда меҳнат фаолиятини олиб боришига кўмаклашилган.

– Наманган вилоят Бандлик ва меҳнат муносабатлари бошқармаси тавсиясига кўра 2017 йилда Ташқи меҳнат миграцияси агентлигига мурожаат қилдим, – дейди Одина Бакирова. – Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги Битимга мувофиқ бизга Санкт-Петербург шаҳрида жойлашган “Грифон Пресонал” масъулияти чекланган жамияти томонидан иш таклиф қилинди. МЧЖ бош директори Татьяна Николаевна Хорламова бошчилигидаги мутахассислар барчамизни имтиҳондан ўтказди. Кўзда тутилган тўловларни тўладик. Тиббий текширувлардан ўтдик. Қисқа муддатли бўлса-да, ўқитишди.

“Грифон Пресонал” Бош директори Т.Н.Хорламова билан имзоланган шартномага кўра Бахриддинова Одинахон Паттаевна тикувчи вазифасига ишга олинган. У иш жойига, яъни Барнаул шаҳри, Кулагина кўчаси, 8-уйда жойлашган фабрикага 2017 йилнинг 1 август куни етиб бориши керак эди. Шартноманинг 5-бандида, тариф ставкасига мувофиқ, ишчига соатига 125 рубль ҳақ тўланиши шунингдек, ўрнатилган тартибда мукофот пуллари берилиши назарда тутилган. Қатъий ўн бир соатлик иш куни белгиланган ва ишчи ҳафтанинг шанба-якшанба кунлари дам олиш ҳуқуқига эга экани қайд этилган.

Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг “Фейсбук” ижтимоий тармоғидаги ишга жалб қилиш бўйича тарқатган эълонида талбгорлар темир йўл чипталарини имтиёзли нархларда сотиб олишлари мумкинлиги айтилган бўлса-да, Одина Бакирова Тошкент-Барнаул поездига чиптани 770 164 сўмга – тўлиқ нархда сотиб олиб, 2017 йилнинг 14 июль куни йўлга чиқади ва 17 июль куни иш жойига етиб боради.

– Кетишимиздан аввал бизга Россиядаги яшаш жойимизнинг видео тасвирларини кўрсатишди. Тўрт кишилик шинам хона, барча қулайликларга эга ҳаммом, ошхонани кўриб, очиғи қувониб кетдим, – дейди Одина опа. – 800-1000 доллар атрофида ойлик берамиз, кунига ўн бир соат ишлаб, шанба-якшанба кунлари дам оласизлар, иш жойингизга автобусда элтиб қўямиз, дейишди. Ҳеч бўлмаса 500 доллардан беришса ҳам бир ойда олган қарзимдан қутуламан, деб ўйладим. Аммо етиб борганимиздан кейин бизга ваъда қилинган нарсаларнинг барчаси ёлғон экани ойдинлашди.

Бизни ташландиқ бир болалар боғчасига жойлаштиришди. Очиғи, Нориндаям бунақа хароб жой бўлмаса керак. Эшик-деразаси йўқ, сувоқлари кўчиб кетган, томидан чакка ўтавериб шифтлари моғорлаган бинога 62 нафар киши кирдигу видеода кўрганларимиз сароб эканини тушундик. Айни ёзнинг чилласида кетган бўлсак-да, Барнаул анча салқин жой экан. Устига-устак кун ора ёмғир ёғади. Иш бошлагунимизча бир ой вақт ўтди. Яшаш жойимизни ўзимиз бир амаллаб эпақага келтирдик. Наманганда, Тошкентда, Барнаулда тиббий кўрикдан ўтган эдик. Ҳамма маълумотномаларда “Соғлом”деб хулоса беришган. Бироқ зах ерда ётавериб, иш бошланмасидан кўпчилик касал бўлиб қолди. 

Булар ҳали ҳолва экан, асосий қийинчиликлар кейин бошланди. Шартномада 11 соатлик – 7.00 дан – 20.00 гача иш вақти кўрсатилганига қарамай, кеч соат 23.00 гача ишладик. “Нормани бажара олмаяпсизлар”, деб шанба-якшанба кунлари ҳам дам беришмади. Соат 13.00 дан 14.00 гача тушлик. Ўзингиз ўйланг, одам 6 соат оч-наҳор ишаши мумкинми? 

КЎПЧИЛИКНИНГ БОШИДАГИ КЎРГУЛИК

Одина опа берган телефон рақамлари орқали у билан бирга ишлаган бошқа юртдошларимизни ҳам топиб, улар билан ҳам суҳбатлашдик.
Олтиной Каримова – Андижон вилояти, Андижон тумани, “Тўққизбоғ”МФЙ, Ҳакан қишлоғида истиқомат қилади. 1978 йилда туғилган. Оилали, икки нафар фарзанди бор: 

– Ташқи меҳнат миграцияси агентлигидан Жасур деган йигит, фамилияси эсимда йўқ, бизга бош бўлиб борган эди. Шароитни билди, тўғирлаймиз, деди, лекин ҳеч нарса ўзгармади. Унинг ўзини қайтиб кўрмадик ҳам. Ётоқ жойимиз билан фабрика ораси икки километрлик йўл. Ҳар куни яёв бориб-келамиз. Кечки 23.00 да ишхонадан чиқсак, етиб келгунимизча бир соат вақт ўтади. 62 кишига битта газ плитаси. Овқат қилишимиз керак. Уруш-жанжални тасаввур қилаверинг энди. Эрталаб 7.00 да етиб боришимиз учун яна вақтли туришимиз керак. Ярим кечаси, оч-наҳор келган бўлсак, яна ишга ўз вақтида етиб бориш учун барвақт туришимиз лозим бўлса, қачон дам оламиз? 

Иш бошлаганимизга бир ой бўлмасидан ўн кишини малакаларинг талабга жавоб бермайди, деб ишдан бўшатиб юборишди. Ваҳоланки, ҳаммамиз имтиҳондан ўтиб борган эдик.

Давлат буюртмаси асосида униформалар тикканмиз. Биз билан ишлайдиган маҳаллий аёллар икки кун ишлаб, икки кун дам оларди. Ортиқ тиксак тикдикки, улардан кам маҳсулот тикканимиз йўқ. Лекин корхона маъмурияти бизни нормани бажаролмасликда айблагани айблаган эди.

Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ва Одина Бакирова ўртасида тузилган “Ўзбекистон Республикаси фуқароларини чет давлатларда иш билан таъминлаш бўйича хизматлар кўрсатиш тўғрисида”ги шартноманинг “Россия Федарациясида меҳнат қилиш шартлари” бўлимининг 4.5-бандида “Фуқаронинг Россия федерациясида меҳнат қилиш давридаги иш вақти Россия федерациясининг меҳнат қонунлари билан белгиланган иш вақти давомийлигидан ортиқ бўлмаслиги лозим. Ҳафта давомидаги иш вақти иш берувчи ва фуқаро ўртасида тузилган меҳнат шартномаси асосида белгиланади”, деб кўрсатилган.

4.6-бандда эса “Фуқарони иш вақтининг нормал муддатидан ташқари ишларга жалб қилишга йўл қўйилмайди”, дейилади.

ҚАРЗ ОЛИБ КЕТГАН ЭДИМ, ҚАРЗ ОЛИБ ҚАЙТИБ КЕЛДИМ

Жўрақулов Сирож – Жиззах вилояти, Шароф Рашидов тумани, Ҳамид Олимжон МФЙ, Тоқичилик қишлоғида яшайди. 1995 йилда туғилган. Тумандаги иқтисодиёт касб-ҳунар коллежини битирган:

–Шартномада бизни шогирд (ученик) деб кўрсатишган. Уч ойлик синов даврида шароитга кўникишимиз, иш ўрганишимиз лозим эди. Биз шароитга кўникиш ўрнига ўзимиз учун шароит яратиш билан шуғулландик. Корхона дастлабки кундан бизга “мастер” талабини қўйди. Норма кундан-кунга оширилаверди. Биз билан борган ҳамюртларимиз орасида ёши катта аёллар ҳам бор эди. Айниқса, улар жуда қийналди. Чарчоқ, уйқусизлик, тўйиб овқатланмаслик ҳаммамизни ҳолдан тойдирди. Қирқ икки кун ишладик. Турли баҳоналар билан 7 минг рубл атрофида пул беришди, холос. Кўпчилик иш жойини ташлаб чиқиб кетди. Биз Ўзбекистонга қайтдик.

Қарз олиб кетган эдим, қарз олиб қайтиб келдим. Ота-онамнинг, қишлоқдошларимнинг олдида уятдан бошим ҳам.

Мансурова Адиба – Сирожнинг онаси, 2-гуруҳ ногирони: 

– Ўғлим давлат томонидан ишга юбориляпти-ку, деб хотиржам бўлибман. Ҳаётимиз яхши томонга ўзгаради, деб ишонибман. Шунинг учун иккиланмай 3 миллион сўм қарз кўтаргандик. У эса яна қарзга ботиб, зўрға қайтиб келди. Топганимиз қарз тўлашга кетяпти. Уларни ишга жўнатганлардан бирортаси нега қайтиб келдинг, у ёқда ҳолинг нима кечди, деб сўрамади.


P/S: Одина Бакирова: Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг www.migration.uz расмий сайтида Россия федерациясининг Ростов, Тула, Курск вилоятларидаги тикувчилик корхоналарига ишга жўнатиш бўйича эълон жойлаштирилган. Ўша – бизга ваъда қилинган 20 минг рублдан 40 минг рублгача иш ҳақи, 11 соатлик иш куни ва бошқа ижтимоий пакетлар ҳақидаги маълумотларни ўқиб, ишқилиб ваъдалари ёлғон бўлиб чиқмасин-да, аёл боши билан мусофирликни бўйнига олган опа-сингилларимнинг ҳақ-ҳуқуқлари паймол бўлмасинда, дея илтижо қиламан ҳар доим.

Воҳид ЛУҚМОН, ЎзА
26 807